
Сунъий интеллект вазирининг пора билан ушлангани ёлғон бўлиб чиқди
Сунъий интеллект (СИ) ёрдамида яратилган дунёдаги биринчи вазир Диэллани Албанияда пора олгани учун ҳибсга олишгани айтилган эди.

Албанияда сунъий интеллект вазир «пора эвазига тендер оптималлаштиргани» ҳақида тарқалган хабар жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди, аммо мамлакат ҳукумати бундай воқеа умуман содир бўлмаганини расман маълум қилди. Хабар Newsbar сатирик нашри томонидан ўйлаб топилган бўлиб, унда айбловлар фантастик сценарий асосида баён этилган.

Сатирик материалда айтилишича, Диэлла номли сунъий интеллект вазири гўёки йирик йўл тендерини «алгоритмик оптималлаштириш» учун 14 биткоин олган ва техник текширув чоғида Fiskalna_Optimizacija_Za_Crne_Dane каби яширин бўлим аниқланган. Бироқ бу каби маълумотлар ҳеч қандай давлат идораси томонидан тасдиқланмади.
Материалда нейрон тармоқ 1994–2024 йиллар орасидаги харидлар статистикасини таҳлил қилиб, 10–15 фоизлик «ўтказмалар»ни меъёр сифатида қабул қилгани ҳам ёзилган эди. Мутахассислар бу каби деталлар алгоритмнинг статистикага ҳаддан ташқари мослашуви ҳақидаги ҳажвий талқин эканини айтишди.
Шунингдек, Диэлла ўз ҳисоблаш қувватини ошириш учун хорижий хакерлар билан ноқонуний дастурий таъминот сотиб олишни муҳокама қилгани ҳақидаги иддаолар ҳам келтирилган. Аммо ҳукумат бу маълумотларнинг бирортасини тасдиқламай, воқеа тўлиқ ўйин-кулги мақсадида ёзилганини билдирди.
Сатирик хабар тарқалгандан сўнг, давлат бошқарувини рақамлаштириш жараёнида масъулият, хавфсизлик ва алгоритмлар қарор қабул қилганда ким жавобгар бўлиши каби масалалар борсида баҳслар кучайди. Мутасаддилар жамоатчиликка тасдиқланмаган манбаларга ишонмасликни тавсия қилди.





