add

Сиднейда теракт: фуқаро ўқ узаётган ҳужумчини қуролсизлантирди

Кеча 17:292981 дақиқа

Сиднейда Ҳанука байрами пайтида содир этилган теракт вақтида тасодифий фуқаро қуролли ҳужумчига ташланиб, унинг милтиқни тортиб олди.


Австралиянинг Сидней шаҳрида Ҳанука байрами нишонланаётган вақтда қуролли ҳужум содир этилди. Икки нафар ҳужумчи тинч аҳолига ўт очган. Ҳодиса жамоат жойида, соҳил ҳудудида бўлиб ўтгани сабабли кўплаб одамлар жабрланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, теракт оқибатида камида 10 нафар инсон ҳалок бўлган, яна 60 га яқин фуқаро турли даражада жароҳат олган. Қурбонлар орасида болалар ҳамда хизмат вазифасини бажараётган полиция ходими борлиги хабар қилинмоқда.

Ҳодиса вақтида жиноятчилардан бири одамларга қарата милтиқни тўғрилаб турган пайтда, тасодифан ўша ерда бўлган бир фуқаро ҳеч қандай ҳимоя воситасисиз унга ташланган. У қисқа вақт ичида ҳужумчининг қўлидан қуролни тортиб олган ва шу орқали янада кўпроқ қурбонлар бўлишининг олдини олган.

Гувоҳларнинг айтишича, қуролсиз қолган ҳужумчи воқеа жойидан қочишга уринган. Иккинчи ҳужумчи эса тартибни сақлаш кучлари томонидан йўқ қилинган. Расмий идоралар ҳозирча ҳужумчиларнинг шахси ва уларнинг ҳаракатлари ортида ким тургани ҳақида аниқ маълумот бермаган.

Воқеадан сўнг ҳудуд тўлиқ ўраб олинган, жабрланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатилган ва хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Австралия ҳукуматининг тегишли идоралари ушбу ҳодисани теракт сифатида тергов қилмоқда. Расмийлар жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

Теглар

Мавзуга оид

Сиднейда теракт: фуқаро ўқ узаётган ҳужумчини қуролсизлантирди | Vaqt.uz