
Судялар умрбод лавозимида қолиш мумкин бўлди
Президент фармонига мувофиқ судялар дастлаб 5 йиллик синов даврига тайинланади, синовдан ўтганлар эса муддатсиз фаолиятни давом эттиради.

Судялар эндиликда дастлаб 5 йил, кейинчалик муддатсиз даврга сайланади. Бу ҳақда Президентнинг 24 ноябр куни эълон қилинган фармонида келтирилган.
Фармонга кўра, судьяларни навбатдаги 10 йиллик муддатга тайинлаш (сайлаш) тартиби бекор қилинади.
Судьялик лавозимларига номзодларни дастлаб 5 йил муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби белгиланади.
Туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни аниқ мезонларга кўра судьялар орасида очиқ танлов асосида танлаш тартиби ўрнатилади.
Судянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “судьялик одоби қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонлари қонун даражасида белгиланади.
Шунингдек, Судьялар олий кенгашининг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари лавозимига номзодлар тегишли суд судьялари малака ҳайъатлари томонидан тавсия этилади.
Бунда Кенгашнинг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари лавозимига, қоида тариқасида, судья сифатида камида 7 йил ишлаган судьялар номзоди кўрсатилиши мумкин.





