Уруш қайси иқтисодиётларга энг кўп зарар келтиради?

Эрондаги урушнинг узоқ давом этиши энергия таъминотида мисли кўрилмаган инқирозни келтириб чиқариши мумкин. Бу эса охир-оқибат глобал иқтисодиётнинг ҳар бир бурчагига таъсир қилади.

Уруш қайси иқтисодиётларга энг кўп зарар келтиради?

Бироқ ҳозирнинг ўзидаёқ аниқки, баъзи мамлакатлар бу таъсирга кўпроқ дуч келади ёки уни енгиш имконияти камроқ. «Reuters» кузатиш керак бўлган иқтисодиётлар келтирган.

rasm

G7 йирик иқтисодиётлари

Аввало Европага назар ташлаш керак. Эрон билан боғлиқ янги энергия шоки минтақа учун Россиянинг Украинага босқинидан тўрт йил аввалги оғриқли хотираларни қайта уйғотади. Бу импортга боғлиқликни яққол кўрсатди ва инфляцияни икки рақамли даражага чиқарди.

Германия – Саноатга таянган бу иқтисодиёт қиммат энергиядан кўпроқ зарар кўради. Ишлаб чиқариш сектори фаолияти 2022-йилдан бери биринчи марта қисқаришдан тўхтаган. Экспортчи сифатида Германия глобал иқтисодий пасайишга ҳам сезгир.

Ўтган йили эълон қилинган катта стимул дастури таъсирни юмшатади, аммо бюджетдаги танқислик сабаб қўшимча ёрдам имконияти чекланган.

Италия – Йирик ишлаб чиқариш секторига эга. Шунингдек, нефт ва газ Европада бирламчи энергия истеъмолида энг юқори улушга эга.

Британия – Электр ишлаб чиқаришда газга бошқа йирик Европа иқтисодиётларига қараганда кўпроқ боғлиқ. Газ нархи кўпинча электр нархини белгилайди ва улар уруш бошланганидан бери нефтдан тезроқ кўтарилмоқда.

Энергия нархига қўйилган чек инфляцияни дастлаб юмшатади. Лекин бу фоиз ставкаларининг ошишига олиб келиши мумкин, шу сабаб Британия ишсизлик ўсиб бораётган пайтда G7 ичида энг юқори қарз олиш харажатларига эга бўлиб қолиши мумкин. Бюджет босими ва облигация бозоридаги босим ҳукуматнинг бизнес ва аҳолига ёрдам имкониятини чеклайди.

Япония – Жуда катта даражада хавф остида, нефтнинг тахминан 95 фоизини Яқин Шарқдан олади ва унинг деярли 90 фоизи Ҳўрмуз бўғози орқали ўтади.

Бу ҳолат заиф иена сабабли аллақачон мавжуд инфляцион босимга қўшимча бўлади. Бу эса Япониянинг импортга кучли боғлиқлиги туфайли озиқ-овқат ва кундалик маҳсулотларга ҳам таъсир қилади.

Йирик ривожланаётган иқтисодиётлар

Кўрфаз минтақасининг ўзи ҳам муқаррар равишда тўғридан тўғри иқтисодий зарбани ҳис қилмоқда, баъзи прогнозчилар ҳозирёқ унинг иқтисодиёти бу йил қисқариши мумкинлигини айтмоқда. Бу эса урушдан олдин кутилаётган барқарор ўсиш прогнозларини орқага сурмоқда.

Нефт ва газ нархларининг кескин ошиши, агар Ҳўрмуз бўғозининг амалда ёпилиши туфайли Кувайт, Қатар ва Баҳрайн каби мамлакатлар ўз углеводородларини халқаро бозорларга чиқара олмаса, ҳеч қандай фойда бермайди.

Можаро, шунингдек, пул ўтказмаларига ҳам таъсир қилиши мумкин – чет элда ишлайдиган меҳнат мигрантлари юборган пуллар ҳар йили маҳаллий иқтисодиётларга ўн миллиардлаб доллар киритади.

Ҳиндистон ҳам хавф остидаги йирик иқтисодиётлардан бири. У нефтнинг тахминан 90 фоизини ва суюлтирилган газнинг деярли ярмини импорт қилади, шу нефтнинг ярми ва суюлтирилган газнинг яна катта қисми Ҳўрмуз бўғози орқали ўтади.

Иқтисодчилар мамлакат ўсиш прогнозларини пасайтирмоқда ва рупия тарихий минимал даражага тушган. Ҳиндистонда ресторан ва ошхоналарда иссиқ овқат ва ичимликлар – самоса, доса ва чой каби маҳсулотлар ҳам менюдан йўқолмоқда, чунки газ нархларининг ошиши норасмий меъёрлаштиришга олиб келмоқда.

Туркия – Эрон билан чегарадош бўлгани учун мумкин бўлган қочқинлар оқими ва геосиёсий ноаниқликка тайёрланмоқда. Иқтисодий таъсир асосан марказий банкка тегмоқда.

У инфляция инқирозларини яна эсламоқда. Фоиз ставкаларини тушириш цикли бир йил ичида иккинчи марта тўхтатилган ва валюта курсини қўллаб-қувватлаш учун 23 миллиард долларгача олтин-валюта захиралари сотилган.

Заиф давлатлар гуруҳи

Шунингдек, охирги йилларда иқтисодий инқирозни бошдан кечирган ёки унга жуда яқин турган бир нечта мамлакатлар алоҳида хавф остида ҳисобланади.

Шри-Ланкада яқинда энергия харажатларини чеклаш мақсадида давлат сектори ходимлари учун ҳар чоршанба дам олиш куни қилиб белгиланган. Мактаблар, университетлар ва давлат муассасалари ёпилмоқда, муҳим бўлмаган жамоат транспорти тўхтатилган, ҳайдовчилар эса ёқилғи харидини чекловчи Миллий Ёқилғи Пасс тизимида рўйхатдан ўтиши шарт.

Покистон икки йил олдин инқироз ёқасига келиб қолган эди ва ҳозир бензин нархларини оширган, мактабларни икки ҳафтага ёпган. Ҳукумат идораларида ёқилғи меъёрлари ярмига камайтирилган, янги кондиционер ва мебел сотиб олиш тақиқланган, хизмат машиналаридан фойдаланиш ҳам қисқартирилган.

Миср эса ёқилғи ва асосий озиқ-овқат нархларининг кескин ошиши билан бирга Сувайш канали ва туризм даромадларининг пасайиши хавфига дуч келмоқда. Туризм ўтган йили иқтисодиётга деярли 20 миллиард доллар киритган. Шунингдек, қарзларни қайтариш қийинлашган, чунки қарзларнинг катта қисми АҚШ долларида. Уруш бошланганидан бери ўз валютаси деярли 9 фоиз қиймат йўқотган.

Теглар

Мавзуга оид

Уруш қайси иқтисодиётларга энг кўп зарар келтиради? | Vaqt.uz