Logo

Тошкентда «City Palace» ўрнида 41 қаватли меҳмонхона қуриш таклиф қилинди

Бугун 13:351 дақиқа

Янги мажмуада 540 та хона ва конгресс маркази бўлиши кўзда тутилган. Амалдаги бош режага кўра, бу ҳудудда етти қаватгача бино қуриш мумкин

Тошкентда «City Palace» ўрнида 41 қаватли меҳмонхона қуриш таклиф қилинди © r-express.ru

Тошкент марказидаги 17 қаватли «City Palace» меҳмонхонаси ўрнида конгресс марказига эга 41 қаватли янги мажмуа қуриш режалаштирилмоқда. Лойиҳа 23 ноябр куни бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида муҳокама қилинди.

Меҳмонхона бош менежерининг айтишича, компания сайёҳларни қабул қилиш ва халқаро тадбирлар ўтказишга мўлжалланган мажмуа лойиҳасини тайёрлаган. Компания бинонинг неча қават бўлиши мумкинлиги юзасидан Урбанизация қўмитасининг расмий жавобини кутмоқда. Менежернинг сўзларига кўра, бу масала бир ой олдин ҳам кўтарилган.

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов баланд бино Амир Темур хиёбонидаги ёдгорликни тўсиб қўйиши мумкинлигини айтди. Лойиҳа вакили эса янги бино ёдгорликнинг кўринишига халақит бермаслигини билдирди.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаевнинг таъкидлашича, Тошкентда бино неча қават бўлиши мумкинлигини шаҳар бош режаси белгилаб беради ва бу кўрсаткич алоҳида инвесторларнинг илтимосига кўра ўзгартирилмайди. Учрашувда мутасадди амалдаги бош режага кўра, ушбу ҳудудда етти қаватгача бино қуриш мумкинлигини маълум қилди.

Урбанизация қўмитаси янги бино қўшни «InterContinental» меҳмонхонасидан баланд бўлмаса, лойиҳани кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Хўжаев бу вариант бўйича қарор лойиҳа кўриб чиқилгач қабул қилинишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг АҚШдаги компанияси Тошкентдаги яна олтита меҳмонхонани ўз портфелига қўшишни режалаштираётганди.

Теглар

Мавзуга оид