Logo

Тадбиркорлар учун давлат ва хусусий хизматларни жамлаган «Бизнес ҳамроҳ» марказлари очилади

Президент ҳузуридаги тақдимотда тадбиркорларнинг мурожаатларига туну кун жавоб берадиган «колл-марказ» ҳам ташкил этилиши қайд этилди.

Тадбиркорлар учун давлат ва хусусий хизматларни жамлаган «Бизнес ҳамроҳ» марказлари очилади

Президент Шавкат Мирзиёев 1 декабр куни экспорт салоҳиятини ошириш ва тадбиркорларнинг давлат хизматларидан фойдаланишини соддалаштириш юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Тақдимотда Ўзбекистон 2030 йилга қадар экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга етказишни мақсад қилиниб, мазкур кўрсаткичга эришиш учун анъанавий бозорлар билан чекланмасдан юқори маржали янги бозорларга чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Қайд этилишича, бу борада ташқи бозорлардаги етакчи истеъмол сегментлари ва юқори талабга эга маҳсулотлар бўйича чуқур таҳлил олиб борилди. Натижада қурилиш материаллари, енгил саноат, электротехника, озиқ-овқат, маиший кимё, машинасозлик ва металларга оид йўналишларда экспортни янада ошириш учун мамлакатда катта захира ҳамда имконият борлиги аниқланди.

Шу муносабат билан тақдимотда истиқболли бозор ҳисобланган мамлакатлар билан имтиёзли савдони йўлга қўйиш, савдо-иқтисодий муносабатларни фаоллаштириб, экспорт-импорт ҳажми ўсишига мос равишда чегара ўтказиш пунктлари инфратузилмаси ва қувватини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Тақдимотда тадбиркорлар учун барча давлат ва хусусий хизматларни бир жойга жамлайдиган “Бизнес ҳамроҳ” марказларини очиш таклиф қилинди.

Режага кўра, Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил этиладиган марказларда барча давлат ва хусусий хизматларни «ягона дарча» тамойили асосида бир жойда, ягона электрон платформа орқали кўрсатиш йўлга қўйилади. Тадбиркорларнинг мурожаатларига туну кун жавоб берадиган «колл-марказ» ҳам ташкил этилади.

Президент таклифни маъқуллаб, марказ тадбиркорлик субъектини ташкил этишдан тортиб, фаолиятини йўлга қўйиш, тайёр маҳсулотларни сотиш ва экспорт қилишгача бўлган барча соҳаларни қамраб олиши зарурлигини таъкидлади. Мутасаддиларга бу борада тегишли топшириқлар берилди.

Аввалроқ президентнинг тегишли қарори билан Ўзбекистонда «Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тамойили жорий этилиши маълум қилинганди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбек тўқимачилиги учун янги бозор: АҚШга экспорт йўлида қандай имконият ва тўсиқлар бор?
Кеча 17:37

Ўзбек тўқимачилиги учун янги бозор: АҚШга экспорт йўлида қандай имконият ва тўсиқлар бор?

Ўзбекистон тўқимачилик саноати сўнгги йилларда хом ашё экспортидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш йўлида сезиларли натижаларга эришди. Бироқ экспорт ҳажмини ошириш, айниқса, АҚШ, Европа Иттифоқи каби йирик бозорларга чиқиш осон кечмаяпти. Россия–Украина уруши ортидан халқаро юк ташиш йўналишларида юзага келган мураккабликлар, транспорт харажатлари ва етказиб бериш муддатлари билан боғлиқ ноаниқликлар ўзбек экспортчилари олдига янги вазифаларни қўймоқда. Шундай шароитда Ўзбекистон маҳсулотлари Америка бозорида ўз ўрнини топа оладими? Бунинг учун нималарни ўзгартириш керак? Тўқимачилик соҳасида 11 йиллик тажрибага эга, ҳозирда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида тўқимачилик савдоси кўпригини қураётган тадбиркор Камолхон Касимовнинг фикрлари ва амалий тажрибаси асосида ушбу саволларга жавоб изладик.