Блэкаут ва контрабанда: Эронда интернет учун янги яширин тизим шаклланмоқда

Bugun 11:555 daqiqa

Эрондаги узоқ давом этаётган интернет блэкаути янги яширин алоқа бозори ва хавфли рақамли қаршилик тизимини юзага келтирмоқда.

Блэкаут ва контрабанда: Эронда интернет учун янги яширин тизим шаклланмоқда © itc.ua

Эронга блэкаут шароитида интернетга киришни таъминлаш учун «Starlink» терминаллари махфий тарзда етказиб берилаяпти. Бу ҳақда манбаларига таяниб, BBC хабар берди.

«Агар ҳеч бўлмаганда яна битта одам интернетга уланиш имконига эга бўлса, мен буни муваффақият деб ҳисоблайман – бу шунга арзийди», – дейди BBC суҳбатдоши Саханд (исми ўзгартирилган).

У мамлакатга сунъий йўлдош интернети учун ускуналарни яширинча етказиб берадиган махфий тармоқ таркибига киради. Эронда бу қонунга хилоф ҳисобланади.

Эронда нега интернет ўчирилди?

Икки ойдан ортиқ вақтдан бери Эронда интернет йўқ – бу мамлакат тарихида ҳукумат томонидан амалга оширилган энг узоқ тармоқ ўчирилиши ҳисобланади. Ҳозирги блэкаут 28-феврал куни АҚШ ва Исроил Эронга илк зарбаларни берганидан сўнг бошланган. Ундан олдин интернет чекланган ҳолда фақат бир ойча ишлаган: январда ҳукумат норозилик намойишларини бостириш мақсадида тармоқни ўчирган эди.

Ҳукумат интернетни ўчиришни уруш даврида хавфсизлик чоралари билан изоҳлайди – бундай қадамлар жосуслик ва киберҳужумларнинг олдини олишга қаратилгани айтилмоқда.

Терминални олиб кириш ва бунинг жазоси

Саханднинг айтишича, у ва унинг ҳамфикрлари терминалларни сотиб олиб, уларни «жуда мураккаб схема» орқали чегаралардан контрабанда йўли билан олиб ўтади. У тафсилотларни очиқлашдан бош тортади.

Унинг сўзларига кўра, январ ойидан бери у Эронга ўнга яқин «Starlink» қурилмасини етказиб берган ва улар яна қўшимча юбориш йўлларини «фаол равишда изламоқда».

«Witness» ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилоти баҳосига кўра, январ ойида Эронда камида 50 мингта «Starlink» терминали бўлган. Фаоллар айтишича, шундан бери уларнинг сони яна ошган бўлиши мумкин.

Ўтган йили Эрон ҳукуматлари қонун қабул қилиб, «Starlink»дан фойдаланиш, уни сотиш ёки харид қилиш учун икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этган. 10 тадан ортиқ қурилмани тарқатиш ёки олиб кириш эса 10 йилгача қамоқ жазосига олиб келиши мумкин.

Давлатга яқин ОАВлар бир неча бор «Starlink» терминалларини сотиб олиш ёки сотиш билан боғлиқ ҳибслар ҳақида хабар берган. Жумладан, ўтган ойда «сунъий йўлдош интернети ускуналарини олиб кириш»да айбланиб тўрт киши (улардан иккитаси хорижлик) қўлга олинган. Айрим ҳолларда ушланганларга ноқонуний қурол сақлаш ва душманга маълумот узатиш айблари ҳам қўйилгани айтилган.

Шунга қарамай, Эронда терминалларга талаб ҳали ҳам юқори бўлиб қолмоқда. Бу, жумладан, форс тилидаги «NasNet» номли оммавий «Telegram» каналида ҳам кўзга ташланади. Канал билан боғлиқ бўлган, Эрон ташқарисидаги волонтёр BBCга айтишича, сўнгги икки ярим йил ичида ушбу платформа орқали тахминан 5 мингта «Starlink» терминали сотилган.

Январ ойидаги намойишлар вақтида, ҳатто интернет ўчирилган шароитда ҳам, мамлакат ташқарисига судсиз қатллар, ҳибслар ва зўравонлик ҳолатлари акс этган хабарлар ва видеолар тарқалди. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар фикрича, уларнинг катта қисми «Starlink» орқали ижтимоий тармоқларга кириш имконига эга бўлган фуқаролар томонидан жойланган.

Эронда интернетга кириш

Ҳозирги пайтда Эронда интернетга кириш ҳолати «кўп босқичли тизим» сифатида тавсифланмоқда.

Барча Эрон фуқаролари давлат томонидан назорат қилинадиган ички тармоққа кириш имконига эга. У орқали, масалан, банк хизматларидан фойдаланиш, такси чақириш, озиқ-овқат буюртма қилиш ҳамда давлат ОАВларини кўриш ва ўқиш мумкин.

Блэкаутлардан олдин эронликлар глобал интернетга ҳам чиқиш имконига эга эди. Бироқ кўплаб сайт ва сервислар, жумладан «Telegram», «YouTube» ва «WhatsApp» блокланган эди. Глобал интернетга кириш учун эса ҳукумат ички тармоққа нисбатан юқорироқ нархлар белгилаган.

Кўплаб эронликлар чекловларни VPN орқали четлаб ўтишган – бу хизматлар фойдаланувчиларни масофавий серверлар орқали улаб, уларнинг жойлашувини яширади. Бундай хизматлар ҳам пуллик ҳисобланади.

Ҳозирги блэкаут шароитида эса «оқ SIM-карталар» орқали интернетга чекланмаган кириш имконияти фақат айрим мансабдорлар ва жуда кам сонли танланган шахсларда бор. Улар қаторига давлат ОАВ журналистлари ҳам киради.

Тобора кўпроқ одамлар «Starlink»дан фойдаланмоқда

2022-йилда Илон Маск Эронда «Starlink» ишга туширилганини эълон қилган эди. Ўша пайтда мамлакатда интернетда узилишлар юзага келган, бу эса ҳибсга олинган талаба Махса Аминининг ўлими ортидан бошланган норозилик намойишлари билан боғлиқ эди. Шундан бери Эронда тобора кўпроқ одамлар, айниқса интернет ўчирилишлари пайтида, «Starlink»дан фойдаланмоқда.

Ҳозир эса ҳукумат «Starlink» терминалларини фаол равишда қидираётгани сабабли, Саханд ва унинг ҳамфикрлари сунъий йўлдош интернети билан бирга VPN’дан ҳам фойдаланишни тавсия қилмоқда – бу анонимликни сақлашга ёрдам беради. Бироқ иқтисодий инқироз шароитида кўпчилик бундай имкониятга эга эмас.

Саханднинг айтишича, у иштирок этаётган фаолият, жумладан терминалларни сотиб олиш, хорижда яшаётган эронликлар ва мамлакатга ёрдам беришни истаган бошқа шахслар томонидан молиялаштирилади. Унинг таъкидлашича, улар ҳеч қандай давлатдан маблағ олмайди.

Терминаллар хусусий шахсларга етказиб берилади ва Саханд ҳамда унинг ҳамфикрлари фикрича, улар бу қурилмалар орқали дунёга мамлакатда нима бўлаётгани ҳақида маълумот тарқатади.

Рақамли ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи ташкилот баҳосига кўра, Эронда «Starlink» терминалларига эгалик қилгани учун камида 100 нафар одам ҳибсга олинган. Саханднинг айтишича, у ҳам терминалдан фойдалангани ёки унга эгалик қилгани учун қўлга олинган одамларни билади, аммо улар қурилмани ундан олмаган.

Бизнесга зарар

Эрон ҳукумати интернетни ўчириш бизнесга жиддий зарар етказганини тан олган. Январ ойида вазирлардан бири ҳар бир блэкаут куни иқтисодиётга камида 50 триллион риал (тахминан 35 млн доллар) зарар келтиришини айтган.

Яқинда ҳукумат «Internet Pro» номли лойиҳани ишга туширди, у орқали айрим компанияларга глобал интернетга кириш имконияти берилади. Шундай компаниялардан бирида ишловчи ходимнинг айтишича, у айнан шу ташаббус туфайли интернетга кириш имконига эга бўлган.

Ҳукумат матбуот котиби Фотеме Моҳажеранининг айтишича, ушбу лойиҳанинг мақсади – «инқироз пайтида бизнес учун алоқа имкониятини таъминлаш». Унинг сўзларига кўра, ҳукумат «алоқа соҳасида адолатсизликка қарши» ва вазият меъёрга тушгач, интернет билан боғлиқ ҳолат ҳам ўзгаради.

«Алоқа воситаларини ўчириш – инсон ҳуқуқларининг очиқ бузилиши бўлиб, ҳеч қачон оқлаб бўлмайди», – дейди «Access Now»нинг ҳудудий сиёсат директори Марва Фатафта.

Унинг айтишича, интернет ўчирилишлари турли мамлакатларда «янги одатий ҳолат»га айланиб бормоқда. «Access Now» маълумотларига кўра, 2025-йилда 52 мамлакатда 313 та интернет блэкаути қайд этилган – бу 2016-йилдан бери энг юқори кўрсаткич. Ўтган йили эса блэкаутлардан энг кўп Мянма, Ҳиндистон, Покистон, Россия ва Эрон фуқаролари жабр чеккан.

Абдураҳмон Боруман номидаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази ижрочи директори Роя Боруман Эрондаги ахборот бўшлиғи «ҳукуматга ўз наративини тарқатиш имконини беради», дейди. Унинг айтишича, бу жараёнда намойишчилар зўравонлик тарафдори ёки хорижий агент сифатида кўрсатилади, қурбонлар ва ишончли манбалар эса сукутга маҳкум этилади.

Teglar

Mavzuga oid

Блэкаут ва контрабанда: Эронда интернет учун янги яширин тизим шаклланмоқда | Vaqt.uz