ССВда ислоҳотлар: вазирлик ҳузурида учта ташкилот тузилади
Шавкат Мирзиёевнинг фармонига кўра, жорий йил якунига қадар вазирлик ходимларининг малакаси эгаллаб турган лавозими бўйича баҳоланиб, уларнинг ишини давом эттириши ёки ишдан бўшатилиши масаласи ҳал қилинади.
© commons.m.wikimedia.orgСоғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида учта ташкилот ташкил этилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 6-май куни қабул қилинган «Соғлиқни сақлаш тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган.
Фармонга кўра, ССВ ҳузурида Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти негизида Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази, Клиник аудит инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Контент медиамаркази ташкил этилади.
Илмий-тадқиқот маркази соғлиқни сақлаш соҳасида давлат сиёсатининг самарадорлигини баҳолаш, аҳоли саломатлиги кўрсаткичларини таҳлил қилиш ва прогнозлаш, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳамда стратегик қарорлар қабул қилиш учун таҳлилий маълумотлар тайёрлаш билан шуғилланса, Клиник аудит инспекцияси юридик шахс мақомига эга бўлади ва тиббий хизматлар сифати, беморлар хавфсизлиги, клиник протокол ва стандартларга риоя этилишини баҳолаш, тиббиёт муассасалари фаолиятини таҳлил қилиш ҳамда клиник назорат тизимини жорий этиш учун масъул бўлади.
Контент медиамаркази эса юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси шаклида тузилади ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиликлар, тиббий хизматлар ва давлат сиёсатини жамоатчиликка холис ва тезкор етказиш, шунингдек, жамоатчилик фикр-мулоҳазаларини тизимли равишда йиғиш ҳамда таҳлил қилиш ва ахборот сиёсатини самарали ташкил қилиш билан шуғилланади. Контент медиамаркази фаолияти ҳудудий ва республика даражасидаги тиббиёт муассасалари томонидан пулли асосда кўрсатилган тиббий хизматлар учун тушумлар миқдорининг бир фоизи миқдорида қўшимча ажратиладиган ажратмалар, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, хўжалик фаолиятидан тушадиган тушумлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
ССВдаги бошқарув ходимларининг штат бирликлари
Фармонга кўра, соғлиқни сақлаш вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотларнинг давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг штат бирликлари сони қуйидагича белгилансин:
– Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати – 298 та (шу жумладан, 1 та вазирнинг биринчи ўринбосари ва 5 та вазир ўринбосари);
– Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси – 68 та;
– Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги – 42 та;
– Клиник аудит инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари – 128 та;
– Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази – 30 та;
– Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармалари жами – 602 та, туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари – 18 тадан.
Бунда соҳа учун қўшимча ажратиладиган штат бирликлари Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси тизимидаги ташкилотлардан 880 та штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан шакллантирилади.
Фармонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарув ходимларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилиши белгиланган. Бунда
– вазирликнинг марказий аппарати ходимларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг марказий аппарати ходимлари,
– Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармалари ходимларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармалари ходимлари,
– туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ходимларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ходимлари;
– Клиник аудит инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари;
– Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази ходимларига Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари ва иш ҳақи миқдорлари қўлланади.
«Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси тугатилди
Фармон билан «Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси давлат муассасасининг фаолияти тугатилди. Бунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур лойиҳа офисига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришга оид ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.
Вазирлик аҳоли мурожаатлари, шикоятлари, таклифлари ва эътирозларини қабул қилиш, уларни тезкор кўриб чиқиш ҳамда тегишли ташкилотларга йўналтиришни таъминлаш мақсадида «Call-марказ» ҳамда аҳоли ва тиббиёт ходимлари билан тизимли мулоқотни таъминлаш, тиббий хизматлар сифати, оммабоплиги ва мавжуд муаммолар юзасидан тезкор ахборот олиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида қайта алоқа тизими (Feedback)ни утсорсинг асосида йўлга қўйиши белгиланган.
Тиббиёт ассоциациялари ваколатлари
Тиббиёт ассоциацияларига эса 2026-йил 1-сентябрдан бошлаб қуйидаги ваколатлар берилади:
(а) тиббий ёрдам кўрсатишни стандартлаштириш ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларни муҳокама қилишда иштирок этиш ва қайта кўриб чиқиш;
(б) Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг таклифига кўра стационар тиббиёт ташкилотларининг тиббий хизмат кўрсатиш сифатини баҳолашда иштирок этиш;
(в) тиббиёт ходимларининг малакасини баҳолаш, сертификатлаш ҳамда қайта тайёрлаш жараёнларида мустақил профессионал эксперт сифатида иштирок этиш;
(г) тиббий хизматлар сифати бўйича мустақил аудит ўтказиш, жамоатчилик ва беморлар қониқиш даражасини ўрганишни ташкил этиш;
(д) соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича таклифларни киритиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш.
ССВ ходимларининг малакасини баҳолаш
Ҳужжатда белгиланишича, 2026-йил якунига қадар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг малакасини эгаллаб турган лавозими бўйича баҳоланади.
Баҳолаш натижаларига кўра ҳамда меҳнат қонунчилиги талабларига мувофиқ ходимларнинг лавозимга мувофиқлигини таъминлаш, шу жумладан, уларни лавозимда қолдириш, ротация қилиш, қайта тайёрлаш ёки меҳнат шартномаларини белгиланган тартибда бекор қилиш чоралари кўрилади.





