
Тошкентдаги боғчалар карантинга олиниши рад этилди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги боғчаларда карантин жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди. Санепидқўмита раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков «Vaqt.uz»га маълум қилишича, бундай хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги айрим мактабгача таълим ташкилотларида карантин жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков «Vaqt.uz»га бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси ҳам мазкур ҳолат юзасидан баёнот бериб, ҳозирда Тошкент шаҳрида карантин эълон қилинишига сабаб бўладиган хавфли юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик вазият барқарор эканини билдирди.
“Ижтимоий тармоқларда айтилаётган турли касалликлар (қизамиқ, менингит, гепатит, сил ва бошқалар) бўйича карантин эълон қилиниши заруратини келтириб чиқарадиган ҳолатлар мавжуд эмас. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар йили қишки мавсумда грипп ва ЎРВИ билан касалланиш ҳолатлари аҳолида мавсумий равишда кўпаяди. Шу сабабли таълим ташкилотларида болалар саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида эрталабки филтр (саралаш) ишлари, тана ҳароратини ўлчаш, касаллик белгилари бор болаларни вақтинча ажратиш, ота-оналарга тавсиялар бериш каби профилактик чоралар олиб борилади. Айни шу филтр жараёнлари айрим фуқаролар томонидан карантин сифатида нотўғри талқин қилинган”, дейилади баёнотда.
Қўмита бошқармаси фуқаролардан ижтимоий тармоқларда тарқалган тасдиқланмаган хабарларга ишонмаслик, фақат расмий манбалар орқали бериладиган маълумотларга таянишни сўраган.





