Талабалар ўртасида маҳалла бош режасини ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилинади

24.01.2026 | 20:141 дақиқа

Президент бош режаларни ишлаб чиқишда маҳаллий мутахассислар эмас, хорижлик мутахассислар жалб қилинаётганини танқид қилди.

Талабалар ўртасида маҳалла бош режасини ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилинади

Президент 23 январ куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакат ҳудудларининг бош режаларини ишлаб чиқишда маҳаллий салоҳиятдан етарлича фойдаланилмаётганини танқид қилди.

Президентга кўра, ҳозирги пайтда бош режаларни тайёрлаш учун Франция, Буюк Британия, Испания ва Туркиядан мутахассислар жалб этилмоқда. Ҳолбуки, Ўзбекистондаги 18 та олий таълим муассасасида архитектура йўналишида йилига қарийб 7 минг нафар мутахассис тайёрланади.

Шу муносабат билан ҳокимларга битирувчи талабаларни 903 та «оғир» маҳалланинг бош режасини ишлаб чиқишга жалб қилиш таклиф этилди. Талабалар хорижлик мутахассисларга бириктирилиб, бу жараён улар учун амалий тажриба ва касбий мактаб бўлиши қайд этилди.

Шунингдек, талабалар ўртасида маҳалла бош режасини ишлаб чиқиш бўйича махсус танлов эълон қилинади.

«Талабалар ўртасида маҳалла бош режасини ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилинади. Бундай маҳаллаларга янгича қиёфа олиб кирадиган энг зўр лойиҳаларни ишлаб чиққан талабалар жамоасига 100 миллион сўмдан мукофот берилади», — деди президент.

Бу орқали замонавий ёш архитектор ва урбанистлар корпусини шакллантириш мақсад қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «оғир» туман ва маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш учун маҳаллий бюджетга 20 триллион сўм ажратилиши ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид