add

UzAuto Motors дивиденд тўламоқчи — фонд бозори янгиликлари

05.11.2025 | 18:0011054 дақиқа

UzAuto Motors кузатув кенгаши ҳар бир акция учун 4 642 сўм дивиденд тўлашни тавсия қилди. Компания акциялари (UZMT) биржа индекслари таркибига киради ва юқори ликвидликка эга.

UzAuto Motors дивиденд тўламоқчи — фонд бозори янгиликлари

Акциядорларнинг навбатдан ташқари йиғилиши 24 ноябр куни бўлиб ўтади ва якуний қарор айнан ўша куни қабул қилинади. Дивиденд бўйича асосий фактлар қуйидагича:

  • Дивиденд миқдори: 4 642 сўм ҳар бир оддий акция учун

  • Даромадлилик: 8,9 фоиз (жорий бозор нархига нисбатан)

  • Охирги сотиб олиш санаси: 14 ноябр (Т+2 ҳисобга олинган ҳолда)

  • Ex-дивиденд санаси: 17 ноябр (тахминий)

  • Реестр санаси: 18 ноябр

  • Акциядорлар йиғилиши: 24 ноябр, соат 15:00 (онлайн, evote.uz орқали)

UzAuto Motorsнинг 8,9  дивиденд даромадлилиги 9 ойлик давр учун бир марталик тўлов ҳисобланади. Бу йиллик ставка эмас. Таққослаш учун, банк депозитлари 19,8 фоиз ўртача йиллик ставка (жисмоний шахслар учун 21,4 фоиз) таклиф қилади.

Дивидендлар бўйича солиқ 5 фоиз, депозит даромадидаги 12 фоиздан паст. Реал даромад эса депозитда инфляцияни (8 фоиз) ҳисобга олган ҳолда 13,4 фоиз. Демак, UzAuto Motors дивиденди банклардан пастроқ, лекин солиқ афзаллиги ва акция нархининг ўсиш потенциали буни қоплаши мумкин.

UzAuto Motors Ўзбекистон фонд бозоридаги энг йирик эмитентлардан бири. Компания акциялари (UZMT) биржа индекслари таркибига киради ва юқори ликвидликка эга.

 

UzAuto Motors дивиденд сиёсатини яхшиламоқда

Бу янги корпоратив стратегиянинг белгиси бўлиши мумкин. Агар дивиденд тўланиши тасдиқланса, бу икки жиҳатдан таъсир қилади. Қисқа муддатда, 14 ноябргача акцияларга талаб ошиши мумкин, инвесторлар дивидендга «улгуриб қолиш» учун сотиб олишади. Лекин 17-ноябрдан кейин (Ex-дивиденд санасидан сўнг) нарх тузатиш ўтказади, чунки янги харидорлар дивиденд олишмайди.

Узоқ муддатда, агар компания мунтазам дивиденд тўласа, бу инвесторлар ишончини мустаҳкамлайди. Аммо бир марталик тўлов бўлса, бозор бунга эҳтиёткорлик билан қараши мумкин.

Яна бир фарқли жиҳат: UzAuto Motors йиллик эмас, 9 ойлик натижалар асосида дивиденд тўламоқда. Бу ноодатий ҳолат, чунки кўпчилик компаниялар йил якунида тўлайди.

Бунга эҳтимол бир неча сабаб бўлиши мумкин. Компания молиявий ҳолатини яхшилашни истайди. Агар нақд пул оқими юқори бўлса ва капитал харажатлар режалаштирилмаган бўлса, фойда акциядорларга қайтарилади. Дивиденд эълон қилиш, «биз барқарормиз ва пул оқимимиз кучли», деган сигнал. Бу инвестор ишончини оширади. UZMT сўнгги ойлар давомида 52-53 минг сўм атрофида савдо қилмоқда. Дивиденд нарх барқарорлигини сақлаб қолишга ёрдам беради.

 

UzAuto акциядори бўлмоқчи бўлсангиз…

Агар сиз дивиденд олишни истасангиз, 14 ноябргача акция сотиб олишингиз керак (Т+2 ҳисоб-китоб тизими). 18 ноябр ҳолатига тузилган реустрда бўлишингиз зарур. Аммо эсда тутингки, дивиденд бўйича 5 фоиз солиқ тўланади.

Ex-дивиденд санасидан кейин (17 ноябр атрофида) сотиб олиш мантиқийроқ. Одатда, акция нархи дивиденд миқдорига тенг ёки яқин даражада тузатиш ўтказади. Агар акция 52 300 сўмдан савдо қилинса, 17-18 ноябрда тахминан 47 658 сўм атрофида бўлиши кутилмоқда (52 300 – 4 642). Бу эса камроқ нархда кириш имконияти беради.

Агар сиз узоқ муддатли инвестор бўлсангиз, дивиденд яхши, лекин асосий савол: компания келажакда қандай ўсади?

UzAuto Motors автомобил бозоридаги лидер, лекин рақобат пайдо бўлмоқда. Янги завод қувватлари, экспорт ҳажми ва технологик янгиланиш, булар акция нархининг келажакдаги ҳаракати учун муҳимроқ омиллардир.

Дивиденд тасдиқланмаслиги ҳам мумкин. Чунки кузатув кенгаши ҳозирча шу нархни тавсия қилди, лекин якуний қарор акциядорлар йиғилишида қабул қилинади (24 ноябр). Агар овоз бериш натижасида рад этилса, бозор салбий реакция кўрсатиши мумкин. Нарх тузатиши кутилганидан чуқурроқ бўлиши мумкин.

Ex-дивиденд санасидан кейин акция нархи табиий равишда дивиденд миқдорига тенг даражада пасаяди (тахминан 47 658 сўмгача). Аммо агар бозор кайфияти суст бўлса, пасайиш янада кучли бўлиши мумкин. Бунда ликвидлик муаммосини ҳам ҳисобга олиш зарур.

 

Ўзбекистон фонд бозорида умумий савдо ҳажми паст

Агар сиз дивиденд олгандан кейин тез сотмоқчи бўлсангиз, харидор топиш қийин бўлиши мумкин. Бу айниқса қисқа муддатли инвесторлар учун муҳим риск.

UzAuto Motors дивиденди Ўзбекистон бозори учун ижобий сигнал. Бу компания барқарор нақд пул оқимига эга эканлигини ва акциядорларга қиймат қайтараётганини кўрсатади. Аммо бу бир марталик тўлов ёки доимий сиёсатми, буниси ҳам ҳали номаълум.

Агар компания келгусида ҳам мунтазам дивиденд тўласа, UZMT узоқ муддатли инвесторлар учун жозибадор бўлади. Акс ҳолда, бу фақат қисқа муддатли жонланиш бўлиб қолади. Асосий тавсия сифатида айтиш мумкинки, дивиденд олиш учун шошилманг. 14 ноябргача сотиб олиш имконияти бор, аммо 17-ноябрдан кейин нарх тахминан 47 658 сўмгача тузатиш ўтказиши кутилмоқда. Агар сиз узоқ муддатли ўсишни кутаётган бўлсангиз, тузатишни кутинг ва кейин кириш янада фойдали бўлади.

Эсда тутинг! Бу таҳлил молиявий маслаҳат эмас. Ҳар қандай инвестиция қарорини қабул қилишдан олдин ўз таҳлил ва рискларингизни бир қур баҳолашдан ўтказинг.

Г.Бозорова тайёрлади.

Теглар

Мавзуга оид