
Трамп Мадурони ағдармоқчи, лекин ресурс етарли эмас — CNN
АҚШ Венесуэладаги ҳокимиятни куч билан ўзгартиришга тайёр эмас. Бунга ҳарбий имкониятлар етарли эмаслиги бош сабаб.

АҚШ айни пайтда Венесуэла президенти Николас Мадурони ағдариш мақсадида кенг кўламли ҳарбий операция ўтказиш учун етарли ресурсларга эга эмас. Бу ҳақда вазиятдан бохабар манбалар ва мутахассислар CNN телеканалига маълум қилган.
Доналд Трамп сўнгги баёнотида Венесуэла ҳудудига зарбалар мумкинлигини таъкидлаган бўлса-да, экспертлар бу амалиётнинг оқибатлари оғир бўлишини айтмоқда. Уларга кўра, Мадуро режими ағдарилса, мамлакатда ҳарбий тўнтариш ёки режимнинг янада қаттиққўл қаноти мустаҳкамланиши мумкин. Шунингдек, АҚШ ичкарисида ҳам Трампга қарши танқидлар кучайиши эҳтимолдан холи эмас — у сайлов кампаниясида хориждаги янги урушлардан қочишга ваъда берганди.
Вашингтон Мадурони жиноий гуруҳлар, хусусан Tren de Aragua билан алоқадор деб ҳисоблайди ва уни наркотрафикда иштирок этишда айбламоқда. Аммо мутахассислар президентни олиб ташлаш Венесуэлада фуқаролик урушига сабаб бўлиши мумкинлигини огоҳлантирмоқда — чунки Мадуро режим ичидаги турли сиёсий ва ҳарбий гуруҳларни бирлаштириб турган асосий шахсдир.
Трамп маъмурияти мухолифат етакчилари — Эдмунд Гонсалес ва Мария Корина Мачадони қўллаб-қувватлаш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда. Аммо мутахассислар таъкидлашича, АҚШдан узоқ муддатли ёрдам, жумладан хавфсизликни кафолатлашсиз, мухолифат ҳокимиятни мустаҳкам ушлаб туриши қийин бўлади.
Ҳодисалар фонида яна бир хавотирли омил — Венесуэлани Россия, Хитой ва Куба қўллаб-қувватлаётганидир. CNN хабарига кўра, ушбу мамлакатларга тегишли объектларга эҳтимолий зарбалар бутун минтақадаги мувозанатни издан чиқариши мумкин.
17 ноябр куни Трамп матбуот анжуманида Венесуэла музокараларга тайёр эканини ва эҳтимол, АҚШ буни кўриб чиқишини айтди. Reuters агентлигининг ёзишича, Мадуро ҳукумати Кариб ҳавзасида АҚШнинг ҳарбий фаоллиги кучайган бир пайтда Вашингтоннинг босими остида қолмоқда.
Аввалроқ, Венесуэла президенти Николас Мадуро режимининг ағдарилиши эҳтимоли ортиб борар экан, у Куба ёки Россияга қочиш эҳтимоли борлиги ҳақида хабар берган эдик.





