СИ инқилобининг осиёлик меъморлари: Чип ва дата-марказлар ортидаги миллиардерлар

Глобал миллиардерлар рўйхатининг тезкорлик билан янгиланиши сунъий интеллект технологияларининг иқтисодий таъсири нақадар юқори эканини кўрсатмоқда.

СИ инқилобининг осиёлик меъморлари: Чип ва дата-марказлар ортидаги миллиардерлар © Forbes

Сунъий интеллект фонд бозорларида рекорд даражадаги ўсишни таъминлаб, улкан бойлик яратмоқда. Натижада, жорий йилда дунёдаги 3428 нафар миллиардернинг умумий бойлиги 20,1 триллион долларга етди.

Гарчи «Google»нинг бош компанияси бўлмиш «Alphabet» ва «Nvidia» каби технологик гигантларнинг раҳбарлари сунъий интеллект инқилобининг юзи сифатида гавдаланса-да, бундай улкан даромадлар ортида илдизи Осиёга бориб тақалувчи таъминот занжири ётибди. Бу эса, ўз навбатида, Хитойдан тортиб Жанубий Кореягача бўлган минтақадаги йирик сармоядорларнинг бойлигини янада оширмоқда.

Яримўтказгичлар ишлаб чиқариш маркази Ғарбдан узоқлашишда давом этаётган бир пайтда, дунёда фойдаланиладиган чипларнинг 70 фоиздан ортиғи айнан Осиёда ишлаб чиқарилмоқда. Бу ҳақда «J.P. Morgan Asset Management» компаниясининг ноябр ойидаги тадқиқот ҳисоботида қайд этилган.

Сунъий интеллектни ўқитишга мўлжалланган чипларга бўлган юқори талаб «Taiwan Semiconductor Manufacturing Co.» (TSMC) компаниясининг 94 ёшли асосчиси Моррис Чангнинг бойлигини бир йил ичида 4,1 миллиард доллардан 8,4 миллиард долларгача ошириб юборди. Шунингдек, бу ҳолат Жанубий Кореянинг босма платалар ишлаб чиқарувчи «ISU Petasys» компанияси акциялари нархини ҳам кўтарди. Натижада унинг бош компанияси «ISU Group»нинг 65 ёшли раиси Ким Санг-Бом сунъий интеллект тўлқини ортидан 1,8 миллиард доллар ишлаб топиб, миллиардерлар клубининг янги аъзосига айланди.

Осиё дата-марказлар соҳасида ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. «Moody's» рейтинг ва тадқиқот компанияси маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб минтақа бўйлаб мазкур йўналишга 800 миллиард доллар сармоя киритилади. Бу эса глобал қувватнинг 40 фоизини ташкил этади. Феврал ойида «Reliance Industries» компанияси раиси, 99,7 миллиард долларлик бойлиги билан Осиёнинг энг бадавлат инсони ҳисобланган Мукеш Амбани келгуси етти йил ичида бутун Ҳиндистон бўйлаб сунъий интеллект инфратузилмасини барпо этиш учун 110 миллиард доллар ажратишини эълон қилди. Худди шу ойда 63,8 миллиард долларлик сармоя эгаси, «Adani Group» раиси Гаутам Адани ҳам 2035 йилгача мамлакат бўйлаб маълумотлар марказларини қуриш учун 100 миллиард доллар сармоя киритишини маълум қилди.

АҚШ билан узоқ йиллик технологик рақобат олиб бораётган Хитойнинг сунъий интеллект технологиялари нафақат бутун дунёда, ҳатто Америка заминида ҳам кенг оммалашмоқда.

Турли сунъий интеллект моделларидан фойдаланиш имконини берувчи «OpenRouter» платформаси маълумотларига кўра, ўтган йилнинг бошида «DeepSeek» ўзининг арзон маҳсулоти билан дунёни лол қолдирди. Бунинг ортидан Хитойда ишлаб чиқилган очиқ кодли моделлар (яъни, дастурчиларга ўзига хос мақсадлар учун асосий кодларни ўзгартириш имконини берувчи тизимлар) 2025 йилнинг айрим ҳафталарида глобал миқёсда фойдаланилган моделларнинг қарийб учдан бир қисмини ташкил этди. Ваҳоланки, 2024 йил охирида бу кўрсаткич арзимас даражада эди. «OpenRouter» таҳлиллари шуни кўрсатадики, март ойига келиб Хитой моделларидан фойдаланиш АҚШ кўрсаткичларидан ҳам ошиб кетди.

Сан-Францискода жойлашган сунъий интеллект кодлаш воситасини ишлаб чиқувчи «Cursor» компанияси март ойида ижтимоий тармоқларда ўзларининг сўнгги маҳсулоти Хитойнинг «Moonshot» компаниясига тегишли «Kimi K2.5» модели асосида яратилганини тан олди. (Дарвоқе, «Cursor» ҳаммуассиси, 26 ёшли покистонлик Суалех Осиф Осиё-Тинч океани минтақасидаги энг ёш сунъий интеллект миллиардери ҳисобланади).

Бутун дунёда оммалашиб кетган «OpenClaw» сунъий интеллект хизмати ҳам электрон хатлар ёзиш ва тақдимот слайдларини тайёрлаш каби вазифаларни бажаришда «MiniMax Group» ва «Zhipu» каби Хитой моделларига таянади. «MiniMax»нинг 37 ёшли асосчиси Ян Жунжие ва «Zhipu»нинг 50 ёшли раиси Лю Дебин жорий йилда дунё миллиардерлари рўйхатига кирган янги юзлардир. Уларнинг бойлиги мос равишда 7,2 миллиард ва 9,1 миллиард долларни ташкил этади.

Қуйида сунъий интеллект соҳасида улкан қадамлар ташлаётган беш нафар осиёлик миллиардер билан танишамиз:

1. Ма Хуатенг (Хитой)

  • Бойлиги: 53,8 миллиард доллар

«Tencent» компанияси раиси Ма Хуатенг жорий йилда ўйинлар ва ижтимоий тармоқлар гигантининг сунъий интеллектга йўналтирадиган сармояларини камида икки баробарга ошириб, 5,2 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. У моделларни ўқитиш, иқтидорли мутахассисларни ишга ёллаш ва маркетинг тарғиботини жадаллаштиришга урғу бермоқда. Шунингдек, март ойида «OpenClaw»дан илҳомланган ҳолда «Tencent» компанияси «WeChat» учун махсус сунъий интеллект агентини ишлаб чиқаётганини тасдиқлади. Ушбу агент мессенжернинг ички мини-дастурларига уланиб, унинг 1,4 миллиарддан ортиқ фойдаланувчиси учун харид қилиш ва чипталарни бронлаш каби вазифаларни бажара олади.

2. Барри Лам (Тайван)

  • Бойлиги: 14,2 миллиард доллар

«Quanta Computer» компаниясининг сунъий интеллект серверларига бўлган талаб ортиши ортидан, сўнгги 12 ой ичида унинг акциялари нархи 40 фоизга кўтарилди. АҚШнинг йирик технологик гигантлари глобал маълумотлар марказларини кенгайтираётган бир пайтда, «Quanta» ўз серверларини «Meta» ва «Alphabet» каби йирик мижозларга етказиб бермоқда. Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги ускуналарни ижарага олиш мақсадида, апрел ойида компания Калифорниянинг Фримонт шаҳридаги заводига 154 миллион доллар сармоя киритишини эълон қилди. «Quanta» ҳаммуассиси Си Си Люнг ҳам 3,3 миллиард доллар бойлиги билан миллиардерлар қаторидан жой олган.

3. Ян Жунжие (Хитой)

  • Бойлиги: 7,2 миллиард доллар

Сунъий интеллект агентларининг оммалашиши ортидан, «OpenAI»нинг рақобатчиси бўлган Хитойнинг «MiniMax Group» (СИ моделларини ишлаб чиқувчи компания) акциялари январ ойида Гонконг биржасидаги дастлабки оммавий таклифидан (IPO) буён қарийб беш баробарга қимматлади. Фақат матнли жавобларни яратадиган чатботлардан фарқли ўлароқ, мустақил агентлар бизнес таклифларни тайёрлаш каби мураккаб вазифаларни бажаришда сунъий интеллект моделларига тез-тез мурожаат қилиши керак. Бу эса «MiniMax» каби компаниялар дастурчилар ва фойдаланувчилардан кўпроқ ҳақ олиши мумкинлигини англатади. «Jefferies» таҳлилчиси Томас Чонг март ойидаги ҳисоботида «MiniMax» компанияси «янгиланиш тезлиги юқори бўлган мультимодал моделлари билан ҳам ажралиб туришини» алоҳида таъкидлаган.

4. Лин Цун-Чи (Тайван)

  • Бойлиги: 5,1 миллиард доллар

Сунъий интеллект бўйича кескин ўсиш 1986 йилда Лин Цун-Чи томонидан мебел тортмаларининг релсларини ишлаб чиқарувчи корхона сифатида ташкил этилган «King Slide Works»га янги ҳаёт бағишламоқда. Ҳозирги кунда ушбу маҳсулотлардан бутун дунёдаги маълумотлар марказларида сервер жавонларига ускуналарни ўрнатиш учун фойдаланилмоқда. Лин «King Slide»га асос солишдан аввал дурадгор бўлиб ишлаган ва ҳозирда бошқарув вазифаларини ўз оиласига топширган. Унинг қизи Лин Шу-Чен ва куёви Ван Чун Чианг компанияда мос равишда президент ва ижрочи вице-президент лавозимларида фаолият юритади. Ўтган йили компания АҚШ бозорини таъминлаш мақсадида Хюстонда янги заводини ишга туширди.

5. Ким Санг-Бом (Жанубий Корея)

  • Бойлиги: 1,8 миллиард доллар

Жанубий Кореянинг «ISU Group» компанияси раиси ўтган йилнинг охирида дунё миллиардерлари қаторига қўшилди. Бунга шўъба корхона бўлмиш «ISU Petasys» томонидан ишлаб чиқариладиган сунъий интеллектга алоқадор деталларга бўлган талабнинг кескин ошиши сабаб бўлди. Ушбу бўлинма маълумотлар марказларида ўта зарур бўлган, сунъий интеллект чиплари учун юқори интенсивликдаги маълумотларни узатишга мўлжалланган илғор турдаги босма платаларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Унинг Жанубий Кореяда тўртта ва Хитойда битта заводи мавжуд. «ISU Group» Кимнинг марҳум отаси Жун-Сонг томонидан ташкил этилган бўлиб, у 1967 йилда Жанубий Кореянинг биринчи минтақавий банки — «Daegu Bank»га асос солган эди. Компания 2000 йилда Корея фонд биржаси рўйхатига киритилган.

Теглар

Мавзуга оид