add

Тошкентда Ягона йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ишга тушади

03.12.2025 | 19:182472 дақиқа

Президент ушбу марказни келгуси йилларда кенгайтириш ва 2030 йилга қадар уни ҳудудлар билан интеграция қилишни топширди.

Тошкентда Ягона йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ишга тушади

Президент Шавкат Мирзиёев 3 декабр куни Тошкентда транспорт бошқарувини такомиллаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш чораларига доир тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, дунё амалиётида йўл ҳаракатини бошқаришнинг энг самарали усули сифатида интеллектуал транспорт тизими (ITS) кенг қўлланилмоқда. Мазкур ёндашувга кўра, шаҳарларда ҳаракатни ўз вақтида назорат қилиш, таҳлилини олиб бориш ва режалаштириш марказлашган ҳолда амалга оширилади.

Президент ҳузуридаги тақдимотда Тошкент шаҳрида ягона йўл ҳаракатини ташкил этиш марказини яратиш таклиф қилинди.

Ушбу марказ транспорт ва пиёдалар оқимларини таҳлил қилиш ва моделлаштириш, интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш ҳамда бошқариш, транспорт мастер-режаси ва каркасини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, электр қувватлаш инфратузилмасини ривожлантириш, индивидуал ҳаракатланиш воситаларидан фойдаланишни рағбатлантириш каби вазифалар билан шуғулланади.

Марказ интеллектуал транспорт тизимининг оператори ҳисобланади. Мазкур платформа камералар, датчиклар, GPS воситалари орқали йиғилган маълумотларни, хусусан, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда таҳлил қилиб, тирбандликлар статистикасини юритиш ва уларни башорат қилиш, маршрутларни оптималлаштириш, светофор фазаларини адаптив тарзда ўзгартириш, йўл-транспорт ҳодисалари рўй берган пайтда фавқулодда хизматларни чақириш каби имкониятларга эга бўлади.

Таъкидланишича, тизимнинг жорий қилиниши натижасида йўлларда транспорт ҳаракатининг ўртача вақти ва фавқулодда хизматларнинг ЙТҲ жойига етиб келиш вақти қисқариши, асосий йўллардаги тирбандликлар ҳамда йўл-транспорт ҳодисалари камайиши кутилмоқда.

Президент таклифларни маъқуллаб, пилот лойиҳани жорий йилнинг ўзидаёқ ишга тушириб, келгуси йилларда уни кенгайтириш, 2030 йилга қадар уни ҳудудлар билан интеграция қилишни топширди.

Теглар

Мавзуга оид