
Туркманистон 2026 йилдан расман майнинг ва криптобиржаларни очади
Туркманистон 2026 йилдан бошлаб майнинг, криптобиржалар ва токенлар чиқаришни қонунийлаштирди, бу мамлакатда виртуал активлар бозорини тубдан ўзгартириши кутилмоқда.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов «Виртуал активлар тўғрисида»ги қонунни имзолади. Янги ҳуқуқий ҳужжат 2026 йил 1 январдан кучга киради ва мамлакатда криптовалюта майнинги ҳамда криптобиржалар фаолиятини расман қонунийлаштиради. Бу Марказий Осиёдаги жуда кам учрайдиган ҳуқуқий ёндашувлардан бири сифатида иқтисодчилар эътиборини тортди.
Янги қонунга кўра, виртуал активлар Туркманистон қонунчилигида фуқаролик муомаласидаги объект сифатида тан олинади. Бироқ улар валютанинг ўрнини босувчи восита, тўлов шакли ёки қимматли қоғоз сифатида ҳисобланмайди. Шу тариқа давлат криптоэкотизимни алоҳида ҳуқуқий сегмент сифатида белгилади.
Майнинг фақат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга рухсат этилади. Бу имтиёз чет эл компанияларига ҳам тааллуқли. Майнинг ускуналаридан яширинча фойдаланиш, бошқа шахс ускуналарини розиликсиз ишлатиш қатъиян тақиқланади. Мақсад — энергия истеъмоли устидан тўлиқ назорат ва ноқонуний майнингни чеклаш.
Криптобиржалар эса фақат юридик шахс мақомига эга бўлган ҳолда фаолият юритиши мумкин. Уларда мижоз маблағлари хавфсизлиги, киберхавфсизлик ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича қатъий талаблар жорий этилган. Биржа операторлари давлат органидан лицензия олиши ва доимий назоратдан ўтиши шарт бўлади.
Туркманистон компанияларига инвесторларни жалб қилиш мақсадида ўз токенларини чиқариш ҳуқуқи берилади. Бироқ ҳар қандай эмиссиядан олдин лойиҳа давлат органида рўйхатдан ўтиши лозим. Бу механизм молиявий ҳимоя ва шаффофликни таъминлашга қаратилган.
Қонунга мувофиқ, давлат органлари криптоактивлар қийматининг тушиб кетиши ёки хизмат провайдерлари мажбуриятлари учун жавобгар эмас. Бозор хавфи бутунлай иштирокчилар зиммасига юкланади.





