add

UNESCO Самарқанддаги конференция учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди

UNESCOнинг 43-сессияси делегациялари Самарқандда яратилган шарт-шароит ва меҳмондўстликни юксак баҳолаб, Ўзбекистонга ва Президент Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорлик изҳор этди.

UNESCO Самарқанддаги конференция учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди

UNESCO Бош конференциясининг 43-сессияси 2025 йил 30 октябрдан 13 ноябргача Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Ташриф буюрган делегациялар Ўзбекистон халқининг самимий меҳмондўстлиги, юқори даражадаги ташкилий тайёргарлик ва барча иштирокчилар учун яратилган қулай инфратузилмани алоҳида эътироф этиб, Ўзбекистон халқи ва Ҳукуматига миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Ахрор Бурханов хабар берди.

Таъкидланишича, делегациялар Ўзбекистон Ҳукумати томонидан барча аъзо давлатлар, кузатувчилар ва ташкилот вакилларининг тўлақонли иштирокини таъминлаш учун кўрилган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолаган. Айни пайтда, улар Президент Шавкат Мирзиёевнинг конференцияга кўрсатган эътибори, ташаббускор қўллаб-қувватлови ва шахсан иштирокини юксак эҳтиром билан тилга олган.

Шунингдек, Ўзбекистон ташкилотлари ва хизматчилари томонидан намоён этилган касбий маҳорат ҳамда фидойилик умумий жараённинг уйғун ва самарали ўтишини таъминлагани қайд этилган. Улар логистика, хавфсизлик, протокол ва маданий дастурни юксак даражада йўлга қўйгани учун мамлакатга алоҳида миннатдорлик билдирган.

«Қадимий цивилизация ва бой маданий мерос юрти бўлган Ўзбекистон ўзининг маданий бойликлари орқали делегациялар ўртасида ўзаро тушуниш ва ҳамжиҳатлик руҳини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшганини таъкидлар экан, Ўзбекистон Республикаси халқи ва Ҳукуматига дўстлик, ўзаро ишонч ва UNESCO билан келгусидаги халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига ишонч руҳидаги мурожаатни йўллайди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда бўлиб ўтган UNESCO конференциясида мисрлик Холид Ал-Анани тўрт йиллик муддатга ташкилотнинг янги бош директори этиб сайланган эди.

Мавзуга оид

UNESCO Самарқанддаги конференция учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди | Vaqt.uz