Тинчлик Кенгаши: у БМТнинг ўрнини боса оладими?
Трамп ташаббуси билан ташкил этилган кенгашнинг биринчи йиғилиши эртага Вашингтонда бўлади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам унда қатнашади. Йиғилишда иштирокчилар тегишли мажбуриятларни бўйнига олади.

Эртага, 19 феврал куни Вашингтондаги Тинчлик институтида январ ойида АҚШ президенти Доналд Трампнинг ташаббуси билан тузилган Тинчлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади. Унда 20 дан ортиқ мамлакатдан вакиллар, хусусан, Покиштон бош вазири Шаҳбоз Шариф, Албания бош вазири Эди Рама, Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этилади. Туркия ва Исроил эса йиғилишда ташқи ишлар вазирлари даражасида қатнашади.
Доналд Трамп кенгашнинг биринчи йиғилиши санасини эълон қилар экан, Тинчлик кенгаши аъзолари Ғазони қайта тиклаш учун 5 миллиард доллар ажратишга ва ҳудудда халқаро барқарорлаштириш ҳамда полиция кучлари таркибида хизмат қилиш учун минглаб ходимлар юборишга ваъда берган. Унинг сўзларига кўра, бу мажбуриятлар 19 февралдаги йиғилишда расман эълон қилинади.
«Тинчлик кенгаши тарихдаги энг таъсирли халқаро тузилмага айланади ва унинг раиси сифатида хизмат қилиш мен учун шараф», – деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқда.
Президент қайси давлатлар қайта қуриш учун маблағ ажратаётгани ёки қайсилари барқарорлаштириш кучларига шахсий таркиб юборишини аниқлаштирмади. Бироқ Индонезия ҳарбийлари маълум қилишича, июн ойи охиригача 8 минг нафаргача ҳарбий Ғазога эҳтимолий гуманитар ва тинчликпарварлик миссияси доирасида юборишга тайёр бўлади. Бу Трамп қабул қилган илк аниқ мажбурият сифатида баҳоланмоқда.
Ғазони қайта тиклаш улкан вазифа бўлиб қолмоқда. БМТ, Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи ҳисоб-китобларига кўра, ҳудудни қайта қуриш учун камида 70 миллиард доллар талаб этилади. Икки йилдан ортиқ давом этган Исроил зарбалари оқибатида Ғазо секторида деярли зарар кўрмаган жой қолмаган.
Тинчлик кенгаши нима ва у қандай ишлайди?
Тинчлик кенгаши деб аталувчи янги халқаро тузилма январ ойида расман ишга туширилди. Бу 2025 йил ноябрида БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган 2803-сонли резолюция ортидан амалга ошди. Ушбу резолюция АҚШ воситачилигида ишлаб чиқилган, Ғазодаги урушни тугатишга қаратилган 20 банддан иборат асосий ёндашувни маъқуллаган эди. Ташаббус 22 январ куни ҳал қилувчи босқичга чиқди – АҚШ президенти Доналд Трамп Давосда ўтган 57-Жаҳон иқтисодий форуми доирасида бошқа аъзо давлатлар вакиллари билан бирга Тинчлик кенгаши уставини имзолади.

Кенгаш тарафдорлари уни Хавфсизлик Кенгаши доирасидаги анъанавий жамоавий ҳаракатларга нисбатан тезкор ва мослашувчан муқобил механизм сифатида кўрмоқда. Уларнинг фикрича, бу тузилма Ғазони қайта тиклашни режалаштиришни осонлаштиради. Бироқ танқидчилар, жумладан АҚШнинг яқин иттифоқчилари бўлган Франция ва Буюк Британия, ушбу ташаббус мавжуд кўп томонлама тизимни четлаб ўтиши ёки кенг қўллаб-қувватланадиган БМТ тузилмаларидан молия оқимларини бошқа томонга буриши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Ўз моҳиятига кўра, Кенгаш БМТ тизимидан ташқарида ташкил этилган, ихтиёрий асосда бирлашган давлатларнинг танланган коалициясидир. Унинг ташкил этилиши БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланган бўлса-да, бу тасдиқ фақат Ғазода қайта тиклаш ишларини мувофиқлаштириш мақсадидаги «ўтиш даври маъмурияти» сифатида берилган. Бу маъқуллаш Кенгашнинг амалий фаолияти ёки бошқарув механизмларига тааллуқли эмас.
БМТдан фарқли ўлароқ, Тинчлик кенгаши универсал ташкилот эмас ва қарор қабул қилишда кенг кўламли кўп томонлама консенсусга таянмайди. У чекланган миқдордаги ўзаро мос иштирокчилар билан тез ҳаракат қилишга мўлжалланган мустақил тузилма сифатида шакллантирилган.
Кенгашнинг бошқарув модели очиқдан-очиқ марказлаштирилган. Уставга мувофиқ, раисликка асосланган тизим жорий этилган бўлиб, унда Трамп раис сифатида аъзоларни таклиф қилиш ёки четлатиш, овозлар тенг бўлган ҳолларда ҳал қилувчи қарор чиқариш, шунингдек, барча қарорларни тасдиқлаш ёки вето қўйиш ваколатига эга.
Аъзолик фақат таклиф асосида амалга оширилади. Аъзолар уч йиллик муддатга тайинланади ва бу муддат жамоавий қарор билан эмас, балки раис ихтиёрига кўра узайтирилиши мумкин.
«Бу тузилма БМТ Уставида белгиланган асосий тамойил – инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига тенг ҳурмат кўрсатиш мажбурияти – атрофида ҳам кенгроқ саволларни ўртага ташлайди. Тинчлик ўрнатиш жараёнини донорлар етакчилигидаги танланган коалициялар атрофида шакллантириш, инновацион бўлса-да, кам ресурсга эга давлатларни четга суриши мумкин», – дейди Абу-Дабидаги Анвар Гаргаш Дипломатик Академияси декани, халқаро ҳуқуқ ва дипломатия профессори Эрик Алтер.
Унинг айтишича, бу ёндашув ҳудуд, ёрдам ва бошқарув устидан назоратни марказлаштириш орқали мустақил текширувларга тўсиқ қўйиши ва тинчлик жараёнида адолат мандатларини чеклаши мумкин. Масалан, Халқаро жиноят суди каби нейтрал институтларнинг роли пасайиши хавфи мавжуд. Агар асосий эътибор иқтисодий тикланиш ва барқарорлаштиришга қаратилиб, эҳтимолий жиноятлар ёки ҳуқуқбузарликлар масаласи четда қолдирилса, бу халқаро адолат механизмларига ишончни сусайтириши мумкин.
Молиявий жиҳатдан Кенгаш тўлиқ ихтиёрий бадалларга таянади. Маълумотларга кўра, узоқ муддатли иштирок учун камида 1 миллиард доллар миқдорида молиявий мажбурият талаб этилади. Бу эса уни кенг қамровли институт эмас, балки юқори кириш талабига эга, ихтиёрий форум сифатида шакллантирмоқда.
«Бундай динамика тинчлик фақат молиявий имконияти етарли акторлар учунгина очиқ, деган тасаввурни кучайтириши мумкин. Бу эса ўз тақдирини ўзи белгилаш тамойилини заифлаштириш, бир томонлама ташаббусларни рағбатлантириш ва баҳсли ер сиёсатлари ёки ташқи лойиҳаларни илгари суриш хавфини туғдиради. Узоқ муддатда эса бундай моделлар шаклланиб қолган кўп томонлама меъёрларни емириши ва универсал адолат тамойилларига бўлган садоқатни сусайтириши мумкин», – дейди Эрик Алтер.
Ҳозирда Кенгашнинг асосий эътибори Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга қаратилган. Шу билан бирга, устав унга барқарорлик ёки қонуний бошқарув хавф остида, деб топилган бошқа можароларга ҳам аралашиш ваколатини беради. Қизиғи шундаки, Кенгашнинг амалдаги уставида Ғазо номи тўғридан-тўғри тилга олинмаган.
Тинчлик кенгаши БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ўрнини босяптими?
Тинчлик кенгаши кўпинча БМТ Хавфсизлик Кенгаши билан бирга тилга олинса-да, бу икки тузилма мутлақо турлича ҳуқуқий асосларга эга.
Хавфсизлик Кенгаши ўз ваколатини БМТ Уставидан олади. Ушбу устав — БМТга аъзо давлатлар томонидан ратификация қилинган халқаро шартнома бўлиб, унда Хавфсизлик Кенгашига халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича асосий масъулият аниқ белгилаб берилган. Бу ваколат халқаро ҳамжамият томонидан жамоавий равишда берилган ва ўзига ўхшаш вазифани даъво қилаётган алоҳида тузилма томонидан такрорланиши мумкин эмас.
Шу билан бирга, мажбурий куч масаласи ҳам жуда муҳим. БМТ Уставининг 25-моддасига мувофиқ, БМТга аъзо давлатлар Хавфсизлик Кенгаши қарорларини бажаришга мажбур. Тинчлик кенгашида эса бундай механизм мавжуд эмас. Унинг қарорлари фақат унда иштирок этишни танлаган давлатларга тааллуқли бўлади ва аъзо бўлмаганлар учун ҳеч қандай ҳуқуқий кучга эга эмас.
Бу фарқ айниқса ижро этиш масаласида яққол намоён бўлади. Фақат Хавфсизлик Кенгашигина БМТ Уставининг VII боби доирасидаги ноёб ваколатларга эга, жумладан, санкциялар жорий этиш ва куч ишлатишга рухсат бериш ҳуқуқи. Бу ваколатлар турли ҳуқуқий юрисдикцияларда тан олинади.
«Тинчлик ва хавфсизликда марказий ўринни БМТ ва БМТ ичида Хавфсизлик Кенгаши эгаллайди. Айнан шунинг учун Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш муҳим. Шуниси қизиқки, БМТни самарасиз деб танқид қилаётган айрим танқидчиларнинг ўзлари Хавфсизлик Кенгаши ислоҳотига қарши чиқаётганлардир. Айнан шу нарса баъзан БМТнинг биз истаган даражада самарали эмаслиги сабаби бўляпти», – дейди БМТ бош котиби Антониу Гуттериш.
Тинчлик кенгаши эса, аксинча, сиёсий позицияларни мувофиқлаштириши ва молиявий қўллаб-қувватлашни ташкил этиши мумкин, бироқ бутун халқаро тизимни мажбурий тарзда боғлаб турадиган ижро механизмларини ярата олмайди.
Ўз моҳиятига кўра қаралганда, Тинчлик кенгашини энг тўғриси мувофиқлаштирувчи платформа сифатида тушуниш мумкин. Яъни, у бир хил қарашдаги давлатларга муайян сиёсий мақсад – дастлаб Ғазо масаласи – атрофида умумий кўп томонлама жараёнларнинг мураккаб тартиб-таомилларисиз тезкор ҳаракат қилиш имконини беради. Шу маънода, у БМТ тизими атайлаб эҳтиёткорликка асосланган ҳолларда тезлик ва мослашувчанлик таклиф қилиши мумкин.
«Кўп томонлама ҳамкорлик тобора парчаланиб бораётган бир пайтда, донорларга таянган «ихтиёрий коалиция» модели анъанавий, консенсусга асосланган БМТ механизмларига нисбатан тезкор ҳаракат қилиш имконини беради. Натижага йўналтирилган бошқарув орқали иштирокчи давлатлар Ғазода такрорланиб келаётган вайронагарчилик даврийлигини бузишга, фаластинликлар учун мустаҳкамроқ ўзини ўзи бошқариш пойдеворини яратишга ва шу билан бирга Исроил хавфсизлик ташвишларини ҳисобга олишга ҳаракат қилиши мумкин», дейди профессор.
Бироқ у глобал миқёсда ҳуқуқий легитимликни таъминлай олмайди. Тинчликпарвар миссияларни расман ваколатлаш, ҳукуматлар алмашишига қарамай амал қиладиган санкциялар жорий этиш ва сулҳ келишувларини халқаро ҳуқуқ доирасида мустаҳкамлаш ваколати фақат Хавфсизлик Кенгашига хос. Бу назарий фарқлар эмас, айнан шу сабабли БМТ қўллаб-қувватлаган қарорлар муайян коалиция доирасидан ташқарида ҳам узоқ муддатли аҳамият касб этади.
Агар Тинчлик кенгаши ўз вазифасида муваффақият қозонса, у тезкор жавоб форуми сифатида кўп томонлама тизимни тўлдириши мумкин. Аммо ҳозирги ҳолатида у шартнома ҳуқуқи ва универсал аъзоликка таянган халқаро тизим асосларининг ўрнини боса олмайди.
Ўзбекистон Тинчлик кенгашида иштирокдан қандай фойда кўради?
22 январ куни Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Тинчлик кенгаши низомини имзолади. Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши билан Ўзбекистон нафақат ташкилот аъзосига, балки унинг асосчиларидан бирига айланди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхоновнинг Vaqt.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистон Тинчлик кенгашига ҳеч қандай молиявий бадал тўламасдан қўшилган. Тинчлик кенгашининг қоидаларига кўра, ташкилотга аъзолик дастлаб уч йиллик муддатни ўз ичига олади. Бироқ, агар бирор давлат ўз ихтиёри билан биринчи йил давомида 1 миллиард доллар миқдоридаги бадални тўласа, унга кенгашда белгиланган муддатдан кўпроқ вақт давомида қолиш имконияти тақдим этилади.
Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси, собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг «Ўзбекистон 24» каналига берган интервюсида айтишича, Ўзбекистоннинг иштироки давлатга билдирилган ишонч, ҳурмат, иззат ва мамлакатнинг халқаро майдонда жиддий иштирокчилигини тан олиш ҳисобланади.
«Афғонистон қўшнимизни олсак. Афғонистон қўшнимизга ҳужум бошланишидан олдин, у ерда ҳеч қандай экстремист, террорист ташкилотлар бўлмаган. Лекин уруш бошлангандан кейин кўпинча мана шунақа ташкилотлар, гуруҳлар қаердан келди? Яқин Шарқдан келди. Албатта, Яқин Шарқ муаммосини ҳал қилиш осон масала эмас. XX асрда Яқин Шарқнинг боши урушдан чиқмаган. Шунинг учун бу масалани ҳал қилиш учун бутун халқаро ҳамжамият бирлашиб, нафақат АҚШ, араб давлатлари, мусулмон давлатлари, балки мана шу Марказий Осиё давлатлари биргаликда ҳаракат қилиши керак. Ҳар битта қадамни ўйлаб қўйиб, тинчлик ўрнатилса, барқарорлик ўрнатилса, бу жуда муҳим қадам бўлади», – деди президент маслаҳатчиси.
Собиқ дипломат Алишер Таксановнинг BBC’га айтишича, дунёдаги беқарорлик билан боғлиқ глобал жараёнлар кечаётганидан фойдаланиб, Ўзбекистон АҚШ билан яқинлашиб олишни хоҳлаяпти. Шу ўринда, икки давлат раҳбарлари орасидаги мулоқот ва учрашувлар кўпайганини келтириб ўтиш жоиз. Доналд Трамп иккинчи муддатга президентликка сайланганидан бери Ўзбекистон етакчиси билан икки марта телефонда гаплашди, Ню Йоркда, Вашингтонда ва Давосда учрашди.
Ўзбекистоннинг Ғазога кўмаги
Ғазо секторида уруш бошланганидан сўнг, Ўзбекистон БМТнинг Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) орқали Ғазо сектори аҳолиси учун гуманитар ёрдам сифатида 1,5 млн доллар ажратган.
100 дан ортиқ киши (фаластинлик аёллар ва болалар) Ғазодан эвакуация қилиниб, Ўзбекистонга келтирилган. Улар учун ижтимоий ёрдам, уй‑маскин, тиббиёт, таълим ва бошқа хизматлар тизими йўлга қўйилган. Ўзбекистонга келтирилган фаластинлик оилаларга бир вақтнинг ўзида моддий кўмаклар берилган, болалари учун давлат мактаблари ва боғчаларда ўқиш учун тўловлар бекор қилинган, тиббий рўйхатга олиниб, оила шифокорхона хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган.

Яна бир қизиқ томони шундаки, айрим оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Ўзбекистон эндиликда Ғазо секторида алоҳида квартал ҳам барво этмоқчи. Феврал ойи бошида Вашингтонга борган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири АҚШ давлат котибига тегишли режани кўрсатгани айтилади.
Теглар






