Талон-торож қилинган 643 миллиард сўм, дренаж пулини «емаган» Тошкент ҳокими ва Осиёнинг энг қиммат футболчисига айланган Ҳусанов — 3 июн дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистонда нодавлат театрлар, кино ва концерт ташкилотлари 10 йилга солиқлардан озод этилади
Ўзбекистонда 2026 йил 1 сентабрдан бошлаб асосий фаолияти концерт-томоша, кинематография соҳасида бўлган субъектлар, нодавлат театрлар ва хусусий таълим ташкилотлари 2036 йил 1 январгача ҚҚС, фойда, айланмадан олинадиган, ер ва мол-мулк солиқларидан озод этилади. Шунингдек, уларнинг ходимлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўламайди.
Президент фармонига мувофиқ, хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистонда кино яратишдан олган даромадлари ҳам солиқ базасига киритилмайди. Шу билан бирга, маданият ва ижод соҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида 200 миллиард сўмлик «Ижодга инвестиция» жамғармаси ташкил этилиб, маблағлар лойиҳаларни ва янги истеъдодларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Дренажга ажратилган маблағни ҳеч ким еб кетмаётганини кўрсатаман – Тошкент ҳокими
Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов Чорсу метроси яқинида кузатилган сув тошқини дренаж тизими ишламагани эмас, ариқнинг ёпиб қўйилгани билан боғлиқ бўлганини билдирди. Унинг таъкидлашича, ариқ қайта очилганидан кейин сув тизими нормал ишлай бошлаган. Шунингдек, ҳоким Тошкент учун ягона рақамлаштирилган сув бошқаруви тизимини яратиш ва бу йўналишда Хитойнинг «Tianjin Urban Construction» компанияси билан 400 миллион долларлик лойиҳа устида иш олиб борилаётганини маълум қилди.
VAQT.UZ мухбири дренаж тизимини яхшилаш учун 2024 йилда ажратилган 6 миллиард сўм маблағ сарфи ҳақида савол берганида, Шавкат Умурзоқов маблағлар талон-торож қилинмаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, шаҳарда сув босиш ҳолатлари сезиларли камайган, муаммоли нуқталарда эса сув тортиш қуввати икки баробарга оширилмоқда. Ҳоким зарур бўлса, масъул ходимлар ва қилинган ишлар орқали «ажратилган маблағни ҳеч ким ўзлаштирмаганини» кўрсатиб беришга тайёрлигини билдирди.
Солиқ қўмитаси ва «Ўзбекнефтгаз» иштирокида бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланди
Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва Солиқ қўмитасининг коррупцияга қарши назорат бошқармаси ўтказган текширувда Шўртан газ-кимё мажмуасини кенгайтириш лойиҳаси доирасида 643,2 млрд сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланди. Тергов маълумотларига кўра, Солиқ қўмитаси, Бухоро вилояти солиқ бошқармаси, «Ўзбекнефтгаз» ва бир қатор корхоналар масъуллари ўзаро тил бириктириб, ҚҚСдан озод қилинган хизматлар бўйича электрон ҳисоб-фактураларга ноқонуний равишда ҚҚС суммаларини киритган.
Натижада бюджетда асоссиз ҚҚС маблағи шакллантирилиб, унинг бир қисми корхона ҳисоб рақамига қайтарилган ва бошқа корхонанинг давлат олдидаги қарздорлиги ёпилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу ҳаракатлар оқибатида давлат бюджетига 643,2 млрд сўм зарар етказилганини маълум қилди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг талон-торож қилишга оид моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Абдуқодир Ҳусанов Осиёнинг энг қиммат футболчисига айланди
«Transfermarkt»нинг навбатдаги баҳолашига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва «Manchester City» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер қиймати 35 миллион евродан 50 миллион еврога ошди. Шу тариқа у Англия Премьер-лигасида нархи энг кўп ошган футболчилардан бирига айланди.
Янгиланган рейтинг натижасида Абдуқодир Ҳусанов Осиёнинг энг қиммат футболчиси бўлди. У япон футболчилари Каишу Сано (40 млн евро) ва Такефуса Кубони (30 миллион евро) ортда қолдирди.
«Марказий банк мустақиллиги инфляцияни пасайтиради» — ХВЖ
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) тадқиқотига кўра, марказий банкларнинг сиёсий ва молиявий босимлардан мустақил бўлиши инфляцияни самарали бошқаришда муҳим аҳамиятга эга. Тадқиқот натижалари сиёсий ва молиявий босимлардан яхшироқ ҳимояланган мамлакатларда инфляцияни назорат қилиш самарадорлиги юқорироқ бўлишини кўрсатган. ХВЖ баҳосига кўра, марказий банк мустақиллигининг ошиши бир йил ичида инфляция даражасини ўртача 0,5 фоиз бандига пасайтиришга хизмат қилган.
Тадқиқотда Ўзбекистон, Қозоғистон, Арманистон ва Грузия мисол сифатида келтирилиб, ушбу давлатлар марказий банклари пандемиядан кейинги юқори инфляция шароитида қатъий сиёсат амалга оширгани қайд этилган.





