
Тошкент метросининг узоқ вақт ёпиқ бўлган вестибюллари очилмоқда
Йўловчи оқими ортиши ва аҳоли талаби туфайли узоқ вақт ёпиқ турган бир қатор бекатлар вестибюллари 11 декабрдан қайта фойдаланишга очилади.

Тошкент метросининг тўртта бекатидаги узоқ йиллар мобайнида ёпиқ бўлиб турган вестибюллар 11 декабрдан бошлаб йўловчилар учун ишга туширилиши маълум қилинди.

Метрополитен матбуот хизматига кўра, бу қарор шаҳардаги йўловчи оқимининг ортиши ва аҳолининг қулайликка бўлган талаби билан боғлиқ.

Маълумотга кўра, «Ўзбекистон», «Машинасозлар», «Ғафур Ғулом» ва «Миллий боғ» бекатларининг бир томонлама кириш қисми узоқ йиллар давомида йўловчи оқими камлиги сабабли ёпиқ ҳолда сақланган. Бугунги кунда ушбу нуқталарда техник янгилаш ишлари тўлиқ якунланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланган.

Метрополитен мутасаддилари таъкидлашича, ҳар бир бекатда хавфсизлик талаблари, йўловчиларга тез ва эркин ҳаракатланиш имконияти янгича ёндашув асосида қайта мослаштирилган. Текширув ва сервис ускуналари янгиланиб, фойдаланиш учун зарур шароитлар яратилган.
Шу билан бирга, метрополитен маъмурияти вестибюлларнинг очилиши йўловчилар учун қўшимча қулайликлар яратишини, айниқса, тирбанд соатларда бекатлардаги юклама пасайишига хизмат қилишини қайд этмоқда. Қайта ишга туширилган вестибюллар орқали бекатларга кириш-чиқиш имкониятлари кенгаяди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 9 декабрдан метронинг уч йўналишидаги кассалар ёпилиши ҳақида хабар берилган эди.





