Logo

351 млн долларга сотилган MobiUz, Тошкентдаги кичик «блекаут» ва автобуслардаги янги тўлов тартиби — 4 июн дайжести

Kecha 22:404 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

351 млн долларга сотилган MobiUz, Тошкентдаги кичик «блекаут» ва автобуслардаги янги тўлов тартиби — 4 июн дайжести

Ўзбекистонликлар Ҳонконгга визасиз саёҳат имконига эга бўлади

Ўзбекистон ва Ҳонконг ўзаро визасиз режимни жорий этиш бўйича ҳукуматлараро битимни тасдиқловчи вербал ноталар алмашди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Ҳонконг махсус маъмурий ҳудуди раҳбари Жон Ли Каччиу Тошкентда учрашувда инвестициялар, молия, рақамлаштириш, сунъий интеллект, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш имкониятларини кўриб чиқди.

Янги тартибга кўра, ҳар икки ҳудуд фуқаролари 30 кунгача визасиз сафар қилиши мумкин. Ҳонконг паспорти эгалари Ўзбекистонга 10 кунгача, Ўзбекистон дипломатик ва хизмат паспортлари эгалари Ҳонконгга 14 кунгача визасиз кириш ҳуқуқига эга. Бу ташаббус туризм, таълим ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилиши, маданий алоқалар ва узоқ муддатли шерикликни мустаҳкамлашга ёрдам бериши кутилмоқда.

Исломий банклар фаолияти учун янги талаблар белгиланмоқда

Ўзбекистон Марказий банки исломий банк фаолиятини тартибга солувчи қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди. Ҳужжат алоҳида лицензияни жорий этиш, исломий молия кенгаши ташкил этиш, махсус бўлинма ва ички аудит тизимини шакллантириш каби талабларни ўз ичига олади. Биринчи марта «исломий банк фаолияти» тушунчасига аниқ таъриф берилиб, у банк қонунчилиги ва халқаро исломий молия стандартларига мувофиқ амалга ошириладиган хизматларни қамраб олади.

Лицензия олиш учун банклар уч йиллик бизнес-режа, кенгаш аъзолари маълумоти ва алоҳида ҳисоб юритиш имкониятини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши керак. Исломий молия кенгашининг камида уч аъзоси олий маълумотли бўлиши, 2027 йилдан бошлаб ААОИФИ сертификатига эга бўлиши шарт. Қарор барча ҳужжатлар қабул қилинганидан сўнг икки ой ичида чиқарилади ва лицензия учун давлат божи банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,1 фоизи миқдорида белгиланади.

MobiUz 351 млн долларга сотилди

Давлат активлари агентлиги MobiUz мобил операторининг 100 фоиз давлат улушини сотиш бўйича халқаро очиқ савдо жараёни якунланганини маълум қилди. Ғолиб таклиф АҚШнинг McKim and Company компанияси бошчилигидаги консорциум томонидан берилди ва компания 351 млн долларга баҳоланди. Инвесторлар телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун қўшимча 500 млн долларгача сармоя киритишни режалаштирмоқда.

Хусусийлаштириш жараёнида Rothschild & Co, KPMG ва Deloitte халқаро консультант сифатида иштирок этди. Жараёнга АҚШ, Япония, Форс кўрфази давлатлари, Европа ва Кавказортидан 15 дан ортиқ инвестор жалб қилинди, улардан 6 таси якуний мажбурий таклиф берди. Битим кучга кириши учун эндиликда тегишли регуляторлар рухсатлари ва зарур корпоратив-ҳуқуқий тартиб-таомиллар бажарилиши лозим.

Кичик блекаут: пойтахтнинг 5 та туманида чироқ ўчди

Бугун соат 12:41 да Қибрай туманидаги Тошкент иссиқлик электр станцияси трансформаторидаги носозлик юзасидан Юнусобод, Мирзо-Улугбек, Шайхонтохур, Яшнобод ва Олмазор туманларида электр таъминоти узилди. Узилиш Юнусобод йўналишидаги метро линиясига ҳам таъсир кўрсатди. Соат 13:01 да носозлик бартараф этилди ва истеъмолчиларнинг электр таъминоти босқичма-босқич тикланмоқда, дейилади Энергетика вазирлиги маълумотида.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ҳисоб-китобича, пойтахт иқтисодиёти ҳар соатда 42 млрд сўм қиймат яратади, шу боис бир соатлик электр узилиши камида 3,5 млн долларлик иқтисодий йўқотишга тенг бўлади. Амалда зарар миқдори камроқ бўлиши мумкин, чунки баъзи корхона ва ташкилотлар захира генераторлари орқали фаолиятни давом эттириши мумкин, бироқ ишлаб чиқариш ва хизматлардаги кечикишлар йўқотишни оширади.

Энди пул ўтказмаларини телефон рақами орқали ҳам амалга ошириш мумкин бўлади

Марказий банк жисмоний шахслар ўртасида Тезкор тўловлар тизими орқали пул ўтказмаларини мобил телефон рақами ёрдамида амалга ошириш тартибини муҳокамага қўйди. Лойиҳага кўра, фуқаролар ўз депозит ҳисобини маҳаллий мобил оператор рақамига боғлайди ва бир рақамга фақат битта ҳисоб бириктирилади. Хизматдан фойдаланиш учун аризалар банкларнинг мобил иловалари орқали юборилади, маълумотлар эса Банк депозиторларининг миллий ахборот базасида сақланади.

Пул ўтказмалари мобил иловалар ёки банк бўлимлари орқали амалга оширилади. Жўнатувчи қабул қилувчининг телефон рақами ёки махсус кодини киритгач, тизим унинг исми ва банки ҳақида маълумот кўрсатади, комиссия миқдорини ҳам олдиндан маълум қилади. Бу нотўғри ўтказмалар хавфини камайтиришга хизмат қилади. Лойиҳа бўйича таклиф ва мулоҳазалар 13 июнгача қабул қилинади.

Тошкентда автобусларга фақат чиқиш вақтида тўлов қилинади

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкентда автобусларда йўловчилар йўл ҳақини фақат чиқиш вақтида электрон тарзда тасдиқлаши шарт бўлади. Бу транспорт картаси, банк картаси, смартфон ёки бошқа контаксиз тўлов воситалари орқали амалга оширилади, ижтимоий ёки транспорт картаси эгалари ҳам валидатор орқали имтиёзли ёки бепул юриш ҳуқуқини тасдиқлаши лозим.

Шаҳар транспорти модернизация қилиниб, «Евро-5» ва ундан юқори экологик стандартга эга янги автобуслар, электробус ва троллейбуслар импорт қилиниши учун имтиёзлар берилади. Янги тартиб брутто-шартнома асосида фаолият юритувчи йўналишларда тушумларни тўлиқ ҳисобга олишни таъминлайди ва интеграциялашган ягона тўлов тизими жорий этилади.

Teglar

Mavzuga oid