add

Ургутда маст эркак мактабга бостириб кириб, ўқитувчини калтаклади

30.10.2025 | 17:009082

Воқеа Самарқанд вилоятининг Ургут туманида жойлашган 112-мактабда содир бўлган.

Ургутда маст эркак мактабга бостириб кириб, ўқитувчини калтаклади

Самарқанд вилояти Ургут туманида маст эркак мактабга бостириб кириб, ўқитувчини калтаклади. Бу бўйича Vaqt.uz'га видеомурожаат келиб тушди. Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди.

Маълумотларга кўра, «Ипак йўли» маҳалласида яшовчи У.Ш. исмли фуқаро 27 октабр куни маст ҳолда 112-мактабга кириб, ўқитувчиларни ҳақорат қилган. Мактаб қоровули уни тинчлантиришга уринган. Аммо у бўйсунмасдан педагогларга нисбатан қўпол сўзлар ишлатиб, уларни ҳақоратлаган.

У мактабда математика ўқитувчиси С.Т.ни ҳақоратлаб, ҳатто унга қўл кўтарган. Бу ҳолатни кўриб, жанжалга аралашган мактаб психологи И.И. ҳам калтакланган. Бошқа ўқитувчилар уларни тўхтатиб, эркакни мактабдан чиқариб юборишган.

Аммо орадан кўп ўтмай, эркак ўғли А.Ҳ. ва жияни Ш.Ҳ. билан бирга психологдан ўч олиш мақсадида унинг уйига бориб, дарвозани тепган ва пичоқ билан оиласини қўрқитган. Психологни уйидан топа олишмагач, яна мактабга қайтиб, И.И.ни иш жойида калтаклашган. Натижада психолог оғир тан жароҳати олган.

Гувоҳларнинг айтишича, воқеа пайтида мактабда қўрқув ва ваҳима юзага келган. Жабрланган психолог «тез ёрдам» машинасида шифохонага олиб кетилган. Шифокорлар унинг бурун суяги синганини ва танасида бошқа жароҳатлар борлигини тасдиқлашган.

Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса юз бергандан сўнг мактаб маъмурияти туман ички ишлар бўлимига дарҳол хабар берган. Шунингдек, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ўқитувчининг аҳволидан хабар олиш мақсадида тиббиёт бирлашмасига борган.

«Айни пайтда ўқитувчининг умумий аҳволи яхши. Ушбу ҳолат Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан назоратга олинган. Ҳолат бўйича ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли суриштирув ишлари олиб борилмоқда.», — дейилади бошқарма ахборотида.

Айтиш жоизки, кейинги пайтларда Самарқанд вилояти мактабларида шов-шувли ҳолатлар тез-тез кузатилмоқда. Яқинда Ургут туманидаги бошқа бир мактабда 9-синф ўқувчи қизлар ўртасида жанжал содир бўлгани хабар қилинган эди. Бу ҳолат бўйича ҳам ота-оналарга нисбатан маъмурий чоралар кўрилган.

Теглар

Мавзуга оид

Ургутда маст эркак мактабга бостириб кириб, ўқитувчини калтаклади | Vaqt.uz