
Мисрлик Холид Ал-Анани UNESCO'нинг янги раҳбари бўлди
Самарқандда бўлиб ўтган UNESCO конференсиясида мисрлик Холид Ал-Анани тўрт йиллик муддатга ташкилотнинг янги бош директори этиб сайланди. У Одри Азуленинг ўрнини эгаллайди.

Самарқанд шаҳрида ўтаётган UNESCO саммитида ташкилотнинг янги раҳбари аниқланди. Мисрлик олим ва собиқ вазир Холид Аҳмад Ал-Анани 179 овоздан 172 тасини қўлга киритиб, тўрт йиллик муддатга бош директор этиб сайланди. У 15-ноябр куни амалдаги раҳбар Одри Азуленинг ўрнини эгаллайди.
54 ёшли Ал-Анани UNESCO тарихида араб мамлакатидан сайланган илк бош директор ва Африка қитъасидан бу лавозимни эгаллаган иккинчи шахс бўлди. Ундан аввал бу лавозимни сенегаллик Амаду Махтар МЪБоу 1974–1987-йилларда бажарган эди.
Холид Ал-Анани Мисрнинг Ҳелван университетида мисршунослик профессори бўлиб, бу соҳада 30-йилдан зиёд фаолият юритган. У университетда туризм ва меҳмонхона бошқаруви факултетида декан ўринбосари, Очиқ таълим маркази директори ва кафедра мудири лавозимларида ишлаган.
Олим Франсиянинг Монпеле шаҳридаги Пол Валери университетида фалсафа доктори даражасини олган. У шу ерда бир неча бор меҳмон профессор сифатида ҳам дарс берган.
2014–2016-йилларда Миср сивилизатсияси миллий музейини, 2015–2016 йилларда Қоҳирадаги Миср музейини бошқарган. Кейинчалик у 2016–2022-йилларда Мисрнинг қадимий ёдгорликлар ва туризм ишлари бўйича вазири сифатида фаолият кўрсатган. 2024-йилда эса Жаҳон сайёҳлик ташкилоти томонидан маданий туризм бўйича махсус элчи сифатида тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, УНЕСCО Бош конференсиясининг 43-сессияси 30 октябрдан 13 ноябргача Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Бу сессия ташкилот тарихидаги сўнгги 40 йил ичида Париждан ташқарида ўтказилаётган илк анжуман бўлади.





