
Суд, банкротлик ва ҳибсга олиш: «Humans» билан ўзи нима бўляпти?
Дам олиш кунлари «Humans»га картаси уланган фойдаланувчиларнинг пуллари ечиб олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинчалик «Humans» анча аввал банкрот деб топилгани маълум бўлди. Vaqt.uz мавзу атрофидаги барча саволларга жавоб излади.

Бугун эрталаб ижтимоий тармоқлар ёқимсиз хабарлар билан тўлди. 4 ва 8 декабр оралиғида «Humans» иловасига картасини улаган фойдаланувчиларнинг пуллари уларнинг рухсатисиз ечиб олингани маълум бўлди. Кимдандир 1 млн пул ечиб олинган бўлса, бошқалар 20-30 млн сўмгача пулидан айрилди.
Ҳолатдан жабр кўрган юзлаб ўзбекистонликлар Телеграм гуруҳ очди ва тегишли органларга биргаликда шикоят қилиш устида иш олиб бормоқда.
Марказий банк вазиятга изоҳ берар экан, 9 декабр ҳолатига кўра, «Humans» мобил иловаси орқали «Paylov» платформасига тегишли барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилганини айтди.
«Humans» иловасида пул ўтказмалари хизмати «Paylov» савдо белгиси остида фаолият юритувчи «Octagram» АЖ орқали амалга оширилиб келинган.
«Humans» компанияси расмий равишда фирибгарлик ҳолатини «Paylov» тўлов хизматидаги техник носозликлар билан изоҳлади.
«Барча фирибгарлик транзакциялари Humans иловасидан ташқарида, мижозлар иштирокисиз ва OTP кодларини киритмасдан амалга оширилган», — дейилади хабарда.
Компания айтишича, «Paylov» фирибгарликнинг биринчи тўлқинидан сўнг кейинги киберҳужумларни олдини олиш учун етарли чоралар кўрмаган ва рухсатсиз IP-манзилларини блокламаган.
Ҳодиса ортидан «Humans» иловасида «Paylov» хизмати орқали P2P ўтказмалари вақтинча тўхтатилгани, бошқа барча «Humans» хизматлари — мобил алоқа, «Humans Маркет» маҳсулотлари бозори, етказиб бериш ва бошқа функциялар ишлаётгани билдирилди.
Paylov эса тизимдаги заифликлар бўйича «Humans» айбловларини рад этди.
«Фирибгарлик операциялари «Humans Companies» томонидан «Octagram» тақдим этган шифрланган калитлар орқали амалга оширилган бўлиб, ушбу калитларнинг тўғри ва хавфсиз сақланиши «Humans Companies» масъулияти ҳисобланади”, — дейилади баёнотда.
Кун давомида «Humans»нинг октябр ойида банкрот деб топилгани ҳақида хабарлар ҳам тарқала бошлади. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 14 октябрдаги қарори билан «Humans» МЧЖ банкрот деб топилган ҳамда унга нисбатан фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатишга доир ҳал қилув қарори чиқарилган.
Ҳаммаси қаердан бошланганди?
«Humans» Ўзбекистонда катта мақсадлар 2020 йилда кириб келганди. Компаниянинг маркетинг компанияси ва жозибадор хизматлар таклифи сабаб кўпчилик уни финтех бозорининг янги ва ёрқин ўйинчиси сифатида кўра бошлади.
Бироқ, ўтган йили ҳаммаси ортга кета бошлади. Марказий банк 2024 йил октябрь ойида «Humans»га тегишли «Мароқанд» тўлов ташкилоти («Upay» савдо белгиси) фаолиятини 6 ойга чеклаганди.
Бунга сабаб қилиб тўлов ташкилотининг қимор ўйинлари учун тўловлар қабул қилинишининг олдини олмагани кўрсатилди. «Humans» «Мароқанд» тўлов ташкилотини 2022 йилда сотиб олганди.
Ўша пайтдаги «Humans» бош директори Марказий банк қарорини адолат тамойилларига зид деб баҳолади.
Натижада, бир неча ой давомида фойдаланувчилар учун «Humans» иловаси фаолияти чекланди. «Humans» Visa картасидаги пуллар маълум муддатга музлатиб қўйилди.
Компаниянинг молиявий аҳволи бу воқеа ортидан жуда ёмонлашди. 2024 йил 200 млрд сўмга яқин катта зарар билан якунланди. Ундан аввалги йилларда «Humans» қисқа вақт ичида фойдага чиқиб олганди.
Баҳорда Марказий банк «Мароқанд» тўлов ташкилотига нисбатан чекловларни бекор қилди. Бироқ 6 ой ичида катта миқдорда мижозлар йўқотилди ва бу компания таъсир қилишда давом этди.
Халқаро арбитраж суд
«Humans» бу ҳолатга ҳукумат идораларини айбдор деб ҳисоблади. Биринчи бўлиб Рақобат қўмитасидан «Ўзбектелеком»га қарши монопол сифатида иш очиш сўралди.
Кейинроқ кўрилган зарарни қоплаш учун Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестиция низоларини ҳал қилиш бўйича халқаро марказда (ICSID) Ўзбекистонга қарши даъво аризаси киритилди.
Арбитраж муҳокамасига давлат органлари ва компаниялари, жумладан, Марказий банк ва «Ўзбектелеком» компаниясининг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган. Шу сабаб, Humans бир қатор давлат органларининг ҳаракатлари билан унга етказилган зарарни қоплашни талаб қилган.
Даъво аризасига Марказий банк ҳам, “Ўзбектелеком” ҳам дарҳол ўз муносабатини билдирди.
Маълум бўлишича, «Humans» 2020 йилдан бери шартнома асосида «Ўзбектелеком» мобил тармоғидан фойдаланиб келган ва шу пайтга қадар 520 млрд сўмлик қарзларни тўламаган.
Ўша пайтда «Humans» катта эҳтимол судда ютқазиши ёки муросага киришга мажбур бўлиши тахмин қилинганди. Сабаб — Ўзбекистон халқаро арбитражларда ҳеч қачон ютқазмаган.
Банклардан қарздорлик
Июн ойида «Octobank» ҳам «Humans»ни шартнома шартлари бузилиши ортидан 500 млрд сўмлик қарздорлик туфайли судга берганди. Суд «Humans»га «Octobank» олдидаги қарздорликни қоплаш мажбуриятини юклатган.
Бироқ суд ҳужжатларида келтирилишича, қарздордан пул маблағларини ундириш имкони бўлмаган. Шундан сўнг 14 октябрда суд Humans'ни банкрот деб топиш бўйича қарор қабул қилди.
Бундан ташқари, «Humans»нинг «Asia Alliance Bank»дан ҳам 65 млрд сўм қарзи борлиги маълум бўлди. Банк қарздорлик сабаб судга даъво аризасини киритган.
Шунингдек, «Humans» компаниясининг «Yandex» олдида 13,3 млн доллар қарздорлиги мавжудлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Собиқ топ-менежернинг ҳибсга олиниши
Июл ойида «Humans»га тегишли «Мароқанд» тўлов ташкилотини 6,5 йилдан ортиқ вақт давомида бошқарган ва «Humans» топ-менежери бўлиб ишлаган Беҳзод Ботиров ҳибсга олинди.
У Жиноят кодексининг 278-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари — «қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш»да айбланган.
Суд унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаган. Сентябр ойида суд «терговдан яшириш ва далилларни йўқ қилиш хавфи борлиги»ни асос қилиб, ҳибсга олиш муддатини 2026 йилнинг февралигача узайтирди. Тадбиркорга 7 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.
Шундай қилиб, «Humans» Ўзбекистон финтех бозоридаги истиқболли ўйинчидан, муаммоли ва охир-оқибат банкрот бўлган компанияга айланди.
Фозилбек Қамбаров тайёрлади.





