Logo

Тадбиркор президентга кийим совға қилди

У ҳар бир маҳсулот айнан Ўзбекистонники эканини айтиб, давлат раҳбарига ош пиширганда шу кийимни кийишни тавсия қилди. Шавкат Мирзиёев эса «Made in Qashqadaryo» деб жавоб қайтарди.

Тадбиркор президентга кийим совға қилди © president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 21-октябр куни Қашқадарё вилоятига ташриф буюриб, «Қашқадарё» эркин иқтисодий зонасидаги «Sulton Tex Group» тўқимачилик кластерининг фабрикаси билан танишди.

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича жорий йил 13-мартда қабул қилинган қарор доирасида кластер томонидан мато ишлаб чиқариш ва бўяш фабрикаси ташкил этилди. Президент матбуот хизматининг ёзишича, қиймати 54 миллион доллар бўлган лойиҳа натижасида йилига 20 минг тонна мато ишлаб чиқариш ва бўяш қувватига эга линиялар ишга туширилди. Фабрикада 840 та иш ўрни яратилган.

Корхонада сув ва энергия сарфини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Қиймати 3 миллион доллар бўлган ёпиқ сув айланиши тизими ишлаб чиқаришда фойдаланилган сувнинг 95 фоиздан ортиғини тозалаб, қайта ишлатиш имконини беради. Бунинг ҳисобига йилига 1,1 миллион куб метр сув тежалади.

Фабрикани узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун газ генератори ўрнатилган. Бино томи ва деворларига умумий қуввати 3,5 мегаватт бўлган қуёш панеллари жойлаштирилган. Ушбу ечимлар электр энергияси, иссиқ сув ва буғ таъминотидаги харажатларни камайтириб, маҳсулот таннархини пасайтиришга хизмат қилади.

Келгусида «Sulton Tex Group» кластери мазкур эркин иқтисодий зонада 70 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириб, 3 минг 570 та иш ўрни яратиши режалаштирилган. Вилоятнинг бошқа туманларидаги қиймати жами 17 миллион доллар бўлган лойиҳалар эса яна 1 минг 220 кишини иш билан таъминлаши кўзда тутилмоқда.

Давлат раҳбари фабрикадаги ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди. Бу ерда жорий қилинган ресурс тежамкор технологиялар бошқа тўқимачилик корхоналари учун намуна бўлиши кераклигини таъкидлади.

Кластерга сафар давомида тадбиркор Ўзбекистон раҳбарига ўзи ишлаб чиқараётган кийимдан совға қилди.

«Ўтган сафар берганимда беришмади, менимча. Энди ўзим қўлим билан бермоқчиман», — деди тадбиркор.

У ҳар бир маҳсулот айнан Ўзбекистонники эканини айтиб, ош пиширганда шу кийимни кийишни тавсия қилди. Шавкат Мирзиёев «Made in Qashqadaryo» деб жавоб қайтарди.

Теглар

Мавзуга оид