
Тошкент ва Ню-Йорк ўртасида шериклик битими тайёрланмоқда
Тошкент шаҳар ҳокими ва Ню-Йорк шаҳри мэри учрашувида шоҳарларни ривожлантириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва стратегик ҳамкорликнинг келгуси йўналишлари муҳокама этилди.

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов пойтахтга ташриф буюрган Ню-Йорк шаҳри мэри Эрик Адамс бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат давомида икки шаҳарни ривожлантиришга доир долзарб масалалар, инфратузилмани янгилаш ва бошқарувда илғор тажрибаларни ўртоқлашиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар Тошкент ва Ню-Йорк ўртасидаги ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш бўйича фикр алмашдилар.
Учрашувда Шавкат Умурзоқов делегацияга «Тошкентни 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси» ҳақида маълумот берди. Унинг доирасида «Янги Тошкент» шаҳарсозлик дастури, «Янги авлод» саноат зонасини барпо этиш, шунингдек, янги жамоат масканларини ривожлантириш каби йирик лойиҳалар тақдим этилди. Шу билан бирга, транспорт тизимини такомиллаштириш, логистика ва коммунал хизматлар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам батафсил ёритилди.
Учрашувда Marriott, Wendy’s, Pepsi, DP World, VEOLIA ва бошқа халқаро компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Томонлар бу каби ташаббуслар Тошкент инфратузилмасини замонавийлаштиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Эрик Адамс Ўзбекистондаги янгиланиш суръатларини юқори баҳолар экан, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни катта ҳурмат билан тилга олди. У Тошкентнинг ривожланиш йўналишини тўғри деб атади ва маҳаллий ҳамда халқаро ҳамкорликка кенг имкониятлар очилаётганини қайд этди.
Учрашув якунларига кўра, Тошкент ва Ню-Йорк шаҳарлари ўртасида шоҳарларни комплекс ривожлантириш, маданият, инновациялар ва иқтисодиёт йўналишларида узоқ муддатли ҳамкорликни назарда тутадиган шериклик битимини тайёрлаш бўйича келишувга эришилди.
Аввалроқ Ню-Йорк шаҳри мэрига маҳаллий тадбиркорлар ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Америка бозорига йирик ҳажмда етказиб бериш, экспортни диверсификация қилиш бўйича таклифлар бергани ҳақида хабар берилганди.





