
«Сизни ёнимда, окопда кўришни хоҳлардим»: Буш ва Путин ўртасидаги яна саккизта суҳбат махфийликдан чиқарилди
АҚШ ва Россия ўртасидаги 2001 йилги мулоқотда кичик Жорж Буш Владимир Путинга Россиянинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан олиб бораётган мулоқотлари Афғонистон масаласи учун «ўрнини босиб бўлмас» эканини айтган.

Жорж Вашингтон университети ҳузуридаги Миллий хавфсизлик архиви Владимир Путин ва кичик Жорж Буш ўртасида 2001 йилдан 2003 йилгача бўлиб ўтган яна саккизта суҳбат мазмунини эълон қилди. Ўша йилларда ҳар икки президент ҳам ҳамкорлик йўлларини фаол излаган. Америка-Россия муносабатларидаги НАТОнинг кенгайиши, АҚШнинг ракетага қарши мудофаа шартномасидан чиқиш истаги ва Жексон-Веник тузатиши каби муаммоларга қарамасдан, Путин ва Буш терроризмга қарши кураш ҳамда ядровий қуролларни тарқатмаслик соҳаларида яқин ҳамкорликни йўлга қўя олган. Суҳбатлар ҳатто мураккаб мавзулар ҳақида бўлганда ҳам, уларнинг оҳанги доимий равишда дўстона бўлиб қолган — ҳужжатлар Буш ва Путин ўзларининг биринчи президентлик муддатлари давомида илиқ шахсий муносабатлар ўрнатишга муваффақ бўлганини аниқ тасдиқлайди.
2001 йил 6 июл
Икки давлат раҳбари ўртасидаги илк суҳбат 2001 йил 6 июл санасига тўғри келади; у Буш ва Путин иштирокида Словенияда ўтказилган саммитдан уч ҳафта ўтиб амалга ошган. Путин Бушни туғилган куни ҳамда АҚШда нишонланган Мустақиллик куни билан табриклаган. Буш ўз навбатида, туғилган куни билан табриклаган биринчи давлат раҳбари бўлган Путиндан қўнғироқ қабул қилиш у учун «шараф» эканини айтади ва Россия президентига уни шунчаки «Жорж» деб чақиришни таклиф қилади. АҚШ президенти, шунингдек, суҳбатдан икки кун аввал Иркутск яқинида содир бўлган, 145 кишининг умрига зомин бўлган Ту-154 самолёти ҳалокати муносабати билан ҳамдардлик билдиради.
Суҳбат давомида Буш Ироқ мавзусига тўхталади: АҚШ президенти бу борада силжиш йўқлигидан нолийди ва агар Москва билан Вашингтон ҳамкорлик қилса, «Ироқ халқига фойда келтирадиган», лекин шу билан бирга Москванинг тижорий манфаатларига зарар етказмайдиган «ақлли санкциявий ечим» топишга умид билдиради. Мулоқот якунида Буш Путинга: «Инглиз тилингиз тобора яхшиланиб боряпти», дея илтифот кўрсатади.
2001 йил 12 сентабр
Ушбу суҳбат Ню-Йоркдаги Бутунжаҳон савдо марказига қилинган ҳужумнинг эртасига бўлиб ўтган. Тахминан беш дақиқа давом этган мулоқот аввалида, Буш Путинга ҳужумдан сўнг унга биринчи бўлиб қўнғироқ қилган хорижий етакчи бўлгани учун миннатдорлик билдиради. Президентлар бир-бирларини исмлари билан — Владимир ва Жорж деб чақиради.
Путин: Айтганча, мен эртага тушда Россияда сиз билан бирдамлик белгиси сифатида бир дақиқалик сукут сақлаш ҳақидаги фармонни имзоладим. Барча байроқлар туширилади, кўнгилочар тадбирлар эса бекор қилинади.
Буш: Раҳмат, дўстим.
Путин: Бундай террорчилик ҳаракатларидан сўнг биз тўғри хулосалар чиқаришимиз, ҳамкорликни бошлашимиз ва яқинроқ бўлишимиз кераклиги ҳақидаги фикрингизга тўла қўшиламан. Мен бутунлай ва ҳар томонлама сиз билан биргаман.
2001 йил 21 октабр Ушбу суҳбат Шанхайдаги Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Осиё-Тинч океани форуми саммити доирасида бўлиб ўтган. Асосий мавзу — Буш томонидан бироз аввал эълон қилинган терроризмга қарши глобал урушда Америка-Россия ҳамкорлиги бўлган. Путин мулоқот бошида Бушнинг ҳис-туйғуларини ундан кўра яхшироқ тушунадиган одам йўқлигини айтади: 1999 йилда Россияда ҳам турар жой бинолари портлатилган эди. Путин Россия разведкасига «Толибон» ҳақидаги ҳар қандай маълумотни америкаликлар билан баҳам кўриш ҳақида кўрсатма берганини таъкидлайди ва шу билан бирга, АҚШ томонидан бундай очиқлик кузатилмаётганидан нолийди. Буш бу масалани ўрганиб чиқишга ваъда беради. Суҳбат якунида Путин АҚШ Давлат департаменти вакиллари чечен қаршилик кучлари билан учрашувлар ўтказганини тилга олади. У чеченларни «бин Ладиннинг шогирдлари» деб атайди.
Буш: Сизнингча, ҳар бир чечен террорчими?
Путин: Йўқ, лекин барча жангарилар — ҳа. Уларнинг ҳаммаси бин Ладиннинг шогирдлари. Бин Ладин уларни тайёрлаган. Расмларга қарасангиз, бунга амин бўласиз. Улар ҳатто ташқи кўринишидан ҳам унга ўхшашади.
Путин Чеченистонни «400 йиллик тарихга эга муаммо» сифатида тавсифлайди. У минтақа доимо мустақилликка интилиб келгани ва буни «ҳурмат қилиш кераклиги»ни қайд этади, бироқ ҳозирги шароитда бунинг имкони йўқлигини айтади.
2001 йил 8 ноябр Ушбу суҳбат Путиннинг Бушнинг Техасдаги ранчосига ташрифи арафасида бўлиб ўтган. Мулоқот давомида президентлар саммитда муҳокама қилиниши режалаштирилган асосий масалалар — терроризмга қарши кураш, Жексон-Веник тузатиши ҳамда РҚМ (ракетага қарши мудофаа) шартномасига тўхталиб ўтган. АҚШ 1972 йилда СССР билан имзоланган келишув замонавий воқеликка жавоб бермайди деб ҳисоблаб, шартномадан чиқишни истарди (якунда Буш ушбу суҳбатдан бир ой ўтгач шундай қилди ҳам).
Буш Путинга иккита вариантни таклиф қилади: ё АҚШ келишув шартларини бузган ҳолда РҚМ тизимларини эркин синовдан ўтказади (бунда у Россия билан маълумот алмашишга ваъда беради), ёки агар Москва бунга рози бўлмаса, АҚШ президентида шартномадан чиқишдан ўзга «танлов қолмайди». Аммо бундай бўлган тақдирда ҳам, Буш Путинни «ноқулай аҳволга» қўймасликка ваъда беради. Россия президенти бу ҳақда ўйлаб кўришини маълум қилади ва Москва билан Вашингтон барча масалалар бўйича ечим топишига ишонч билдиради.
Буш: Владимир, Техасга келаётганингизда ўзингиз билан қулай ва кундалик кийимлар олишни унутманг. Ҳаммаси жуда норасмий бўлади. Шунингдек, ранчода узоқ сайр қилишимиз учун пиёда юришга ва машғулотларга мос пойабзал ҳам олиб олинг.
2001 йил 13 ноябр Эълон қилинган суҳбатларнинг бешинчиси Оқ уйнинг одатда АҚШ ҳукумати мажлислари ўтказиладиган Кабинет залида (Cabinet Room) бўлиб ўтган. Ўн бешга яқин Россия ва Америка мулозимлари иштирок этган учрашувни очиқ деб эълон қилар экан, Буш «АҚШ ва Россия президентлари Кабинет залида бирга турган биринчи ҳолат» эканига эътибор қаратади. Учрашув аввалида Буш Россиянинг НАТО ҳамкори сифатида «махсус роль»га эга бўлиши АҚШ ва бутун дунё манфаатларига хизмат қилишини айтади. Шунингдек, у Вашингтон ядро қуроли синовларини қайта тикламаслигига ваъда беради.
Буш: Мен жамоаларимизга Россия билан янги муносабатлар ўрнатишга, янги иттифоқ тузишга содиқ эканимизни билдирмоқчиман. Биз дўстлигимиз ҳақида гапиряпмиз. Халқларимиз дўст бўлиб кетиши учун кўпроқ вақт керак бўлиши мумкин, бу дарҳол содир бўлмайди, лекин мен буни кўришимга ишонаман.
Суҳбатнинг асосий қисми ушбу мулоқотдан бир ой олдин АҚШ уруш бошлаган Афғонистон мавзусига бағишланган. Путин Америкага ушбу мамлакатни тозалашда ёрдам беришга тайёрлигини билдиради, Буш эса, ўз навбатида, Россия президентининг бу масалада Тожикистон ва Ўзбекистон билан олиб бораётган мулоқотини «ўрнини босиб бўлмас» деб атайди. Шу билан бирга, ҳар икки президент ўхшаш риторикадан фойдаланади. «Шимолдами, жанубдами, шарқдами ёки ғарбда — биз уларни топамиз. Тириклайин ёки ўлик ҳолда», — дея таъкидлайди Буш.
Путин: Сиз тўғри йўлдасиз. Мен сиз билан биргаман.
Буш: Сиз мени хавотирга соладиган сўнгги одамсиз. Мен бошқа баъзи иттифоқчиларимиздан хавотирдаман [...]. Биринчидан, нима содир бўлганини, АҚШга ҳужум қилишганини ва бу нима англатишини яхши биласиз. Иккинчидан, Москвада ўзингиз ҳам ҳужумларга учрадингиз, бинолар портлатилганини, бегуноҳ аёллар ва болалар ўлдирилганини кўрдингиз. Сиздан кўнглим тўқ. Сиз шундай одамсизки, мен сизни ёнимда, окопда кўришни хоҳлардим.
2002 йил 2 апрел Ушбу суҳбат АҚШ ва Россия жанговар навбатчиликдаги ядровий каллаклар сонини чеклашни назарда тутувчи Стратегик ҳужумкор салоҳиятларни қисқартириш тўғрисидаги шартнома имзоланишидан бир ярим ой олдин бўлиб ўтди. Келишувни 24 май куни Москвада имзолаш режалаштирилган эди, шундан сўнг Буш Европага йўл олиб, кейин АҚШга қайтиши керак эди. Суҳбат давомида Путин Бушдан Европада яна бир кун кўпроқ қолишни ва Римда тўхтаб, Россия — НАТО кенгашини тузиш ҳақидаги ҳужжатларни имзолашни сўрайди.
Россия — НАТО кенгаши Москва ва Шимолий Атлантика альянси ўртасида ҳарбий-сиёсий мувофиқлаштириш майдончаси сифатида ўйланган эди. Ўша пайтда бундай тенг ҳуқуқли ҳамкорлик совуқ урушга узил-кесил нуқта қўяди, деб тахмин қилинган. Буш Путинга бу ҳақда ўйлаб кўришга ваъда беради (якунда у Римга келади ва ҳужжатлар имзоланган).
Путин Бушнинг эътиборини Россия — НАТО кенгашини алянснинг ноябр ойида Прагада ўтадиган саммитигача тузиш муҳимлигига қаратади. Ушбу саммитда собиқ Шарқий блокнинг бир неча давлатлари, жумладан, Болтиқбўйи мамлакатларининг НАТОга кириши эълон қилиниши режалаштирилган эди. Шуниси эътиборлики, Путин ўшанда НАТОнинг кенгайишига нисбатан ҳеч қандай салбий баҳо бермайди ва бу жараённи аслида фақат ички сиёсий муаммо сифатида тақдим этади. «Агар буни [Россия — НАТО кенгашини тузишни] Прага саммитигача амалга оширсак, яхши бўларди. Бу мамлакатимиз ичидаги таранглик ва босим даражасини пасайтирган бўлар эди», — дейди у Бушга.
2002 йил 27 июн Бу суҳбат Канадада ўтган «Катта саккизлик» (G8) саммити давомида, АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Кондолиза Райс ва Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Владимир Рушайло иштирокида бўлиб ўтган. Мулоқотда, хусусан, Грузиянинг Панкиси дараси ҳудудида яшириниб юрган террорчиларга қарши кураша олмаётгани муҳокама қилинган. Президентлар Кавказдаги «Ал-Қоида» билан алоқадор бўлган шахслар ҳам Россия, ҳам АҚШ учун хавф туғдириши борасида ҳамфикр эканликларини билдирган. «Биз сизга [ушбу минтақадан келаётган таҳдидларни] қайтаришда ёрдам беришга мажбурмиз», — дейди Буш Путинга.
Буш: Биз режа ишлаб чиқишимиз керак. Уни биргаликда тайёрлаймиз. Грузинларга нима қилиш кераклигини уқтирадиган режа. Балки уларнинг қўлидан келмас, лекин биз уларга имконият беришимиз керак.
Грузия президенти Эдуард Шеварднадзе муаммони ҳал қила олмаган тақдирда, Буш «бошқа бирор нарсани синаб кўришни» таклиф қилади. Бунга жавобан Путин: «Биз уларнинг ҳудудига кирмаймиз», — дея таъкидлайди. Миллий хавфсизлик архиви эслатишича, учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Буш Путиннинг терроризмга қарши курашдаги ролини юқори баҳолаган.
2003 йил 18 март Охирги қайд — АҚШнинг Ироққа бостириб киришидан икки кун аввал бўлиб ўтган суҳбат. Миллий хавфсизлик архиви буни анча олдин бошланган ва Путин Бушни ҳарбий тажовуздан воз кечишга кўндиришга ҳаракат қилган музокараларнинг «кульминацияси» деб атайди. Россия Федерацияси президенти Буш билан яқин муносабатларни сақлаб қолишга ва Ироқ бўйича келишмовчиликлар уларнинг ҳамкорлигига путур етказишига йўл қўймасликка интилган. АҚШ президенти эса, ўз навбатида, у ҳам ҳамкорликка умид қилишини айтган.
Бушнинг ташаббуси билан бўлиб ўтган ушбу мулоқотда Америка президенти Путинга «анти-Америка кайфиятини қўзғатмагани» учун миннатдорлик билдиради ва муносабатларни хавф остига қўймасликка чақиради. Россия президенти Ироқ бўйича қарашлар турлича бўлишига қарамай, Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг фундаментал аҳамияти ўта муҳим бўлиб қолишини таъкидлайди.
Путин: Мен учун энг муҳими — бизнинг шахсий муносабатларимиз. Кўриб турганингиздек, мен сиз ҳақингизда фикр билдиришдан тийиляпман. Агар ҳарбий операция бошланса, мен унга изоҳ беришга мажбур бўламан, лекин бизнинг шахсий муносабатларимизни ёмонлаштириши мумкин бўлган изоҳлар бермайман. Яна бир нарсага эътибор қаратмоқчиман, бу мен учун муҳим деб ҳисоблайман. Сиз мақсад — режимни ўзгартириш, дедингиз. Аммо бу БМТ Низоми ёки халқаро ҳуқуқда кўзда тутилган нарса эмас.
Буш ўз навбатида, эҳтимол, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ироқнинг урушдан кейинги тузилишида роль ўйнаши мумкинлигини, бироқ «ҳозирги вақтда БМТ — босиб ўтилган босқич» эканини айтади.
Суҳбат якунида Путин Бушга май ойида 300 йиллиги нишонланадиган Санкт-Петербургга ташриф буюриш ҳақидаги таклифини эслатиб ўтади: «Ироқдаги вазият қандай ривожланишидан қатъи назар, бу жуда муҳим учрашув бўлади».





