
Шавкат Мирзиёев Россияга амалий ташриф билан борди
Япония сафари якунлангач, давлат раҳбари Санкт-Петербургга йўл олди. У ерда кўп томонлама саммитларда иштирок этади.

Япониядаги расмий тадбирлар якунланганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Евроосиё маконидаги муҳим мулоқотларда иштирок этиш учун Россия Федерациясига амалий ташриф билан жўнаб кетди. Давлат раҳбари Санкт-Петербург шаҳрига келди.
«Пулково» халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов ва қатор расмий шахслар кутиб олди. Ташриф расмий протоколга мувофиқ ташкил этилди ва делегация шаҳар марказига йўл олди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон етакчиси 21–22 декабрь кунлари Евроосиё Олий иқтисодий кенгашининг навбатдаги мажлисида кузатувчи мақомида иштирок этади. Шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарларининг норасмий учрашуви ҳам режалаштирилган.
Саммит кун тартибидан мазкур кўп томонлама бирлашмалар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид долзарб масалалар ўрин олган. Иқтисодий алоқалар, савдо-логистика, саноат кооперацияси ва транспорт йўналишларида ҳамкорликни чуқурлаштириш каби мавзулар муҳокама марказида бўлиши кутилмоқда.
Анъанага кўра, учрашувларда биргаликда амалга оширилган ишлар натижалари сарҳисоб қилинади ҳамда келгуси йилга мўлжалланган амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашилади.





