
Тожикистондаги ҳамма ўқитувчилар ҳарбий хизматдан озод қилинди
Янги қонун лойиҳаси ўқитувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ортиқча ишлар ва тазйиқлардан асраш, шунингдек, уй-жой ва ер участкалари билан таъминлашни назарда тутади.

Тожикистонда «Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, бундан буён мактаб ўқитувчилари ўз касбий фаолияти даврида мажбурий ҳарбий хизматдан тўлиқ озод этилади. Илгари бу имтиёз фақат қишлоқ ўқитувчилари учун амал қилган эди.
Тузатишлар Олий Мажлиснинг Намояндалар палатаси томонидан маъқулланди. Улар қонуний кучга кириши учун Миллий Мажлис томонидан тасдиқланиши, президент томонидан имзоланиши ва расмий матбуотда эълон қилиниши лозим.
Тожикистон Таълим ва фан вазирлигининг «Осиё-Плюс» агентлигига маълум қилишича, вазирнинг биринчи ўринбосари Ҳомид Ҳошимзода 15 октябр куни бўлиб ўтган парламент йиғилишида қонунга ўзгартиришлар киритиш лойиҳасини тақдим этган. Унинг таъкидлашича, бу ўзгартиришлар педагогнинг мақомини ошириш ва таълим муассасаларида ўқитувчилар етишмовчилигини бартараф этиш мақсадида киритилмоқда.
«Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг 5-моддаси 11-бандида қуйидаги норма назарда тутилган: «педагогик фаолият даврида мажбурий ҳарбий хизматни ўташ кечиктирилсин», - деди Ҳошимзода.
Шунингдек, у норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштириш мақсадида «Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонуннинг 31-моддаси 4-банди иккинчи қисмидаги «умумтаълим қишлоқ мактаблари» деган сўзларни «умумтаълим мактаблари» деган сўзлар билан алмаштириш лозимлигини қайд этди.
Шу пайтгача қонунчиликда олий педагогик маълумотга эга бўлган ва қишлоқ мактабларида ишлаган ўқитувчиларгина ҳарбий хизматдан озод қилинган эди. Энди эса қонунга киритилган ўзгартиришлар кучга киргач, бу имтиёз иш жойидан қатъи назар, барча педагогларга татбиқ этилади.
Таъкидлаш жоизки, Тожикистондаги мактабларда ўқитувчилар етишмаслиги сўнгги йиллардаги энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Мамлакат таълим ва фан вазири Раҳим Саидзоданинг сўзларига кўра, 2025/2026 ўқув йили бошида мамлакат мактабларида 3800 дан ортиқ ўқитувчи етишмаган. Ваҳоланки, жорий йилда педагогика йўналишида 13 минг нафар талаба ўқишни тамомлаган.
Мутахассисларнинг фикрича, мактабларда кадрлар етишмовчилигининг асосий сабаблари айрим педагогларнинг армияга мажбуран чақирилиши, шаҳар ва туманлар раҳбарларининг ер участкалари ажратиш бўйича берган ваъдаларини бажармаслиги ва ўқитувчилар учун назарда тутилган бошқа имтиёзларнинг амалга оширилмаслигидир.
Ушбу муаммони ҳал қилиш учун мамлакат ҳукумати «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳасини таклиф қилди ва у Намояндалар палатаси томонидан қабул қилинди. Ушбу қонун илк бор педагогларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва молиявий мақомини алоҳида норматив ҳужжатда белгилаб берди.
Эслатиб ўтамиз, «Педагог мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ўтган йилги топшириғидан сўнг бошланган эди. Билимлар кунидаги нутқида президент таълим соҳасидаги муаммоларга эътибор қаратиб, ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрўси ва мавқеи пасайиб кетаётганидан хавотир билдирган ва тегишли қонунни тайёрлаш бўйича топшириқ берган эди.
Ушбу қонун ўқитувчиларнинг қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилади, уларни мактабларда «шанбалик»ларга жалб қилиш ва пул йиғишни тақиқлайди. Шунингдек, педагоглар ҳақорат ва тазйиқлардан ҳимояланади. Бундан ташқари, қонунга мувофиқ уларга кафолатлар берилади — хусусан, ер участкаларини навбатсиз олиш ва уй-жой билан таъминланиш.





