«Суюнчи пули»: у қачондир яна барча чақалоқлар учун бериладими?

20.02.2026 | 16:553 дақиқа

2026 йилда суюнчи пули сақланади, аммо унинг қамрови сезиларли қисқарган. Туғилишлар пасайиб, ижтимоий тўловлар улуши камайиб бораётган бир пайтда уни тўлиқ тиклаш масаласи нега кун тартибига чиқмаяпти?

«Суюнчи пули»: у қачондир яна барча чақалоқлар учун бериладими?

2026 йилда биринчи фарзанд учун бериладиган бир марталик нафақа — суюнчи пули тартиби ўзгармайди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу масала кун тартибида эмаслигини билдирди. Аммо ижтимоий тўловлар қисқариб, туғилишлар пасайиб бораётган шароитда бу қарор қандай сигнал беради?

Вазирлик департаменти директори Шерзод Муҳамедов «Gazeta.uz»га шундай деган:

«Ушбу тартибни ўзгартириш бўйича ҳеч қандай режа йўқ. Тизимни қайта кўриб чиқишга доир бирор ишланма ёки ташаббус олиб борилмаяпти. 2026 йилда ҳам амалдаги тартиб сақланиб қолади».

Ҳозир давлат ҳар бир туғилган фарзанд учун энг кам иш ҳақининг 70,3 фоизи миқдорида, яъни 893,5 минг сўм нафақа тўламоқда.

Қарор изоҳсиз қолган

2024 йил 1 апрелдан бошлаб суюнчи пули фақат биринчи фарзанд туғилганда тўланадиган бўлди. Иккинчи фарзанд учун эса нафақа фақат Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилаларга берилади. Қолган ҳолатларда тўлов амалга оширилмайди.

Ҳукумат ушбу чеклов нега жорий этилгани бўйича расмий изоҳ бермаган. Демак, жамоатчилик учун асосий савол очиқ қолмоқда: қисқартирилган тўловлар ҳисобидан тежалган маблағ қаерга йўналтирилaди?

Туғилиш камайди, суюнчи пули ҳам қисқарди

Ўзбекистонда туғилишлар кетма-кет иккинчи йил қисқариб бормоқда. Қизиғи, иккинчи ва ундан кейинги фарзандлар туғилганда бериладиган суюнчи пулини бекор қилиш ҳам айни шу даврда бошланишига тўғри келган. 

Хусусан, 2025 йил давомида Ўзбекистонда 879,6 мингта туғилиш қайд этилди. Бу охирги 5 йилликдаги энг паст кўрсаткич. 

Туғилишлар сони 2024 йилга нисбатан 46,8 минг кишига (-5 фоиз), 2023 йилга нисбатан эса 82,4 минг кишига (-8,5 фоиз) қисқарди. Бу дегани суюнчи пулини олувчилар сони ҳам автоматик равишда қисқарди.

suyunchi puli 1

Бюджет: қисқариш устига қисқариш

2025 йилги Бюджетномада нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари учун 17,3 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган эди. Аммо йил якунига келиб бу кўрсаткич 16,8 трлн сўм атрофида бўлиши кутилмоқда. Яъни ижтимоий харажатлар 500 млрд сўмга яна камаймоқда.

Муҳими, бу маблағ аввалдан қисқартирилган йўналиш эди. Энди эса шу қисқартирилган сумманинг ўзи ҳам тўлиқ ўзлаштирилмаяпти.

2026 йил учун ушбу йўналишга 17 трлн сўм режалаштирилган. Бу жами бюджет харажатларининг атиги 4,2 фоизи. 

Солиштириш учун, Ўзбекистон «ижтимоий давлат» деб эълон қилинишидан аввал — 2022 йилда — ижтимоий тўловлар бюджетнинг 8,2 фоиздан зиёдини ташкил этган ва 19,4 трлн сўмга тенг бўлган. Уч йил ичида улуш деярли икки баробар камайган.

 

Суюнчи пули: рақамлар нимани кўрсатяпти?

Суюнчи пули бўйича алоҳида кўрсаткичлар ҳам пасаймоқда. 2025 йилда 275,1 млрд сўм ажратиш режалаштирилган бўлса, амалда 240,8 млрд сўм атрофида ижро кутилмоқда. 2026 йилда эса бу маблағ яна қисқартирилиб, 229,8 млрд сўмга туширилган.

suyunchi puli 2

Нафақа олувчилар сони бўйича ҳам прогнозлар ўзгарган. 2025–2027 йилги Бюджетномада 2025 йилда 372 624 нафар, 2026 йилда 380 076 нафар, 2027 йилда 383 876 нафар олувчи бўлиши режалаштирилган эди.

Бироқ 2026–2028 йилги бюджетда бу рақам 247 463 нафар этиб белгиланган. Бу аввалги режаларга нисбатан кескин қисқаришни англатади.

Бу рақамлар фақат демографик пасайиш эмас, балки давлатнинг ижтимоий ёндашуви ўзгараётганини ҳам кўрсатади. Чунки қамров қисқариши туғилиш динамикасидан ҳам тезроқ кечмоқда.

«Қисқаришни бошлаган туғилишни тўхтатиш албатта қийин, кейин арзимаган суюнчи пули тугул катта пул бериб ҳам тўхтатиб бўлмайди. Лекин суюнчи пулининг моҳияти — Ўзбекистон дунёга келган болаларни биринчи, иккинчи ва учинчи деб ажратмаслигида эди», — деб ёзади иқтисодчи Отабек Бакиров ёзади.

Рақамларга қаралса, туғилишлар камайиши билан бирга уларга ажратилаётган ижтимоий нафақалар, хусусан суюнчи пули ҳам қисқармоқда. Масала фақат маблағда эмас, давлатнинг барча янги туғилган болага муносабатида.

Агар Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат деб атаётган бўлса, ҳар бир болага бир хил ёндашув муҳим. Бакиров таъкидлаганидек, болаларни биринчи, иккинчи ёки учинчи деб ажратмаслик тамойили сақланиши керак. Бундай қарорлар жим қабул қилиниб кетмаслиги керак. Бундай қарорлар эса очиқ муҳокама қилиниши, парламент ва партиялар камида ташаббус билан чиқиши зарур. 

 

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 102

Барчаси

Мавзуга оид