
Тошкентда тадбиркордан 35 минг доллар пора талаб қилган собиқ солиқ ходими қўлга олинди
Фирибгарликда гумонланаётган шахс тадбиркордан ҚҚС гувоҳномасини қайта фаоллаштириш ва 17 млрд сўмлик манфий солиқ фарқини қайтариш баҳонасида пора талаб қилган.

Тошкент шаҳрида транспорт ва логистика хизматлари кўрсатувчи хусусий компания ҳисобчиси тадбиркордан 35 минг АҚШ доллари талаб қилган собиқ солиқ ходими қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, у аввал солиқ идораларида фаолият юритган бўлиб, ўзининг «танишлар»и орқали бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонага 17 миллиард сўмлик қўшилган қиймат солиғининг манфий фарқ суммасини қайтариб бериш ва тўхтатилган ҚҚС гувоҳномасини қайта фаоллаштиришни ваъда қилган.
Эвазига ҳисобчи тадбиркордан 35 минг доллар талаб қилган. ДХХ ва Департамент ходимлари ўтказган тезкор тадбир давомида у 20 минг 500 долларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан ҳисобчи ва бошқа шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) ҳамда 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора беришга уриниш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида аниқланишича, ушбу ҳисобчи «масалани ҳал қилиш»ни Солиқ қўмитасининг катта инспектори орқали амалга оширишни режалаштирган. Ҳозирда мазкур давлат хизматчиси ҳам жиноят ишига гумонланувчи сифатида жалб этилган.





