Ўзбекистонликлар Ҳонконгга визасиз саёҳат имконига эга бўлади

Ўзбекистон ва Ҳонконг ўзаро визасиз режим бўйича ҳукуматлараро битим тузиш ниятини тасдиқловчи вербал ноталар алмашди.

Ўзбекистонликлар Ҳонконгга визасиз саёҳат имконига эга бўлади © TIV matbuot xizmati

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 3 июн куни Тошкентда Ҳонконг махсус маъмурий ҳудуди Администрацияси раҳбари Жон Ли Каччиу билан учрашув ўтказди.

Музокаралар давомида инвестициялар, молия, рақамлаштириш, сунъий интеллект, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.

Учрашувнинг асосий натижаларидан бири сифатида ўзаро визасиз режимни жорий этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолаш ниятини тасдиқловчи вербал ноталар алмашилди. Бахтиёр Саидов бу ташаббус икки ҳудуд фуқаролари учун қўшимча қулайликлар яратишини ва ўзаро алмашинувларни фаоллаштиришини таъкидлади.

Визасиз саёҳат имкони

Жон Ли Каччиу ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида томонлар ҳар икки ҳудуд фуқароларига 30 кунгача визасиз бўлиш имконини берувчи тартибни жорий этиш масаласини муҳокама қилганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Ҳонконг ҳукуматлари келишувни имкони борича тезроқ амалга ошириш учун амалий чораларни жадаллаштиради. Бу ташаббус туризм, таълим ва ишбилармонлик алоқаларининг ўсишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Айни пайтда Ҳонконг махсус маъмурий ҳудуди паспорти эгалари Ўзбекистонга 10 кунгача визасиз ташриф буюриши мумкин. Ўзбекистоннинг дипломатик ва хизмат паспортлари эгалари эса Ҳонконгга 14 кунгача визасиз кириш ҳуқуқига эга.

Ҳамкорлик учун янги босқич

Ҳозирча Ўзбекистоннинг оддий паспорт эгалари Ҳонконгга сафар қилиш учун виза олиши шарт. Янги келишув кучга кирса, бу талаб бекор қилиниши мумкин.

Жон Ли Каччиунинг таъкидлашича, визасиз тартиб маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш ва узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилади.

Маълумот учун, 2025 йил 1 июндан Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҳам 30 кунлик визасиз режим амал қилмоқда. Бироқ мазкур тартиб Ҳонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудларига сафарлар учун татбиқ этилмайди.

Teglar

Mavzuga oid