Ўзбекистонда 50 йил ичида кузатилмаган ҳодиса юз берди — «Ўзгидромет»
Об-ҳаво хизмати жорий йилнинг май ойи бўйича якуний метеорологик ҳисоботни эълон қилди.
© RBC2026 йил май ойи Ўзбекистонда нисбатан илиқ ва серёғин об-ҳаво билан ўтди.
«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, ой давомида мамлакатнинг аксарият ҳудудларида ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 1–2 даража юқори бўлди. Кўпчилик кунларда максимал ҳарорат 27–32 даража атрофида кузатилган бўлса, айрим кунларда 39 даражагача, жанубий ва чўл ҳудудларида эса 40–42 даражагача кўтарилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2026 йил май ойи ҳарорат тартиби бўйича ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлди. У 2025 йил майига нисбатан анча юмшоқ кечиб, Ўзбекистондаги метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ май ойи сифатида қайд этилди.
50 йиллик рекордлар янгиланди
Май ойининг асосий хусусияти ёғингарчилик миқдорининг кескин ошгани бўлди. Агар 2025 йил майи экстремал қуруқ кечган бўлса, бу йил мамлакатнинг катта қисмида ёғингарчилик меъёрдан юқори бўлди.
Айрим ҳудудларда бир кеча-кундузда ёққан ёмғир миқдори ойлик меъёрнинг 100–150 фоизига етди.
Нукусда бир кеча-кундузда 40 миллиметр ёғин ёғиб, ойлик меъёрнинг 348 фоизини ташкил қилди.
Ангрен, Ғузор ва Нукус метеостанцияларида эса май ойи учун бир кеча-кундузлик максимал ёғингарчилик бўйича тарихий рекордлар янгиланди.
Сел ва сув тошқинлари
Кучли жалалар натижасида Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона ва Наманган вилоятларида бир неча марта сел ва сув тошқинлари содир бўлди.
Республиканинг айрим ҳудудларида май ойида бундай кучли ёмғирлар 50 йил ичида биринчи марта кузатилган.
Шу билан бирга, мамлакатнинг шимолий, чўл ва айрим водий ҳудудларида ёғингарчилик ойлик меъёрга етмаган.





