
Тошкентнинг янги аэропорти қуриладиган ҳудуд тўлиқ хатловдан ўтказилади
Тошкент вилоятида қурилаётган янги халқаро аэропорт ҳудуди тўлиқ хатловдан ўтказилиб, бинолар ва қишлоқ хўжалиги ерлари эгаларига етказиладиган зарар учун компенсация миқдори аниқланади.

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларида қурилаётган янги халқаро аэропорт учун ажратилган ҳудуд тўлиқ хатловдан ўтказилади. Бу ҳақда Тошкент вилояти кадастр бошқармаси ўз Телеграм каналида маълум қилди.
Хатлов жараёнида ҳудуддаги турар ва нотурар жой бинолари, шунингдек, фермер хўжаликларига тегишли қишлоқ хўжалиги ерлари баҳоланиб, уларнинг эгаларига тўланадиган компенсация миқдори аниқланади.
Аввалроқ Ўрта Чирчиқ туман ҳокимлиги вакиллари аҳоли билан учрашиб, мазкур ҳудудда яшаётган аҳоли қисман кўчирилиши ва уларга янги турар жой ҳамда тегишли тўловлар тақдим этилиши ҳақида маълумот бергани ҳақида хабар қилган эдик.
Ўрта Чирчиқ тумани ҳокими Ихтиёр Қосимов октябр ойи охирида Янгиҳаёт маҳалласидаги Халқобод аҳоли пункти ва фермерлар билан учрашув ўтказган. Учрашувда янги аэропорт лойиҳаси учун Халқобод ва Янгийўл маҳаллаларида ер майдонлари ажратилгани маълум қилинган.
Янги аэропорт атрофида янги қурилиш ва инвестиция лойиҳалари вақтинча чекланади. Бу қарор ҳудудда мавжуд мулк қийматининг асоссиз ошишининг олдини олиш, ер тақсимоти ва янги қурилиш фаолиятини назорат қилиш мақсадида қабул қилинган.
Маълумот учун, янги халқаро аэропорт 1300 гектар майдонда қурилаётган бўлиб, лойиҳа доирасида 1309,76 гектар ер икки туманда расман ажратилган. Президент Шавкат Мирзиёев аэропорт пойдеворига рамзий капсула қўйиб, қурилишни расман бошлаб берган эди.





