Шаҳар ўз муаммосини ҳал қилолмаса, унда ҳоким ё кенгашнинг нима кераги бор? – Фаоллар пешлавҳалар масаласи ҳақида
Жамаотчилик фаоллари пойтахтдаги пешлавҳалар муаммоси давлат раҳбаригача олиб чиқилганини танқид қилиб, унинг қимматли вақтини бундай микромуаммолар билан олиш нотўғри эканлигига эътибор қаратди. Ҳокимларни сайлаш тизимига ўтиш вақти келгани ҳам таъкидланди.

2026 йил бошидан тадбиркорларнинг кескин эътирозларига сабаб бўлиб келаётган пешлавҳалар муаммосига ниҳоят нуқта қўйилди. Президент иштирокидаги йиғилишда маъқулланган таклифга кўра, эндиликда корхона номи ва фаолият турини билдирувчи белгилар реклама ҳисобланмайди ва улар учун махсус паспорт талаб қилинмайди.
Бизнес-омбудсманнинг маълум қилишича, 2025 йилда пешлавҳалар ва транспорт воситалари учун реклама жойининг паспортини олмаган 384 нафар юридик шахсга «Реклама тўғрисида»ги қонунга асосан жами 8,2 млрд сўм жарима қўлланилган.
Муаммо ўз ечимини топди, бироқ унинг ортидан жамоатчилик ҳақли саволни ўртага ташлади: Нега шаҳар даражасидаги «микромуаммо»ни ҳал этишга давлат раҳбарининг қимматли вақти сарфланиши керак?
VAQT.UZ журналист, иқтисодчи ва жамоатчилик фаолларининг фикрларини жамлади.
«Энг қиммат вақт — давлат раҳбариники»
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев Тошкент шаҳридаги пешлавҳалар ва реклама баннерлари билан боғлиқ «рейдлар» ҳамда ушбу муаммонинг президент даражасига олиб чиқилганига муносабат билдирди.
Журналистнинг фикрича, давлат раҳбари — бу стратегик масалаларни ҳал қиладиган шахс бўлиб, унинг вақти бутун халқнинг фаровонлигига хизмат қиладиган глобал вазифаларга йўналтирилиши лозим.
«Ҳар қанақа мамлакатда ҳам энг қиммат вақт — давлат раҳбариники, менимча. Унинг бу қимматли вақтини қайсидир — у ҳатто пойтахт бўлса ҳам — бир шаҳардаги пешлавҳа муаммоси билан ўғирламаслик керак. Агар ўша шаҳар маъмурияти шу пешлавҳа муаммоси сабаб одамларни қирмаётган бўлса, масалан».
Аъзамхўжаевга кўра, агар шаҳар ҳокими ва маҳаллий кенгаш тадбиркорлар билан мулоқот қила олмаса, уч ойдан бери давом этаётган «дод-вой»ларни эшитмаса, унда бундай бошқарув органларининг кераги борми?
Унинг ёзишича, бу каби «микромуаммолар»нинг президент даражасига чиқиши тизимнинг носозлигидан далолат беради:
«Тошкентдаги пешлавҳалар билан боғлиқ масалани президентгача олиб чиқишганини кўриб, очиғи, мен уялдим. Президент даражасидаги масала эмас-ку бу ахир? Шаҳар ўз даражасидаги муаммони ўзи, ўз ҳокими, ўз кенгаши билан мулоқот орқали ҳал қила олмаса, унда ҳокимнинг, кенгашнинг нима кераги бор? Агар шаҳар билан мулоқотга киришмаса, шаҳарнинг дардига ҳоким қолиб мамлакат президенти қулоқ тутса, унда ҳокиму кенгашини бўшатиб, шаҳар бошқарувини тўғридан-тўғри президентга ўтказиб қўя қолайлик?», – деб ёзмоқда журналист.
Шунингдек, журналист суд тизими ва парламент вакилларининг пассивлигини ҳам танқид қилди. Агар ҳақиқий мустақил судлар ва фаол депутатлар бўлганида, ойлардан бери давом этаётган тадбиркорларнинг ҳуқуқлари аллақачон шаҳар даражасида ҳимояланган бўлишини таъкидлади.
«Бу жафокаш шаҳарнинг мамлакат парламентида ҳам икки қават вакиллари бор, фақат уларнинг борлиги сезилмайди. Худди шу шаҳардаги судлар каби. Эҳ, ҳақиқий судлар бўлсами эди, пешлавҳадек микромасала билан президентнинг ҳам қимматли вақтини олишмасди», — дея ёзди Аъзамхўжаев.
Шунингдек, у энг оғриқли нуқта сифатида тадбиркорларнинг кўрган моддий зарарига эътибор қаратди. Президентнинг аралашуви билан «ёруғ кунлар» бошланган бўлса-да, ўтган вақт ичида «юлиб олинган» мулклар учун ким компенсация масаласини ўртага ташлади.
«Бугундан бошлаб, пешлавҳаларни кеча ўрмондан чиққан ёввойиларга ўхшаб юлиб олишлар ҳам тўхтаса керак. Лекин шу вақтгача юлиб олинганлари-чи, улар нима бўлади? Бу хатти-ҳаракатлар оқибатида тадбиркорларга етказилган зарар-чи, уларни ким, қачон, қандай қоплаб беради? Ё улар “бугундан бошланган ёруғ кунлар” учун берилган мажбурий қурбонлар сифатида баҳоланиб, хотирасига 15 сониялик сукут билан ҳурмат бажо келтирилади, холосми?», – дея савол билан юзланади.
«Муаммога қўлбола бўлса ҳам ечим беришди»
Жамоатчилик фаоли Бектош Хотамов Тошкентдаги пешлавҳалар билан боғлиқ вазият юзасидан фикр билдириб, тадбиркорларга етказилган зарар масаласига эътибор қаратди.
«Шунча буздирилган пешлавҳалар, зарарларни ким тўлайди? Шу ҳақда ҳам айтиб ўтишса яхши бўлар эди», — деди у.
Хотамовнинг фикрича, масаланинг фақат битта мансабдор аралашуви билан ҳал бўлиши тизимдаги муаммоларни ҳам кўрсатади.
«Аслида ҳаммаси битта одамнинг гапи билан бўлиши тизимдаги оқсоқликлардан дарак беради, лекин нима бўлганда ҳам муаммога қўлбола бўлса ҳам ечим беришди деб ўйлайман. Лекин зарарни компенсация қилиш масаласи ҳам ҳал бўлиши керак», — деди Бектош Хотамов.
Зарарни ким қоплаб беради?
Аввалроқ Қурилиш бошқармаси бошлиғи Ёдгорбек Икромов Тошкент шаҳрида ягона дизайн-код жорий этилиши доирасида ноқонуний ўрнатилган пешлавҳа ва рекламалар учун компенсация тўланмаслигини маълум қилган эди.
«Агар тадбиркорлар тарафдан ноқонуний қилиб, келишмасдан пешлавҳалари ёки рекламалар ёзилган бўлса, бу нарса учун компенсация тўланмайди. Олдиндан рухсат олиб қилинган нарсалар бўлса, бунга тўлаб берилади», – деб таъкидлади Ёдгорбек Икромов.
Шунингдек, 3 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахтнинг ягона дизайн-кодини жорий этиш тақдимоти бўйича ўтказилган матбуот анжуманида VAQT.UZ мухбирига Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Гулноза Қосимова тадбиркорлар компенсация учун туман ҳокимликларига мурожаат қилиши мумкинлигини айтганди.
«Яъни биз хатоликларни инкор қилмаймиз. Агар шу жараёнда жабр кўрган тадбиркорлар бўлса, туман ҳокимлигига компенсация учун мурожаат қилишлари мумкин», – деган эди у.
«Қўлбола ечимлар тизим ишламаётгани ҳақидаги ишончни кучайтиради»
Таълим эксперти Комил Жалилов айрим муаммоларнинг «қўл режими»да ҳал қилинаётгани узоқ муддатда давлатчилик ва бошқарув тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади.
Унинг фикрича, муаммоларнинг битта шахс аралашуви билан ҳал бўлиши ички ва ташқи аудиторияда «тизим эмас, фақат бир одам ишлаяпти» деган қарашни кучайтиради.
«Ички ва ташқи аудиторияда қонунлар, тизим ишламас экан, ҳамма нарса фақат битта одамга боғлиқ экан, деган ишонч тобора ортиб боради. Бундай ишонч билан ташқаридан инвестор жалб қилиш имконсиз», — деди у.
Жалиловга кўра, вақтинчалик ечимлардан кейинги эйфория тугагач, муаммолар учун жавобгарлик масаласи яна кун тартибига чиқади.
«“Подшоҳ яхши — атрофидагилар ёмон” нарративи бориб-бориб иш бермай қўяди. Ғалаба битта шахсники бўлган тизимда, истайсизми-йўқми, мағлубият ва муаммолар ҳам бир шахс билан боғланади», — дея ёзди эксперт.
Унинг таъкидлашича, энг мақбул ечим — «қўл режими»даги бошқарувдан тизимли ва қонун устувор ишлайдиган моделга ўтишдир.
«Энг яхши ечим — селекторлар ва тақдимотлар асосидаги бошқарувдан тизимли, қонунлар ишлайдиган, ҳар бир бўғин ўз ишини билиб қиладиган ва оқибатлари учун жавоб берадиган тизимга ўтиш», — деди Комил Жалилов.
«Ҳокимиятнинг ишини ким қилади?»
Шаҳарсоз Искандар Солиев эса маҳаллий ҳокимият масъулияти масаласини кўтарди. Солиевнинг фикрича, шошма-шошарлик билан қабул қилинган қарорлар ва ҳаракатлар учун жавобгарлик масаласи ҳам кўтарилиши керак.
«Битта пешлавҳаниям президентга олиб чиқишаверса, ҳокимиятнинг ишини ким қилади? Ёки уларни мана шу шошилиб қилган ишлари эвазига жазоям беришадими?! Масалан, ўрнига бошқа ҳоким сайлашми ҳеч бўлмаса», — деб X тармоғида ёзди у.
«Ҳокимлар сайланиши керак»
Иқтисодчи Отабек Бакиров бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун йирик шаҳар ҳокимлари сайланадиган тизимга ўтиш кераклигини таъкидлади.
«Шунинг учун ва ҳадеб шунақа хатолар юз бермаслиги учун ҳам ҳеч қурса, йирик шаҳарлар ҳокимлари сайланиши керак», — деди у.
Бакировнинг фикрича, муаммоларни ҳал қилиш учун доим «энг тепага» мурожаат қилинаётгани бошқа институтларнинг суст ишлаётганини кўрсатади.
«Қаторлашиб бораётган муаммоларни ечиш учун охирги чора ўлароқ энг тепага олиб чиқишга тўғри келаётгани — ҳокимлик, кенгаш ва вазирликлар каби институтларнинг фалаж ҳолатга келганидан далолат», — дея ёзди Отабек Бакиров.
У, шунингдек, бизнесга етказилган ҳар қандай зарар охир-оқибат истеъмолчиларга таъсир қилишини ҳам қайд этди.
«Раҳбарлар қарор қабул қилишдан қўрқади»
Жамоатчилик фаоли Лазиз Ҳамидов ҳам пешлавҳалар масаласининг президент даражасигача олиб чиқилганини танқид қилди.
«Тўғриси, пешлавҳалар масаласини президент даражасига олиб чиқишгани ҳайрон қолдирди. Ҳокимият даражасида икки томонни қониқтирадиган ечим топиш мумкин эди», — деди у.
Ҳамидовнинг таъкидлашича, кўплаб раҳбарларда мустақил қарор қабул қилиш кўникмаси етишмайди.
«Ўзи бизда соҳа раҳбарларида қарор қабул қилиш кўникмаси йўқ, қўрқади ҳаммаси. Бунақа вазиятларда баттар тепанинг реакциясини кутадиган бўлиб қолишади», — дея фикр билдирди Лазиз Ҳамидов.
Шундай қилиб, пешлавҳалар билан боғлиқ можаро фақат реклама ва дизайн-код масаласи бўлиб қолмади. У маҳаллий бошқарув самарадорлиги, давлат идораларининг масъулияти, тадбиркорлар билан мулоқот сифати ҳамда тизимнинг қанчалик мустақил ишлаётгани ҳақидаги баҳсларни ҳам юзага чиқарди. Жамоатчилик вакиллари ва экспертлар фикрича, муаммонинг президент даражасигача олиб чиқилгани қисқа муддатда ечим берган бўлиши мумкин, бироқ бу ҳолат бир вақтнинг ўзида маҳаллий институтларнинг заифлиги, «қўл бошқаруви»га ҳаддан ташқари таяниш ва қарорлар учун жавобгарлик масалаларини яна кун тартибига олиб чиқди.
Теглар






