
Термизда ҳам автобусларда нақд пул қабул қилинмайди
2026 йил 1 январдан Термиз шаҳри автобусларида йўл ҳақи фақат банк карталари ва электрон QR чипталар орқали қабул қилинади.

2026 йил 1 январдан Термиз шаҳридаги жамоат автобусларида нақд пул орқали тўлов қабул қилиш тўлиқ бекор қилинди. Энди йўловчилар йўл ҳақини фақат банк карталари ёки электрон бир марталик чипталар орқали амалга оширади. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Янги тартибга кўра, автобусларда исталган банк картаси орқали тўлов қилиш мумкин. Шунингдек, инфокиосклар орқали электрон бир марталик QR чипта харид қилиш имконияти яратилди. Бунинг учун инфокиоск қидирув қисмига «автобус» сўзи киритилиб, «Автобус QR чипта» бўлими танланади.
Чипта расмийлаштириш жараёнида йўловчи телефон рақами ва тўлов суммасини киритади. Шундан сўнг электрон чипта шакллантирилади ва автобуснинг олд қисмида жойлашган валидатор орқали сканер қилиниб, тўлов амалга оширилади. Агар инфокиоскдан қоғоз чипта чиқмай қолса, унинг электрон тасвирини валидаторга кўрсатиш орқали ҳам тўлов қилиш мумкин.
Маълум қилинишича, инфокиосклар қайтим пул бермайди. Ортиқча киритилган маблағлар автоматик равишда йўловчининг кўрсатилган телефон рақамига ўтказиб берилади. Ҳозирча электрон чипталарнинг аниқ нархи очиқланмаган.
Вилоятда жамоат транспортини янгилаш ишлари доирасида аввалроқ Хитойда ишлаб чиқарилган 35 та замонавий автобус етказиб келинган. Ушбу автобуслар брутто-шартнома асосида шаҳар ички йўналишларида қатновни йўлга қўйиши режалаштирилган.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан Андижон шаҳрида ҳам автобусларда нақд тўлов бекор қилинган эди. Электрон тўловлар учун йўл ҳақи 2100 сўм этиб белгиланган, инфокиосклар орқали харид қилинадиган QR чипта эса 3000 сўмни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳридаги автобус салонларида нақд пулда тўлов қилиш тўхтатилган эди. Йўлкирани 10 дан ортиқ нақд пулсиз тўлов усуллари орқали тўлаш мумкин: АТТО транспорт ва виртуал карталари, исталган банкларнинг UzCard ва Humo контактсиз карталари, халқаро тўлов тизимлари карталари (Visa, MasterCard, UnionPay), шунингдек, Click, Uzum, Plum тўлов иловалари орқали.
Нақд пулга бир марталик QR кодли чипталарни сотиб олинади, улар Paynet, Oson ва Multipay компанияларининг инфокиосклари, шунингдек, Paynet офлайн пунктлари орқали сотилади. Бундай чипталарнинг нархи 3000 сўмни ташкил этади, нақд пулсиз тўлов учун эса 1700 сўм ундирилади.





