Ўзбекистонда Фахрий мақоми жорий этилади
Янги қонун лойиҳасига кўра, Фахрий мақомига эга шахсларга тиббий, солиқ ва коммунал имтиёзлар тақдим этилади.
© vaqt.uzОлий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Фахрийлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди. Ҳужжатда фахрийларнинг ҳуқуқий мақоми, уларнинг тоифалари ва давлат органларининг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда.
Ушбу мақом кимларга берилади?
Лойиҳага кўра, муайян соҳа ёки касбда кўп йиллар давомида ҳалол ва намунали меҳнат қилган, давлат ва жамият томонидан эътироф этилган шахсларга фахрий мақоми берилади. Бу мақом уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бериладиган имтиёзлар
Ушбу мақомга эга бўлган фуқаролар бир қатор ҳуқуқларга эга бўладилар, жумладан:
Санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларида бепул даволаниш;
Уй-жой-коммунал хизматлар учун компенсация тўловларини олиш солиқ ва пенсия имтиёзлари;
Амбулатор даволанишда дори-дармонлар билан имтиёзли таъминлаш;
Маданий ва кўнгилочар муассасалар (спорт объектлари, театрлар, моддий маданий мерос объектлари), шунингдек музейларнинг пуллик хизматларидан имтиёзли фойдаланиш.
Қонун лойиҳасида ушбу имтиёз ва кафолатларни қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Бу эса фахрийларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.





