Трамп янги савдо божларини эълон қилди: бу қайси давлатларга таъсир қилади?
Вашингтон уларни дунё бозорларини арзон товарлар билан тўлдириб юбораётганликда айбламоқда.
© Getty imagesТрамп маъмурияти 14 та йирик савдо ҳамкорига, жумладан, Хитой, Европа Иттифоқи ва Ҳиндистонга нисбатан янги савдо божлари жорий этиш режасини эълон қилди. Вашингтон уларни дунё бозорларини арзон товарлар билан тўлдириб юбораётганликда айбламоқда. Энг юқори ставкалар Хитойга нисбатан қўлланилади.
АҚШ Савдо вакили идораси (USTR) Вашингтон «таркибий ортиқча қувват» деб атайдиган ҳолат юзасидан саккиз ой давом этган текширувдан сўнг чоршанба куни янги божларни эълон қилди.
АҚШнинг юқори мартабали расмийси «Reuters» агентлигига маълум қилишича, USTR буни мамлакатлар томонидан субсидиялар ва бошқа чоралар орқали «талаб ҳамда бозор тамойилларидан узилган ҳолда ишлаб чиқариш ва қувватларни рағбатлантириш» деб таърифлайди.
Ушбу чоралар феврал ойида АҚШ Олий суди томонидан бекор қилинган Трампнинг кенг кўламли импорт солиқларини қайта тиклаш йўлидаги сўнгги уринишдир.
Қандай янги божлар эълон қилинмоқда?
Янги божлар 1974 йилги АҚШ савдо тўғрисидаги қонунининг 301-бўлими доирасида жорий этилмоқда. У Вашингтонга Америка бизнесига нисбатан адолатсиз муносабатда деб топилган давлатларни жазолаш имконини беради. Трамп биринчи президентлик муддатида Хитой товарларига йирик божлар қўйиш учун айнан шу моддадан фойдаланган.
Бу Трампнинг 2025 йил апрел ойида — Оқ уйдаги иккинчи муддатини бошлаганидан кўп ўтмай эълон қилган «Озодлик куни» божларини қайтаришга бўлган навбатдаги уринишидир. У ўша божларни фавқулодда ваколатлар тўғрисидаги қонунга таяниб киритган, бироқ жорий йил февралида Олий суд мазкур қонун президентга савдо божларини жорий этиш ваколатини бермайди, деган қарорга келган эди.
Шундан сўнг маъмурият бошқа бир қонундан фойдаланиб, савдо ҳамкорларига 10 фоизлик вақтинчалик божлар жорий этди, бироқ уларнинг муддати июл ойида тугади. Кейин уларнинг ўрнига АҚШ импорт қиладиган деярли барча маҳсулотларни етказиб берувчи 60 иқтисодиётга нисбатан 10 фоиздан 12,5 фоизгача божлар киритилди. Бу сафар маъмурият 301-бўлимга таяниб, мазкур давлатлар мажбурий меҳнат ёрдамида ишлаб чиқарилган товарлар кириб келишига йўл қўймаслик учун етарли чора кўрмаётганини даъво қилди.
Савдо ҳамкорларининг «таркибий ортиқча қуввати» юзасидан ўтказилган сўнгги текширув март ойида бошланган бўлиб, пўлат ва автомобиллардан тортиб компютер чиплари ва қуёш панелларигача бўлган соҳаларни қамраб олди. Унда давлат субсидиялари, давлат томонидан сунъий равишда паст ушлаб турилган иш ҳақлари ҳамда давлат корхоналари фаолияти ўрганилди.
Вашингтоннинг таъкидлашича, бундай қўллаб-қувватлов заводларга ўз маҳсулотларини бутун дунё бўйлаб арзонроқ нархда сотиш имконини беради, бу эса америкалик ишлаб чиқарувчиларга зарар етказади ва АҚШга инвестиция киритиш рағбатини сусайтиради.
Қайси давлатлар нишонга олинди?
Текширув 16 иқтисодиётни қамраб олди, улардан 14 тасига — Хитой, Бангладеш, Камбожа, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, Индонезия, Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Швейцария, Тайван, Таиланд ва Виетнамга нисбатан бож жорий этиш таклиф қилинди. Текширувдан ўтказилган Мексика ва Норвегия эса ҳозирча чекловлардан четда қолди.
Трамп маъмурияти Хитойни энг йирик қоидабузар деб ҳисоблаб, унинг пўлат, алюминий, электромобил, маиший техника ва қуёш панеллари саноатини мисол келтирмоқда. Пекин бу айбловни рад этиб, ўз экспорти шунчаки рақобатбардош эканини таъкидлайди. Вашингтон, шунингдек, Хитой компанияларини АҚШнинг аввалги божларини четлаб ўтиш мақсадида Виетнам, Индонезия ва Камбожага сармоя киритаётганликда айбламоқда.
Вашингтон Европа Иттифоқига қарши далил сифатида Германия ва Ирландиянинг йирик савдо профицитини кўрсатди. Шунингдек, Хитой ва Япония автомобилсозлик саноати, Сингапурнинг компютер чиплари ҳамда Норвегиянинг ёқилғи ва денгиз маҳсулотлари экспорти алоҳида танқид остига олинди.
Янги бож ставкалари қанча бўлади?
АҚШнинг юқори мартабали расмийси аксарият давлатлар учун белгиланган ставкаларни очиқламади. Бироқ энг юқори божлар Хитойга нисбатан қўлланилади. Расмийнинг сўзларига кўра, ортиқча қувват туфайли таклиф этилаётган 20 фоизлик бож Трампнинг биринчи президентлик муддатида белгиланган тахминан 25 фоизлик божлар устига қўшилади. Бу эса Хитойни 20 фоизлик ставка таклиф қилинаётган Виетнамдан юқорироқ ўринда сақлаб қолади.
Расмийнинг таъкидлашича, янги божлар Трамп маъмурияти музокаралар орқали эришган савдо келишувларидаги тариф чекловларини бузмайди. «Reuters»нинг аввалги хабарларига кўра, бу чекловлар Европа Иттифоқи, Япония ва Жанубий Корея учун 15 фоиз, Малайзия учун эса 19 фоиз этиб белгиланган.
Хитой учун эса Пекин билан 10 январда муддати тугайдиган савдо сулҳига мувофиқ, Трампнинг иккинчи муддати давомида жорий этиладиган божларнинг энг юқори чегараси 20 фоизни ташкил этади.
Ҳиндистоннинг АҚШ билан имзоланган савдо битими йўқ. Томонлар феврал ойида битимнинг асосий йўналишлари бўйича келишиб олган, бироқ у якунига етмаган ва музокаралар ойлаб чўзилиб кетган. 14 ноябр куни Ҳиндистон ташқи ишлар вазири С. Жайшанкар келишув яқин орада имзоланиши мумкинлигини билдирди.





