Шўртангаздаги талон-торож, солиқ имтиёзлари ва ижара муаммоси
Иқтисодчи Отабек Бакиров билан иқтисодий таҳлилий кўрсатувнинг навбатдаги сонида кичик бизнес учун янги солиқ имтиёзлари, Шўртан газ атрофидаги коррупция можароси, ижара нархлари ўсиши ва Mobiuz хусусийлаштирилиши муҳокама қилинди.
«Аввал иқтисод» дастурининг навбатдаги сонида мамлакат иқтисодиётидаги энг долзарб мавзулар муҳокама марказида бўлади. Кичик бизнес учун жорий этилаётган янги солиқ имтиёзлари, Шўртан газ-кимё мажмуаси атрофидаги коррупция можароси, нархлар ва тарифлар ўсиши, Тошкентда ижара бозорининг қимматлашаётгани ҳамда Mobiuz компаниясининг хусусийлаштирилиши шулар жумласидандир.
Сўнгги кунларда тадбиркорлар учун энг муҳим янгиликлардан бири солиқ тизимидаги енгилликлар бўлди. Хусусан, қўшилган қиймат солиғи тизимига ўтиш учун белгиланган йиллик айланма чегараси 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмгача оширилмоқда. Шунингдек, савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун айланмадан 6 фоизлик соддалаштирилган ҚҚС режими таклиф этилмоқда. Бу қарорлар кичик бизнес зиммасидаги ҳисобот ва маъмурий юкни камайтириши кутилмоқда.
Бироқ иқтисодчилар фикрича, муаммо фақат айланма лимитларида эмас. ҚҚС гувоҳномаларининг бекор қилиниши, камерал назорат, солиқни қайтариш жараёнидаги мураккабликлар ва бошқа маъмурий механизмлар тадбиркорларнинг ушбу солиқ турига муносабатини салбийлаштирган. Шу боис эксперт дифференциал ставкаларни жорий этиш ва бизнес учун қулайроқ тизим яратиш зарурлигини таъкидламоқда.
Ҳафта давомида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган яна бир воқеа — Шўртан газ-кимё мажмуасини кенгайтириш лойиҳаси доирасидаги эҳтимолий талон-торож ҳолатлари бўлди. Тергов маълумотларига кўра, айрим мансабдорлар ва компаниялар иштирокида катта миқдордаги маблағлар ноқонуний ўзлаштирилган бўлиши мумкин. Бу ҳолат давлат инвестициялари ва стратегик лойиҳалар устидан назорат самарадорлиги ҳақида жиддий саволларни кун тартибига олиб чиқди.
Шу билан бирга, аҳолини энг кўп ташвишга солаётган мавзулардан бири — нархлар ўсишидир. Электр энергияси тарифларининг ошиши ортидан ёқилғи, транспорт ва турли хизматлар қиймати ҳам юқориламоқда. Бу эса камбағаллик чегараси, минимал истеъмол харажатлари ҳамда пенсия ва нафақаларни индексация қилиш масаласини янада долзарблаштирмоқда.
Тошкентда ижара бозоридаги вазият ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Сўнгги бир йилда ижара нархлари уй-жой қийматидан тезроқ ўсмоқда. Бу эса пойтахтда айнан яшаш жойига бўлган талаб кучайиб бораётганини кўрсатади. Айниқса, талабалар учун турар жой муаммоси долзарблигича қолмоқда. Давлат янги ётоқхоналар қуриш ҳақида ҳисобот бераётган бир вақтда, мавжуд ётоқхона биноларининг хусусийлаштирилиши бўйича қарорлар ҳам жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлмоқда.
Яна бир муҳим иқтисодий воқеа — Mobiuz компаниясининг 351 миллион долларга хусусийлаштирилиши бўлди. Бу мамлакат тарихидаги энг йирик хусусийлаштириш битимларидан бири сифатида баҳоланмоқда. Бироқ бу жараён муваффақияти компания қанчага сотилгани билан эмас, балки янги инвестор келгусида қандай сармоя киритиши, хизматлар сифатини қай даражада ошириши ва компаниянинг бозордаги рақобатбардошлигини кучайтира олиши билан баҳоланади.
Теглар






