Ўн бир йиллик тақиқ: дронлар хавфми ёки қўлдан бой берилаётган имконият?
Дунё дронлардан иқтисодиёт, логистика ва ҳатто урушларда фойдаланаётган бир пайтда, Ўзбекистон ҳануз улардан қандай фойдаланиш кераклиги ҳақида қарор қабул қилиш арафасида турибди. VAQT.UZ дронларга оид чеклов хронологияси, сўнгги ўзгаришлар ва хориж тажрибасини таҳлил қилди.

2015-йилда Ўзбекистон дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланишни амалда тақиқлаганида бу қарор кўпчиликка мантиқий туюлганди. Ўша пайтда учувчисиз учиш аппаратлари кенг тарқалмаган, уларнинг хавфсизликка таъсири ва назорати бўйича механизмлар эса деярли мавжуд эмас эди.
Орадан 11 йил ўтди. Бу давр ичида дунё ўзгарди, технологиялар ўзгарди, дронларнинг иқтисодиётдаги ўрни ҳам бутунлай бошқача мазмун касб этди.
Бугун дронлар кўплаб давлатларда оддий видеотасвир воситаси эмас, балки қишлоқ хўжалиги, логистика, энергетика, қурилиш ва экологик мониторингнинг ажралмас қисмига айланган. Ўзбекистон эса узоқ вақт давомида уларга нисбатан энг қатъий чекловларни сақлаб қолган давлатлардан бири бўлиб келди.
Бироқ 2026-йил февраль ойида қабул қилинган ПФ-22-сон фармон билан тақиқлар енгиллашди. Ҳужжатга кўра, юридик шахсларга дронларни импорт қилиш, ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишга рухсат берилиши режалаштирилмоқда. Энди саволни бошқача қўйиш лозим: дронлар ҳануз хавфсизлик муаммосими ёки иқтисодий имкониятми?
Нега иқтисодиётга дронлар керак?
Прогрессив ислоҳотлар маркази ҳисоб-китобларига кўра, дронлар энг аввало Ўзбекистон иқтисодиётининг учта стратегик йўналишида — қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги ва энергетикада катта самара бериши мумкин.
Масалан, қишлоқ хўжалигида 100 дан ортиқ агродронлардан фойдаланилмоқда ва яқин йилларда уларнинг қамровини 300 минг гектаргача етказиш режалаштирилган. Дронлар ёрдамида ўғитлаш, дорилаш ва мониторинг ишлари тезлашади, сув ҳамда кимёвий воситалар сарфи камаяди.
Сув хўжалигида эса масала янада долзарб. Мутахассислар 2050-йилга бориб Ўзбекистонда йиллик сув танқислиги 11–13 куб километрга етиши мумкинлигини прогноз қилмоқда. Дронлар каналлар, насос станциялари, гидротехник иншоотлар ва шўрланиш жараёнларини доимий кузатиб бориш имконини беради.
Энергетика соҳасида ҳам уларга эҳтиёж ортмоқда. Мамлакат 2026-йил охиригача 6,7 ГВт янги энергетика қувватларини ишга туширишни режалаштирган. Бунга қўшимча равишда 1 450 километрдан ортиқ электр тармоқлари қурилмоқда. Бундай инфратузилмани назорат қилиш учун дронлар инсон меҳнатига қараганда тезроқ ва арзонроқ восита ҳисобланади.
Тақиқ хронологияси
Аслида Ўзбекистонда дронлар масаласида вазият кескин ўзгариб кетгани йўқ. Аксинча, сўнгги ўн йил ичида давлатнинг бу технологияга муносабати босқичма-босқич юмшаб бормоқда.
2015-йилдан дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланиш тўлиқ тақиқланганди.
Орадан уч йил ўтиб, 2018-йил май ойидан бошлаб хорижий ижодий гуруҳлар томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида фото ва видео материаллар тайёрлаш учун учувчисиз учиш аппаратларини, жумладан, дронларни вақтинча олиб киришга рухсат берилган.
2019-йилдан эса учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки ишлатиш учун Жиноят кодексининг 244−4-моддаси (мажбурий декларация билан транзит ўтказиш бундан мустасно) бўйича жиноий жавобгарлик белгиланган. Натижада Ўзбекистон дунёдаги энг қатъий дрон сиёсатларидан бирига эга давлатлардан бири бўлиб қолди.
2020-йили мазкур тақиқни кўриб чиқиш учун петиция эълон қилинди, аммо ташаббус олдинга силжимади. Шунга қарамай, айрим юридик шахсларга махсус рухсатнома асосида дронлардан фойдаланиш имконияти берилди. Бу ҳуқуқдан, асосан, қишлоқ хўжалиги корхоналари фойдалана бошлади.
2022-йилнинг ноябрида ҳукуматнинг мамлакатда учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарори тасдиқланди. Мазкур ҳужжат билан учувчисиз учиш аппаратлари учун рухсат олиш тартиби белгилаб берилди.
2023-йил бошида президент Ўзбекистонда дронларни йиғишни ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Июн ойида дронлар учун рухсатномаларнинг амал қилиш муддатини текшириш хизмати ишга тушди. Июл ойида эса фуқаро ва экспериментал авиациясининг парвоз қилиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Транспорт вазири буйруғи имзоланди.
2024-йилда эса мамлакатда учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишда биринчи марта айбланаётган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик эмас, балки маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Унга кўра, дронларни ва уларнинг бутловчи ҳамда эҳтиёт қисмларини ноқонуний олиб кириш ёки улардан фойдаланиш билан боғлиқ ҳаракатлар БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача (3,4 млн сўмдан 6,8 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Қурилмалар эса мусодара қилиниши белгиланган.
2025-йилда эса Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари билан бўлиб ўтган мулоқотда 2026 йилда мамлакатга Хитойдан яна 50 дан ортиқ замонавий агродрон олиб келинишини маълум қилди. Бундан олдин эса мамлакатга 100 дан зиёд дрон етказиб берилган эди.
2025-йил сентябр ойида Фарғона вилоятидаги IT шаҳарчага уюштирилган пресс-тур давомида Ёшлар ишлари агентлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорликда дронлар оммалаштириш мақсадида махсус ассоциация ташкил этиш ишларини бошлаганини маълум қилган эди.
«Ҳозирги этапда биз мана шу соҳада мазкур лойиҳаларни ишлаб чиқаётган ёшларга синов жараёнларини ўтказиши учун рухсат олиб беришга ҳаракат қиляпмиз. Ва ҳозирги кунда Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда шу соҳани янада ривожлантириш, ёшлар ўртасида кенг оммалаштириш, кўпроқ қизиқтириш мақсадида ҳозир шу дронлар билан ишлайдиган, лойиҳаларни қўллаб-қувватлайдиган ассоциацияни ташкил қилиш устида иш олиб бориляпти.
Мен ўйлайманки, босқичма-босқич ассоциация ҳузурида алоҳида тест полигонлари ва майдончалар бўлади, ёшларимиз ўз ишланмаларини учириб, синовдан ўтказиши ва фойдаланиши мумкин бўлади», — деган эди Дилноза Каттахонова.
Ниҳоят, 2026-йилда юридик шахсларга, яъни корхоналарга дронларни импорт қилиш, ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишга расман рухсат берилди. Шу йили июндан эса фуқаро авиациясида дронлардан фойдаланишни либераллаштириш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Аммо тақиқ ҳали ҳам тўлиқ бекор қилингани йўқ.
Чекловлар билан боғлиқ ҳолатлар
Дронларга оид сиёсат аста-секин юмшаб борган бўлса-да, бу давр давомида амалдаги чекловлар кўплаб баҳсли ҳолатларга ҳам сабаб бўлди. Айрим ҳолларда сайёҳлар ва видеографлар дрон олиб киргани ёки ундан фойдалангани учун жавобгарликка тортилган бўлса, бошқа ҳолатларда тадбиркорлар иқтисодий фаолият учун зарур бўлган ускуналарни мамлакатга олиб киришда муаммоларга дуч келди.
Масалан, 2020-йил май ойида Андижонда дрон ёрдамида видеотасвирга олмоқчи бўлган оператор уч йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Собиқ депутат Расул Кушербаев ушбу воқеани «йил жинояти» деб атаб, дронлар билан боғлиқ нормаларни жиноят қонунчилигидан чиқариш кераклигини таъкидлаган эди.
2022-йилда эса дронлар сабаб хорижлик сайёҳлар билан боғлиқ бир неча шов-шувли ҳолатлар кузатилди. Февраль ойида россиялик блогер Максим Лимар Бухородан Новосибирскка учиб кетаётганида юкидан квадрокоптер топилгани сабабли қўлга олинди. Орадан бир неча ой ўтиб, россиялик сайёҳ Полина Ермакова ҳам дрон олиб киргани учун Тошкентда ушланган. Кейинчалик суд уни оқлаган бўлса-да, қурилма мусодара қилинган.
Tадбиркорлар билан учрашувида андижонлик тадбиркор Хитойдан олиб келган 28 та дрон ярим йил давомида божхона омборида қолиб кетганини маълум қилган эди. Унинг айтишича, ушбу қурилмалар 4 минг гектар ерга ишлов бериш учун мўлжалланган бўлса-да, керакли рухсатларни олишнинг иложи бўлмаган.
Ўша пайтда бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев мамлакатда дронлардан фойдаланиш бўйича тўлиқ тизим ҳали ишлаб чиқилмаганини тан олган.
«Дронларни учириш бўйича тизим ҳали ишлаб чиқилмаган. Уларни республикага олиб киришга ҳаммага ҳам рухсат берилмаган. Барча олиб учираверса, эртага хавфсизлик билан боғлиқ масалалар келиб чиқади», деганди ҳукумат расмийси.
Жамоатчилик нима дейди?
Дронлар масаласи нафақат давлат идоралари, балки жамоатчилик ва экспертлар орасида ҳам баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда. Бир томон дронларни иқтисодиёт ва технологиялар ривожи учун муҳим восита деб ҳисобласа, бошқалар хавфсизлик билан боғлиқ хатарларни биринчи ўринга қўяди.
«MyTaxi» ва Ekspress24 асосчиси Акмал Пайзиев фикрича, дронлар яқин келажакда логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳаларнинг ажралмас қисмига айланади. Унинг таъкидлашича, дронларни тақиқлаш ўрнига улардан фойдаланиш учун махсус ҳудудлар ва аниқ қоидалар яратиш керак.
«Эртага машиналар, логистика, қишлоқ хўжалиги ва яна кўплаб соҳалар дронлар асосида қурилади. Бир вақтлар Google Maps ишлатиш ҳам қонунга зид эди, GPS қурилмаларидан фойдаланиш учун эса лицензия керак бўларди. Кейинчалик бунинг беъманилик эканини тушундик. Дронларни тақиқлаш ҳам шунга ўхшаш ҳолат», деган у.
Иқтисодчи Валийжон Тўрақулов ҳам Ўзбекистон бу масалада кечикаётганини қайд этади. Унинг айтишича, дунёда дронлар қишлоқ хўжалигида аллақачон оддий иш қуролига айланган.
«Масалан, дрон бир соат ичида 48 гектар майдонга дори сепиши мумкин. Худди шу иш қўл меҳнати билан бажарилганда бир соатда атиги 2 гектарга ишлов берилади. Фарқ жуда катта», дейди иқтисодчи.
Тўрақуловнинг фикрича, муаммо фақат дронлардан фойдаланишда эмас. Ўзбекистон дрон технологияларини ривожлантириш билан бирга, уларга қарши ҳимоя тизимларини яратиш борасида ҳам ортда қолмоқда. Чунки бугун дронлар нафақат иқтисодиёт, балки хавфсизлик ва мудофаа масалаларининг ҳам бир қисмига айланган.
Иқтисодчи Ботир Қобилов ҳам замонавий технологияларни чеклаш эмас, аксинча уларни тезроқ ўзлаштириш тарафдори. Унинг таъкидлашича, дронлар ва Starlink каби технологиялар бўйича ортиқча чекловлар мамлакатнинг рақамли ривожланишини секинлаштириши мумкин.
«Календарда 2026 йил. Замонавий технологияларни ўзлаштиришга тезроқ ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Географик чекловлар, IMEI билан боғлиқ муаммолар ва бошқа тўсиқлар билан овора бўлиб, замондан ортда қолиб кетмаслигимиз керак», деб ёзган иқтисодчи.
Иқтисодчи Бегзод Ҳошимов эса масалага миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан қарайди. Унинг фикрича, замонавий урушларда дронлар тобора муҳим аҳамият касб этаётган бир пайтда, бу технологияни фуқаролик даражасида ривожлантирмасликнинг ўзи хавф туғдириши мумкин.
«Ҳозирги урушлар, жумладан, дрон урушлари. Ўзбекистонда ҳатто расм олиш учун мўлжалланган дронлардан фуқаровий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги, менимча, миллий хавфсизлигимиз учун катта муаммо», дейди иқтисодчи.
Ҳошимов бунга тарихдан ҳам мисол келтиради. Унинг айтишича, ўрта асрларда хитойликлар порохни биринчи бўлиб ихтиро қилган, аммо уни қўллашни чеклаган. Кейинчалик бошқа давлатлар ушбу технологияни кенгроқ ўзлаштириб, устунликка эришган.
Унинг фикрича, дронлар билан боғлиқ вазият ҳам шунга ўхшаш. Гап кимдир мамлакатни босиб олиши ҳақида эмас, балки технологияни ўзлаштириш ҳақида кетмоқда. Қанча кўп одам ва компания дронлардан фойдаланса, мамлакатда бу соҳа бўйича билим, тажриба ва мутахассислар ҳам шунча кўпайади.
Умуман олганда, экспертлар фикрида бир умумий нуқта бор: баҳс дронларнинг ўзи ҳақида эмас. Асосий масала — улардан қандай фойдаланиш, қандай назорат қилиш ва хавфсизлик ҳамда ривожланиш ўртасида қандай мувозанат топиш ҳақидадир. Бугунги муҳокамалар ҳам айнан шу савол атрофида давом этмоқда.
Хориж тажрибаси: қўшнилар бу масалани қандай ҳал қилган?
Ўзбекистон дронлардан фойдаланишни эндигина либераллаштиришга киришаётган бир пайтда, айрим қўшни давлатлар бу йўналишда аллақачон амалий қадамлар ташлаб бўлган.
Масалан, Қозоғистон сўнгги йилларда нафақат дронлардан фойдаланишни кенгайтирмоқда, балки уларни ишлаб чиқаришга ҳам катта сармоя киритмоқда. 2025-йилда мамлакатда Yesil Technology компанияси томонидан дрон ишлаб чиқариш маркази ишга туширилди. Шунингдек, Polyking компанияси қиймати 200 миллион долларлик дрон саноат парки қурилишини эълон қилди.
Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам дронлардан фойдаланишга рухсат берилган. Айниқса, тоғли ҳудудларда инфратузилма, музликлар ва сув ресурсларини мониторинг қилиш бўйича халқаро лойиҳаларда дронлардан фойдаланилмоқда. Бу давлатлар учун музликлар ҳолатини кузатиш сув хавфсизлиги масаласининг муҳим қисми ҳисобланади.
Туркманистонда эса дронлар соҳаси ҳақидаги очиқ маълумотлар жуда кам.
Дунёнинг ривожланган давлатлари эса бу технологияни аллақачон иқтисодиётнинг оддий қисмига айлантириб бўлган. АҚШ, Европа ва Хитойда дронлардан қишлоқ хўжалиги, логистика, энергетика, қурилиш ва инфратузилма назоратида кенг фойдаланилади. Бу мамлакатларда асосий эътибор дронларни тақиқлашга эмас, балки уларни рўйхатдан ўтказиш, лицензиялаш ва хавфсиз бошқариш тизимларини яратишга қаратилган.
Прогрессив ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, дрон хизматларига талаб юқори бўлган ва ишлайдиган қоидаларни биринчи бўлиб яратган давлат Марказий Осиёда ушбу соҳанинг етакчисига айланиши мумкин. Тадқиқотда қайд этилишича, Ўзбекистонда бунинг учун қулай имконият мавжуд ва яқин икки йил ушбу имкониятдан фойдаланиш учун ҳал қилувчи давр бўлиши мумкин.
Ўзбекистон қандай танлов олдида турибди?
Ўн бир йил олдин дронларга қўйилган тақиқ хавфсизлик нуқтайи назаридан мантиқий қарор бўлиши мумкин эди. Аммо бугун дунё бутунлай ўзгарди. Украинадаги уруш дронлар замонавий жанг майдонининг энг муҳим воситаларидан бирига айланганини кўрсатиб берди. Бир неча минг долларлик дронлар миллионлаб долларлик техникаларни йўқ қилаётган, разведка ва логистика вазифаларини бажараётган бир пайтда, бу технологияга шунчаки ҳаваскор гаджет сифатида қараш қийин.
Муаммо шундаки, Ўзбекистонда дронлардан фойдаланиш узоқ йиллар давомида кескин чеклангани сабаб бу соҳада мутахассислар, муҳандислар ва операторлар сони ҳам чекланганлигича қолмоқда. Технологияни ривожлантириш учун эса аввало ундан фойдаланадиган одамлар, уни яратадиган компаниялар ва уни бошқарадиган тизим керак.
Албатта, ҳеч ким дронларни назоратсиз учириш тарафдори эмас. Гап тақиқни бутунлай бекор қилиш ҳақида эмас, балки ишлайдиган қоидаларни яратиш ҳақида кетмоқда. Чунки бугунги дунёда дронлар хавфсизликка таҳдид бўлиши ҳам, иқтисодий ўсиш манбаига айланиши ҳам мумкин.
Асосий баҳс энди дронларнинг ўзи ҳақида эмас. Баҳс — Ўзбекистон бу технологияни қанчалик тез ўзлаштира олиши ҳақида. Чунки дунё аллақачон кейинги босқичга ўтиб бўлган, биз эса ҳануз ундан қандай фойдаланиш кераклиги ҳақида қарор қабул қилиш арафасида турибмиз.
Teglar






