Тожикистон экспорти ярим йилда қарийб 1,6 млрд долларга етди
Мамлакат ўз маҳсулотларини асосан Хитой, Туркия, Ўзбекистон, Бельгия ва Швейцарияга сотди.

2026-йилнинг биринчи ярмида Тожикистон экспортининг ҳажми қарийб 1,6 миллиард долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 623 миллион долларга ёки 65,3 фоизга ошган. Бу ҳақда Тожикистон Экспорт агентлиги маълум қилди.
Январь–июн ойларида мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси 38,3 фоизга ўсиб, 4,38 миллиард долларга етди. Тожикистон маҳсулотлари 44 та давлатга, асосан Хитой, Туркия, Ўзбекистон, Бельгия ва Швейцарияга экспорт қилинди.
Экспорт таркибининг асосий қисмини саноат маҳсулотлари ташкил этди. Уларнинг ҳажми қарийб 1,5 миллиард долларга етиб, 2025-йилнинг биринчи ярмига нисбатан 67 фоизга ошди.
Саноат маҳсулотлари орасида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар 513,8 миллион доллар, рудалар ва концентратлар 385,8 миллион доллар, пахта толаси 61,9 миллион долларни ташкил этди.
Шунингдек, экспорт қилинаётган асосий саноат маҳсулотлари қаторидан ун ва ун маҳсулотлари, гиламлар, машина ва ускуналар, нефть маҳсулотлари, кимё ҳамда фармацевтика маҳсулотлари, сурма ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, шунингдек, транспорт воситалари учун эҳтиёт қисмлар ҳам ўрин олди.
2026-йилнинг биринчи ярмида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 40,5 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,7 фоизга ошди.





