Павел Дуров TON номини Грамга ўзгартирди

Bugun 15:362 daqiqa

Лойиҳа ўзининг дастлабки номи — Gram брендига қайтади. Бозор бу янгиликни ижобий қабул қилиб, криптовалюта нархи бир кунда қарийб 19 фоизга ошди.

Павел Дуров TON номини Грамга ўзгартирди © Sun'iy intelekt

Telegram асосчиси Павел Дуров TON криптовалютаси ўз номини ўзгартиришини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Gram номи лойиҳанинг илк ҳужжатларида криптовалюта учун танланган асл ном бўлган.

«Биз ўзлигимизга қайтяпмиз ва янги даврни бошлаймиз.», — деб ёзиб қолдирди Дуров ўз Telegram саҳифасида.

Унинг маълум қилишича, ребрендинг жараёни тахминан уч ҳафта давом этади. Бунда фақат криптовалютанинг номи ўзгаради, TON эса блокчейн тармоғининг номи сифатида сақланиб қолади.

Gram тарихи

Gram номи TON лойиҳаси илк бор тақдим этилган 2018 йилга бориб тақалади. Ўша вақтда Telegram Open Network (TON) экотизими учун чиқарилиши режалаштирилган криптовалюта айнан Gram деб аталган.

Telegram хусусий инвестиция босқичлари орқали тахминан 1,7 млрд доллар жалб қилишга муваффақ бўлган. Бироқ кейинчалик АҚШнинг Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) билан юзага келган ҳуқуқий низолар сабаб Telegram лойиҳадан чиқишга мажбур бўлди. Шундан сўнг TON ҳамжамият ва TON Foundation томонидан мустақил равишда ривожлантирилган.

Кейинчалик криптовалюта Toncoin номи остида ишга туширилди ва бугунги кунда Telegram экотизими билан боғланган энг йирик блокчейн лойиҳаларидан бири ҳисобланади.

Ребрендинг ортидан TON нархи ошди

Инвесторлар ребрендинг ҳақидаги хабарни ижобий қабул қилди. Binance маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида Toncoin (TON) нархи қарийб 19 фоизга ошиб, 2,2 доллар атрофида савдо қилинмоқда.

Ҳозирда TON Telegram Wallet, Mini Apps ва бошқа рақамли сервислар билан интеграция қилинган бўлиб, Gram брендига қайтиш лойиҳанинг тарихи ва Telegram билан боғлиқлигини янада кучайтиришга қаратилган қадам сифатида баҳоланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid