Темур Ишметов: «Ўзбекистонда стейблкоинлар тўлов воситаси сифатида синовдан ўтказилади»

Криптовалютадан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш тест режимида синаб кўрилади. Бундан ташқари, Марказий банк ўз рақамли валютасини чиқаришни муҳокама қилмоқда.

Темур Ишметов: «Ўзбекистонда стейблкоинлар тўлов воситаси сифатида синовдан ўтказилади»
Президент 10 сентябр куни стейблкоинларни тўлов воситаси сифатида тестдан ўтказиш ҳамда қимматли қоғозларни токенлаштиришни амалга оширишни топширди. Бу ҳақда Марказий банк раиси Темур Ишметов асосий фоиз ставкасини кўриб чиқиш бўйича матбуот анжуманида изоҳ берди. Темур Ишметов рақамли валюта масаласи юзасидан барча марказий банклар каби изланишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Ҳозирда Марказий банк томонидан CBDC чиқариш ёки тижорат банкларига пул билан таъминланган стейблкоинларни чиқаришга рухсат бериш масаласи кўриб чиқилмоқда. Унинг айтишича, финтех соҳасини ривожлантириш бўйича давлат раҳбарига берилган ҳисоботда ҳам айнан стейблкоин бўйича пилот лойиҳа бошлаш таклифи берилган.
«Биз барча опсияларни синчиклаб кўриб чиқмоқчимиз. Чунки стейблкоиннинг фарқлари ва ёндашувлари дунёда турлича. Масалан, АҚШ яқинда қонун қабул қилди — унда Марказий банк рақамли валюта чиқармайди, бу ваколат тижорат банкларига берилади. Бироқ бунда ўзига хос рисклар мавжуд. Асосий хавф шундаки, Марказий банк учун стейблкоиннинг ҳақиқатдан ҳам пул билан таъминланганлиги ва захираси қатъий назорат қилиниши зарур. Акс ҳолда, бу қўшимча эмиссия сифатида қабул қилинади», — деди Марказий банк раиси.
Шу сабабли, Марказий банк ушбу лойиҳани Истиқболли лойиҳалар агентлиги (ИЛМА) билан бирга регулятив технологиялик қумдон доирасида тест қилишни режалаштирмоқда. Тест орқали аҳолининг рақамли валютага реал талаби борми-йўқми, шу аниқланади. «Одатда рақамли валютага бўлган кутилмалар баланд бўлади, бироқ дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, агар мамлакатда тўлов тизими яхши ривожланган бўлса, қўшимча тўлов воситаларига эҳтиёж катта бўлмайди. Аввал тест ўтказиб, кейин амалий натижасини кўрамиз», — деди Ишметов. Бундан ташқари, Марказий банкнинг ўз рақамли валютасини ишлаб чиқиши зарурлиги ҳам таъкидланди. Бу йўналишда иккита ёндашув мавжуд: биринчиси — чакана вариант, яъни фуқаролар ва бизнес фойдаланадиган валюта, иккинчиси — фақат Марказий банк ва тижорат банклари ёки Марказий банклараро халқаро транзакцияларни тезлаштиришга хизмат қиладиган валюта. Бу вариантлар ҳам тест асосида синаб кўрилади. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ криптовалюта каби рақамли активларни амалиётда синаш бўйича радикал ташаббуслар илгари сурилгани ҳақида хабар берилган эди. Маҳлиё Ҳамидова, Vaqt.uz мухбири.

Теглар

Мавзуга оид