add

Ўзбекистонда бизнесни 15 дақиқада бошлаш тамойили жорий этилмоқда

2026 йилдан тадбиркорлар рўйхатдан ўтиш ва фаолиятни бошлаш учун барча хизматларни бир жойда тез ва содда усулда амалга ошира олади. Натижада бир ҳафта талаб этиладиган бу жараёнларнинг муддати 15 дақиқага қисқаради.

Ўзбекистонда бизнесни 15 дақиқада бошлаш тамойили жорий этилмоқда

Ўзбекистонда «Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тамойили тўлиқ кучга киради. Шавкат Мирзиёев 14 ноябр куни Ўзбекистонда «Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тамойилини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Янги тартиб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини қисқартиради ва бир пайтнинг ўзида 7 та муҳим хизмат кўрсатишни қамраб олади.

— мазкур хизматларга;

— электрон рақамли имзо калитини бериш;

— банкда ҳисобварақ очиш учун ариза бериш;

— лицензия ёки рухсатнома ёхуд хабарнома олиш учун ариза бериш (фаолият турига қараб);

— кўчмас мулк ижараси шартномасини расмийлаштириш;

— ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини расмийлаштириш (автоматик тарзда бериладиган солиқ тўловчилар учун);

— онлайн назорат-касса аппаратини сотиб олиш ва уни солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш;

— юридик шахс раҳбарини тайинлаш ва уни Ягона миллий меҳнат тизимида ҳисобга қўйиш киради.

Шунингдек, тадбиркор ҳар бир хизматдан ўз хоҳишига кўра фойдаланиши ва танланган хизматлар учун ягона QR-kod орқали тўлов амалга ошириши мумкин бўлади. Бу жараён ҳужжат айланмасини камайтириб, бизнесни бошлаш муддатини сезиларли қисқартиради.

Фармонга кўра, 2026 йилдан якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам юридик шахслар билан бир хил тарзда фирма номи билан фаолият юритиш ҳуқуқи берилади. Бу тадбиркорлар учун брендинг, реклама ва бозорда танилиш имкониятларини кенгайтиради.

Шу билан бирга, лицензиялар ва бошқа бизнес ҳужжатларидаги бирламчи маълумотларни ўзгартириш жараёни енгиллаштирилади. Корхона номи, манзили, ташкилий-ҳуқуқий шакли ёки таъсисчининг маълумотлари ўзгарганда, тегишли ҳужжатлар автоматик ва бепул тарзда янгиланади.

Президент Мирзиёев «15 дақиқада бизнес» ғоясини жорий йил 20 августда бизнес вакиллари билан учрашувда эълон қилган эди. Дастурнинг мақсади – янги корхоналарни тез, шаффоф ва енгил тартибда ишга тушириш имкониятини яратишдир.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда бизнесни 15 дақиқада бошлаш тамойили жорий этилмоқда | Vaqt.uz