Судя ёрдамчиси пора билан қўлга тушди

Бугун 14:511 дақиқа

Сурхондарё вилояти судининг судя катта ёрдамчиси жиноят иши бўйича енгил жазо тайинлатиш ва қамоқ эҳтиёт чорасини бекор қилдиришни ваъда қилиб, 53 минг доллар олган вақтида қўлга олинди.

Судя ёрдамчиси пора билан қўлга тушди © Ekran surati, DXX

Сурхондарё вилоятида суд тизими ходими билан боғлиқ йирик коррупция ҳолати фош этилди. Маълум қилинишича, вилоят судининг судя катта ёрдамчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди иш юритувида бўлган ишга аралашишга уринган.

Тергов маълумотлари

Тергов маълумотларига кўра, у 2 нафар судланувчига нисбатан аниқланган 6,3 млрд сўмлик зарар миқдорини қайта баҳолаш орқали камайтиришни ваъда қилган. Шунингдек, судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиш ҳамда дастлабки терговда қўлланган «қамоқ» эҳтиёт чорасини бекор қилдиришини айтган.

Бу хизматлари эвазига у судланувчиларнинг қариндошидан 53 минг АҚШ доллари талаб қилган. Пул маблағини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари ходимлари томонидан ушланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ҳамда 28,211-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилинган.

Ҳозирда ушбу иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Расмий идоралар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш жараёни олиб борилаётганини маълум қилди.

Аввалроқ Андижонда икки фуқарони Жанубий Кореяга ишга жойлаштириб қўйишни ваъда берган ҳакамлик суди судяси нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди.

Теглар

Мавзуга оид

Судя ёрдамчиси пора билан қўлга тушди | Vaqt.uz