add

Тадбиркорларга асоссиз жарима қўллаган мансабдорлар жавобгарликка тортилади

Бизнес омбудсман тадбиркорларга асоссиз жарималар қўллангани учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Тадбиркорларга асоссиз жарима қўллаган мансабдорлар жавобгарликка тортилади

Ўзбекистонда тадбиркорларга асоссиз жарималар қўллаган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилади. Бизнес омбудсман томонидан мансабдор шахсларни жавобгарликка тортишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Янги қонун лойиҳасига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 241−11-модда билан тўлдирилади. Унга мувофиқ, агар назорат ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими тадбиркорга асоссиз жарима қўллаб, бу ҳолат суд томонидан қонунга хилоф деб топилса, у базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача жарима тўлайди.

2024 йил давомида судларга тадбиркорлар томонидан жами 6370 та шикоят келиб тушган, уларнинг 5280 таси қаноатлантирилиб, 1,4 трлн сўмлик жарималар бекор қилинган. 2025 йилнинг биринчи ярмида эса 4738 та шикоятдан 3755 таси тадбиркорлар фойдасига ҳал этилган ва натижада қарийб 3,1 трлн сўм жарималар бекор қилинган.

Қонун лойиҳаси муаллифларининг таъкидлашича, амалда мансабдор шахслар томонидан бундай хатолар учун жавобгарлик белгиланмагани уларнинг масъулиятини сусайтираётгани ва асоссиз жарималар сонини ошираётганини кўрсатмоқда.

Ҳужжатда таъкидланишича, судлар томонидан кўпчилик ишлар тадбиркорлар фойдасига ҳал этилаётгани, муаммонинг тизимли ечими зарурлигини намоён этмоқда.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси 9 ноябргача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда тадбиркордан 35 минг доллар пора талаб қилган собиқ солиқ ходими қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Тадбиркорларга асоссиз жарима қўллаган мансабдорлар жавобгарликка тортилади | Vaqt.uz