
Украинада мисли кўрилмаган коррупция можароси юз берди. Унинг марказида Зеленскийнинг яқин дўсти турибди
Коррупцион схема тепасида Зеленскийнинг яқин дўсти сифатида танилган тадбиркор Тимур Миндич тургани айтилмоқда. Қолаверса, ҳукуматнинг бир неча собиқ ва амалдаги аъзолари ҳам жалб этилган. Бу Зеленскийга қандай таъсир кўрсатади?

Украина ҳукуматининг бир неча собиқ ва амалдаги аъзолари, шунингдек, президент Володимир Зеленскийнинг яқин дўсти сифатида танилган тадбиркор Тимур Миндич Украина энергетика соҳасидаги кенг кўламли коррупция схемасига аралашгани айтилмоқда. Бу ҳақда BBC мамлакатнинг коррупцияга қарши кураш органларига таяниб, хабар берди.
Кундан-кунга авж олиб бораётган бу можаро нафақат Украина сиёсати, балки бутун жамият учун энг кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу ҳафта Украина коррупцияга қарши кураш органлари мамлакат энергетика соҳасида фаолият юритган «юқори даражадаги жиноий ташкилот»ни фош этгани ҳақида маълум қилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг айтишича, жиноятчилар томонидан қўлга киритилган ноқонуний фойда миқдори ўнлаб миллион долларни ташкил этган.
Миллий коррупцияга қарши кураш бюроси (МКҚК)нинг таъкидлашича, тергов ҳаракатлари давомида турли вазиятларда Украина ҳукуматининг тўрт нафар аъзоси ушланган.
Энг қизиқ жиҳати шундаки, МКҚК фош этилган жиноий ташкилотнинг раҳбари сифатида президент Володимир Зеленский билан яқин алоқалари билан танилган тадбиркор Тимур Миндични кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, жиноий схеманинг қуйи бўғин иштирокчиларидан бирига нисбатан эҳтиёт чорасини кўриб чиқиш чоғида прокурор Миндичнинг ноқонуний фаолият олиб борган яна бир соҳаси Украина мудофааси эканини маълум қилди. Шу муносабат билан у Миндичнинг собиқ мудофаа вазири, ҳозирда Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеровга кўрсатган таъсири ҳақида гапирди.
«Мидас» операцияси ва «Шлагбаум» схемаси
10 ноябр куни МКҚК фош этган схема Украинанинг барча атом электр станциялари оператори бўлган «Энергоатом» компанияси фаолиятига тааллуқли эди. Унинг 100 фоиз акциялари давлатга тегишли.
Ушбу корхонанинг Украина учун аҳамиятини баҳолаш қийин: атом энергетикаси ҳозирда мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг ярмидан кўпини (йилнинг совуқ мавсумида эса 70 фоизгача) таъминлайди. «Энергоатом»нинг йиллик даромади 200 миллиард гривнадан (4,76 миллиард доллар) ортиқ.
11 ноябр куни кечқурун Олий коррупцияга қарши кураш суди мажлисида прокурор жорий йил бошида Тимур Миндич «уруш даврида Украинада юзага келган вазиятдан, Украина президенти билан дўстона муносабатлардан, давлат ҳокимияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳозирги ва собиқ амалдорлари билан алоқалардан фойдаланиб... ўз эҳтиёжларини қондириш мақсадида ноқонуний бойишга қарор қилгани»ни маълум қилди.
Прокуратура маълумотларига кўра, шу мақсадда у ва унинг таниши Александр Цукерман «Энергоатом» томонидан амалга оширилган харидларнинг катта қисмидан «қайтарма» олиш имконини берувчи тизимни яратган.
Коррупцияга қарши курашувчи органларга ишонадиган бўлсак, бу схема шундай ишлаган.
«Энергоатом» контрагенти Украина АЭСларида бирор ишни бажарган ёки уларнинг эҳтиёжлари учун товарлар етказиб берган. Шундан сўнг у «Энергоатом»дан ушбу товарлар ёки хизматлар учун тўловни олиши керак эди. Бироқ, амалда пуллар жиноятчилар ушбу контрагентдан шартнома суммасининг 10-15 фоиз миқдорида «қайтарма» олгандан кейингина тўланган. МКҚК аниқлик киритишича, баъзида тўловни ушбу жиноий ташкилот аъзолари назорат қиладиган компания ҳисоб рақамларига, баъзида эса «Энергоатом» учун бажарилган ишлар эвазига пул кутаётган бошқа компаниялар ҳисоб рақамларига ўтказиш керак бўлган.
Контрагентларда «қайтарма»дан воз кечиш имконияти деярли йўқ эди — бундай ҳолда улар «Энергоатом»дан бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар учун пул ололмасди. Гап шундаки, яқин вақтгача «Энергоатом» уруш даврида қарздорликни ундириш тақиқланган корхоналар рўйхатига киритилган эди.
«Сен судга мурожаат қилишинг мумкин, суд мораторий бор, дейди. Бирор иш қилдингми, йўқми, барибир «Энергоатом»дан пулни қайтариб ололмайсан. Улар [жиноятчилар] бу вазиятдан товар етказиб берувчиларга босим ўтказиш учун фойдаланишган. Баъзи [таъминотчилар шу сабабли] бозордан чиқиб кетишди, ишлашни тўхтатишди», - дея тушунтирди МКҚК детективлар бўлинмаси раҳбари Александр Абакумов «Украинская правда» YouTube канали эфирида.
Бу схеманинг барчаси «Шлагбаум» деб номланди. «Амалда стратегик корхонани бошқариш... расмий амалдорлар томонидан эмас, балки ҳеч қандай расмий ваколатга эга бўлмаган, аммо «назоратчи» ролини ўз зиммасига олган бегона шахслар томонидан амалга оширилган», - дейилади МКҚКнинг шу ҳақдаги матбуот баёнотида.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг таъкидлашича, шу йўл билан олинган маблағларни легаллаштириш - уларни норезидент компаниялар тармоғи орқали ҳисобга олиш ва ювиш билан Киев марказидаги Владимирская кўчасида жойлашган жиноий ташкилотнинг алоҳида офиси шуғулланган.
Эътиборли тафсилот: бу бино Украина хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари, Украина парламентининг собиқ депутати Леонид Деркачнинг ўғли Андрей Деркач оиласига тегишли бўлиб, унинг қизиқишлари доирасига анъанавий равишда Украина атом энергетикаси кирган. Кенг кўламли босқиндан сўнг, у Россия ҳудудига қочиб кетди. 2023 йилда Деркач давлатга хоинликда айбланган, Владимир Зеленский эса ўз фармони билан Деркачни Украина фуқаролигидан маҳрум қилган эди. Ўтган йили Деркач Россияда сенатор, Астрахан вилояти вакили бўлди.
МКҚКнинг таъкидлашича, шу тариқа ювилган маблағлар Украинадан ташқарида, жумладан, Россия ҳудудида нақд пулга айлантирилган.
«Жиноий уюшма аъзоси бўлмаган шахсларга хизмат кўрсатиш учун офис ўтказилган суммадан фоиз кўринишида тўлов олган. Жами «пул ювиш хонаси» орқали тахминан 100 миллион АҚШ доллари ўтган», - дейилади идора хабарида.
«Карлсон», «Решик», «Цукерман» ва «Че Гевара»
МКҚК маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ фаолиятини тергов қилиш — «Мидас» операцияси 15 ой давом этган, натижада детективлар ушбу иш иштирокчиларининг суҳбатларини минглаб соат давомида тинглаш имконига эга бўлган.
Ушбу ёзувларнинг парчалари 10 ноябр, душанба куни МКҚК томонидан очиқ эълон қилина бошланди. Шу куни 70 га яқин тинтув ўтказилгани, жумладан, «Энергоатом» офисида ва собиқ энергетика вазири, ҳозирги адлия вазири Герман Галушченконинг уйида тинтув ўтказилгани маълум бўлди. Ёзувларни эълон қилиш 11 ноябр куни давом этди ва бундан кейин ҳам давом этиши кутилмоқда.
МКҚК томонидан эълон қилинган ёзувларда одамлар, эҳтимол, махфийлик мақсадида бир-бирларини тахаллуслар билан атайдилар, баъзан ҳақиқий исмлардан фойдаланадилар ва жиноий фаолиятнинг турли жиҳатларини муҳокама қиладилар.
Парчалардан бирида «Шлагбаум» схемаси доирасида контрагентлардан маблағ йиғиш учун масъул бўлган «Рокет» (МКҚК версиясига кўра - Энергетика вазирининг собиқ маслаҳатчиси Игор Миронюк) ва «Тенор» («Энергоатом»нинг хавфсизлик бўйича директори Дмитрий Басов) тушунмовчи пудратчиларга босим ўтказиш усулларини муҳокама қилмоқда. Айтишларича, агар корхона «откат» тўламаса, уни «Энергоатом»нинг контрагенти мақомидан маҳрум қилиш керак - шунда унинг барча ходимлари «армияга олинади».
Бошқа ёзувда улар Энергетика вазирлиги ва «Энергоатом» раҳбарларининг эҳтимолий ўзгариши туфайли «откат» миқдорини оширишни муҳокама қилмоқдалар.
Учинчисида — Украинанинг собиқ бош вазир ўринбосари Алексей Чернишов («Че Гевара») Цукерман («Шугармен») билан ўзига тегишли нақд пулни қандай қилиб яширин офисдан олиши мумкинлигини муҳокама қилмоқда.
Тўртинчи лавҳада «Решик» лақабли яширин офиснинг бухгалтери кўчада 1,6 миллион доллар нақд пул солинган қутини кўтариб юриш «унчалик ёқимли эмаслигидан» шикоят қилади.
МКҚК детективи Александр Абакумов «Украина ҳақиқати» эфирида «ушбу жиноий ишни тергов қилиш чоғида турли вазиятларда тўрт вазирни қайд этганмиз», - дейди.
11 ноябр куни кечқурун МКҚК собиқ бош вазир ўринбосари Чернишевга ноқонуний бойлик орттиришда гумон қилинаётганини маълум қилди: детективлар унга ва унинг ишончли вакилига (қулоқ солиш ёзувларига кўра - хотинига) 1,2 миллион АҚШ доллари ва деярли 100 минг евро ўтказилганини ҳужжатлаштирган. Чернишов аллақачон НАБУ томонидан очилган яна бир ишнинг иштирокчиси ҳисобланади - бу қурилиш соҳасидаги коррупцияга алоқадор. ОАВ Чернишовни президент Владимир Зеленскийнинг яқин дўсти деб таърифлайди.
Аммо, эҳтимол, «Мидас» операцияси доирасидаги терговнинг энг шов-шувли тафсилоти жиноий ташкилот раҳбари, «таниқли тадбиркор»нинг шахсияти бўлиши мумкин: яширин маълумотларда у «Карлсон» сифатида тилга олинган.
Айнан у жиноий йўл билан қўлга киритилган маблағлар ювиладиган «кир ювиш хонаси» ишини назорат қилган. «Карлсон» Киевдаги Грушевский кўчасидаги уйнинг юқори қаватларидаги квартирадан кимга ва қанча нақд пул бериш ёки ўтказишни белгилаган, шунингдек, ўз манфаатлари - хусусан, энергетика ва мудофаа соҳаларидаги масалаларни ҳал қилиш учун марказий ҳокимият органлари мансабдор шахсларига таъсир кўрсатишни мувофиқлаштирган», - дейилади МКҚКнинг 11 ноябрдаги баёнотида.
Сешанба куни кечқурун Ихтисослаштирилган аксилкоррупсия прокуратураси прокурорлари Украина матбуоти ушбу можаро бошланганидан бери ёзган нарсани тасдиқлади: «Карлсон» тахаллуси ортида 46 ёшли Тимур Миндич яширинган, уни Воладимир Зеленскийнинг бизнес шериги ва дўсти деб аташади. Ва бу ҳолат «Шлагбаум» ишига мутлақо янгича тус беради.
«Ҳаммаси ҳашаматли бўлиши керак»: Тимур Миндич ким ўзи?
Яқиндагина Днепрда унчалик таниқли бўлмаган тадбиркор ҳисобланган Тимур Миндич сўнгги бир-икки йил ичида мамлакатдаги энг нуфузли шахслардан бирига айланди.
Ҳатто, Украинанинг собиқ бош вазири Денис Шмигал ҳукуматининг маълум бир даврида баъзилар бу вазирлар маҳкамасини «Кабминдич» деб аташгача борди — гўёки бу сояда турган шахснинг ҳукумат таркибига таъсири шунчалик кучли эди.
Миндичнинг болалиги ва ёшлиги ҳақида жуда оз маълумот бор: у 1979 йилда Днепропетровскда кейинчалик тадбиркорликка ўтган Михаил ва Стелла Миндичлар оиласида туғилган.
Миндич ҳозирда вафот этган, мода соҳасидаги россиялик тадбиркор, ўтмишда Москва Марказий универмаги фейшн-директори бўлган Алла Вербернинг куёвидир. Вербер куёвини одамларни, байрамларни, тантаналарни ва «ҳаммаси ҳашаматли бўлиши»ни яхши кўрадиган инсон сифатида таърифлаган.
Тимур Миндич ва Алла Вербернинг қизи Екатерина 2010 йилда Исроилда, Йиғи девори яқинида тўй қилишди. Улар байрамга 500 нафар меҳмон таклиф қилишди, тантаналар эса тўрт кун давом этди.
Илгари Миндич олигарх Игор Коломойскийнинг қизи Анжелика билан муносабатда бўлган. «Миндич бир пайтлар қизимнинг номзоди эди, аммо унаштирилмади. Улар ажралишди», - деб айтган эди Коломойский 2019 йилда «Украина ҳақиқати» нашрига.
Коломойский шуҳрати сўнган пайтда, Пётр Порошенко президентлигининг охирида, журналистлар аниқлаганидек, Миндич унинг олдига Исроил ва Швейцарияга бир неча бор борган.
Ўша «Украина ҳақиқати»га берган интервюсида Коломойский Миндични «девелоперлик каби унчалик муҳим бўлмаган лойиҳалардаги бизнес шериги» деб атаган ва айнан Миндич уни бир пайтлар Воладимир Зеленский билан таништирганини таъкидлаган.
Миндичнинг асосий бойлиги
Воладимир Зеленский билан узоқ йиллик ва яқин муносабатлар, эҳтимол, Тимур Миндичнинг асосий бойлигидир. У «Квартал 95» студиясининг ҳаммуассиси ва Зеленский президент бўлишидан анча олдин унинг тижорат директори бўлган.
Миндичнинг Зеленскийга яқинлигини исботлаш учун журналистлар кўпинча кўзга ташланадиган майда-чуйдаларга эътибор қаратишади. Масалан, 2019-йилги президентлик сайловлари кампанияси пайтида ҳозирги президент гиёҳвандликда айбланиб, тақиқланган моддаларга тест топшириш учун клиникага келганида, у Миндич номига рўйхатдан ўтган Мерcедес машинасида келган. 2021 йил январида эса Зеленский айнан Миндичнинг квартирасида туғилган кунини нишонлади: кенг кўламли босқиндан олдин улар Киевдаги Грушевский кўчасидаги бир хил уйда яшаган.
Миндичнинг яна бир эски таниши — бугунги Украинанинг энг қудратли одамларидан бири, президентнинг ўнг қўли ва унинг Офиси раҳбари Андрей Ермак.
«У кино саноати билан шуғулланган, мен ҳам шуғулланаман. Шунинг учун жуда дўстона муносабатларимиз бор. Бўлган, бор ва Худо хоҳласа, бўлади», - деганди Миндич «Схемалар» лойиҳаси журналистларига. Улар уни Украина сиёсий тарихининг қизғин пайтларидан бирида - Олий Рада Игор Коломойскийнинг миллийлаштирилган «Приватбанк» устидан назоратни қайтариб олишига йўл қўймайдиган қонунни қабул қилмоқчи бўлганида президент офиси биноси ёнида учратишган.
Эҳтимол, Миндичнинг бизнес манфаатлари ҳақидаги энг сирли воқеа урушаётган Украинанинг мудофаа саноати билан боғлиқ ва бу прокурорнинг «Карлсон» Украина мудофаа тизимида ҳам ноқонуний бойлик орттирганини айтган гапига янгича қарашга ундайди.
Бу йилнинг август ойида The Kyiv Independent нашри Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши Фире Поинт компанияси фаолиятини у ишлаб чиқарган дронлар нархининг ошиши эҳтимоли ва компаниянинг Мудофаа вазирлиги буюртмаларини бажара олиш қобилияти юзасидан текшираётганини хабар қилди.
Бир нечта дрон моделларидан ташқари, Fire Point Владимир Зеленский Украина томонидан амалга оширилган энг муваффақиятли ишланма деб атаган «Фламинго» қанотли ракеталарини ишлаб чиқаради. Қурол-яроғ ишлаб чиқариш соҳасида сезиларли тажрибага эга бўлмаган компания ўз маҳсулотларига кенг кўламли буюртма олди ва бу соҳа мутахассисларининг қарама-қарши фикрларига сабаб бўлди.
Ўшанда The Kyiv Independent журналистлари манбаларга таяниб, Fire Point’нинг ҳақиқий эгаси айнан Тимур Миндич эканини таъкидлаган эди.
Бироқ, тез орада Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши «Фламинго» ракетаси бўйича тергов олиб бормаётганини маълум қилди ва Fire Point бош конструктори Денис Штилерман ЗН.уа нашрига берган интервюсида 2024 йил баҳорида Миндич ҳақиқатан ҳам компания акциядорлари таркибига кириш истагини билдирганини, аммо «бундан ҳеч нарса чиқмаганини, чунки биз унга рад жавобини берганини» айтди.
Штилерманнинг сўзларига кўра, кейинчалик у Миндич билан «фақат яҳудий бўлгани учунгина учрашган, лекин умуман компания ишлари бўйича эмас». Миндичнинг ўзи Fire Point билан боғлиқ вазиятни шарҳлашдан бош тортди.
Кейин нима бўлади?
Украина ҳукумати вакилларининг «Шлагбаум» схемаси иши бўйича дастлабки изоҳлари анча эҳтиёткорона эди.
«Энергоатом» 10 ноябр куни компания тергов давомида ҳуқуқ-тартибот идораларига кўмаклашаётганини маълум қилди.
Бош вазир Юлия Свириденко ҳукумат процессуал ҳаракатлар натижаларини кутаётганини ва коррупцияга қарши курашувчи органларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Президент девонида аввалига бу ишни алоҳида шарҳлаш заруриятини кўришмади, аммо Воладимир Зеленский анъанавий кечки мурожаатида бу мавзуга ярим дақиқадан сал кўпроқ вақт ажратди.
«Коррупцияга қарши ҳар қандай самарали ҳаракатлар жуда зарур. Жазонинг муқаррарлиги керак. «Энергоатом» ҳозирда Украинага энергия ишлаб чиқаришнинг энг катта улушини таъминламоқда. Компанияда тозалик устувор аҳамиятга эга. [...] Схемаларни тузган ҳар бир киши аниқ процессуал жавобгарликка тортилиши лозим. Ҳукмлар чиқарилиши шарт. Ҳукумат амалдорлари эса МКҚК билан, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда ишлаши ва натижага эришиш учун зарур бўлган барча чораларни кўриши лозим», - деди Зеленский.
Президент ўз нутқида бирорта фамилияни, жумладан, шахсан ўзига яқин ҳисобланган Миндич ва Чернишовни тилга олмади. Буни жанжалнинг биринчи кунида бу фамилиялар фақат манбаларга ҳавола қилинган ҳолда эшитилгани, аммо ҳуқуқ-тартибот ходимларидан эшитилмагани билан изоҳлаш мумкин. 11 ноябр куни «Шлагбаум» иши иштирокчилари анонимликни йўқотгач, Зеленский бу масалага изоҳ бермади - у бу кунни Россия истилосидан озод этилганининг уч йиллиги муносабати билан Херсонда ўтказди.
Ўз навбатида, Юлия Свириденко ҳукумати «Энергоатом» кузатув кенгашининг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш ва компанияни шошилинч тарзда аудитдан ўтказиш, унинг натижаларини эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва коррупцияга қарши курашиш органларига топшириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Бироқ, ҳокимиятнинг кун сайин кучайиб бораётган жанжалга жавобан фақат расмий тадбирлар ва «ҳукмни кутиш» ваъдалари билан чекланиб қолиши эҳтимолдан йироқ.
Биринчидан, МКҚК ўзининг сўнгги сўзини айтмагани аниқ. «Шлагбаум» иши иштирокчиларининг навбатдаги тингловлари якунида детектив Александр Абакумов «Давоми бор» деган умидбахш иборани айтди.
МКҚКнинг ҳар бир кейинги видеолари тобора юқори мартабали шахслар ҳақида маълумотлар бериши туфайли, яқин келажакда амалдаги ҳукуматнинг юқори лавозимли вакиллари иштирокидаги ёзувларни кутиш мумкин.
МКҚКнинг ўзи учун бу максимал таваккалчиликка эга ўйин. Кўплаб оммавий ахборот воситаларининг манбалари июль ойида коррупцияга қарши курашувчи органларнинг мустақиллигини чеклашга уринишнинг сабаби сифатида уларнинг ўз текширувларида Воладимир Зеленскийга шахсан яқин бўлган шахсларга яқинлашганини кўрсатди. Ўшанда овоз чиқариб - тасодифми, йўқми - айнан Чернишов билан Миндичнинг фамилиялари тилга олинган эди.
Коррупцияга қарши фаоллар «Шлагбаум» иши фақат «картон» (яъни, картон бўлакларига ёзилган шиорлар билан) норозилик намойишлари туфайли амалга ошгани, шундан сўнг ҳокимият орқага чекинганини айтганда айнан шуни назарда тутишмоқда.
Эътиборли факт: МКҚК «Мидас» операциясининг якуний босқичида бюронинг барча терговчилари иштирок этганини маълум қилди. Бу иш МКҚК тарихидаги энг муҳим иш бўлиши ва бу ташкилотнинг тақдири унинг натижасига боғлиқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Зеленский ва Ғарб мамлакатлари нима дейди?
Иккинчидан, бугунги вазият Зеленскийдан аниқроқ позиция эгаллашни талаб қилиши мумкин. Прокурорнинг айтишича, айнан президент билан яқин алоқалар Тимур Миндичнинг ноқонуний фаолиятига кўмаклашган омиллардан бири бўлган. Бу гапларнинг ўзи Зеленскийни «можаролардан йироқң туриш имкониятидан маҳрум этади.
Миндич ишида Рустем Умеровнинг номи тилга олиниши — у мудофаа вазири бўлганида ҳеч ким унга босим ўтказмаганини таъкидлашига қарамай - бу жанжалда янги қирраларни очиши мумкин. Агар президентнинг дўсти нафақат энергетикада, балки мудофаа соҳасида, уруш олиб бораётган армияда ҳам ўғирликда айбланаётган бўлса, бу ҳокимият учун умуман ва шахсан президент учун жиддий обрў йўқотишга олиб келиши мумкин.
Кузатувчилар жанжал иштирокчиларини лавозимидан бўшатиш ёки ҳеч бўлмаганда вақтинча четлаштириш масаласини муҳокама қилаётган бир пайтда, ижтимоий тармоқларда Президент девонининг бу воқеага жавоби коррупцияга қарши кураш идораларига янги ҳужум уюштириш бўлишини башорат қилувчи пессимистик фикрлар ҳам етарлича.
Учинчидан, Украинанинг ғарбий ҳамкорлари томонидан содир бўлаётган воқеаларга аниқ муносабат билдирилмагани эътиборга лойиқ. Ахир, уларнинг аралашуви жорий йил ёзида МКҚК ва САП мустақиллигини йўққа чиқариш билан боғлиқ вазиятни «орқага қайтариш»га имкон берган муҳим омил бўлган эди. Ҳозир улар Украина ҳукуматининг ҳаракатларини кутаётганга ўхшайди. Аммо агар бу ҳаракатлар ҳукуматни кенг кўламли коррупцион фирибгарликда гумон қилинаётганларни ҳимоя қилишга уринаётганини кўрсатса, кескин муносабат билдириш узоқ куттирмайди. Бу муносабат ёзда содир бўлганидан ҳам қаттиқроқ бўлиши мумкин.
Тўртинчидан, «Шлагбаум» можароси Россия армиясининг Украина энергетика объектларига шиддатли зарбалари авжига чиққан пайтда юз бермоқда. Ҳозирнинг ўзидаёқ Киев аҳолиси соатлаб электр энергиясиз қолмоқда, экспертлар эса замонавий Украина тарихидаги энг оғир қишни башорат қилмоқда.
Бундай шароитда баъзи шахслар — айниқса президентга яқин одамлар —энергетика соҳасидан иложи борича кўпроқ пул ўғирлаш учун ҳамма нарсани қилгани, кейин эса чет элга чиқиб кетгани ҳақидаги хабарлар (ОАВ манбаларига кўра, Тимур Миндич ва Александр Цукерман буни уддалашган) ижтимоий норозиликка олиб келмаса-да, ҳокимиятга бўлган ишончнинг кескин пасайишига сабаб бўлиши мумкин.
Бундай вазиятни жамият эътиборини бошқа мавзуга буриш ёки ҳукумат назоратидаги Telegram-каналларда қарши тарғибот олиб бориш билан бартараф этиш мумкинлиги даргумон.
Теглар






