add

Туркманистонда янги 200 манатлик купюра муомалага киритилди

01.12.2025 | 20:383432 дақиқа

Туркманистон Марказий банки 1 декабрдан полимер асосидаги 200 манатлик янги банкнота ва янгиланган майда купюраларни муомалага чиқара бошлади.

Туркманистонда янги 200 манатлик купюра муомалага киритилди

Туркманистон Марказий банки 1 декабрдан бошлаб янги 200 манатлик полимер банкнота ҳамда 1, 5 ва 10 манатлик модификация қилинган купюраларни муомалага киритганини маълум қилди. Бу ҳақда «Turkmen portal» хабар берди. Купюра мамлакатнинг доимий бетарафлик мақомига эришганига 30 йил тўлиши муносабати билан жорий этилди.

Туркманистон Марказий банки маълумотида айтилишича, янги полимер банкноталарнинг асосий афзаллиги – уларнинг қўлланилишида қалбакилаштириш эҳтимоли пастлиги ва ташқи таъсирлардан юқори даражада ҳимояланганидир. Банкноталар ифлосланиш, ейилиш ва турли шикастланишларга чидамли бўлиб, улардаги қўшимча ҳимоя элементлари ҳам кучайтирилган.

Модификация қилинган 1, 5 ва 10 манатлик купюралар аввалги ранг ва дизайнни сақлаб қолган. Уларда Халқаро тинчлик ва ишонч йили эмблемаси тасвирланди. Бу ўзгаришлар банкноталарнинг ташқи кўринишини янгилаш билан бирга, уларнинг ҳаққонийлигини тез аниқлашга ёрдам беради.

Янги 200 манатлик купюранинг олд томонида «Аркадаг» монументи, орқа томонида эса Аркадаг шаҳри ҳокимлик биноси акс этган.

Янги купюралар Туркманистон ҳудудида барча тўлов операциялари учун ахборот соҳаси ва мулк шаклидан қатъи назар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан қабул қилинади. Шу билан бирга, 2009, 2012, 2014, 2017 ва 2020 йиллардаги банкноталар ҳам қонунан амал қилишда давом этади ва тўлов воситаси сифатида ўз кучини сақлайди.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистон 2026 йилдан бошлаб майнинг, криптобиржалар ва токенлар чиқаришни қонунийлаштирди, бу мамлакатда виртуал активлар бозорини тубдан ўзгартириши кутилмоқда.

Мавзуга оид