Logo

UzPost атрофидаги жумбоқ: «Ўзбекистон почтаси» ёпиқ қарор билан «Wildberries»га бошқарувга берилдими?

2025-йилда «Ўзбекистон почтаси»нинг давлат улуши Россия компаниясига сотилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Давактив раҳбари ишончли бошқарув шартномаси йўқлигини айтган бўлса-да, эълон қилинган ҳужжатда бундай шартномага ҳавола бор.

UzPost атрофидаги жумбоқ: «Ўзбекистон почтаси» ёпиқ қарор билан «Wildberries»га бошқарувга берилдими?

«Ўзбекистон почтаси»нинг хусусийлаштирилиши, давлат акцияларини бошқариш тартиби ва компания атрофидаги қарорлар сўнгги вақтларда кўплаб саволларни юзага келтирмоқда. 2025-йилда унинг давлат улуши сотилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган бўлса, 2026-йилда кузатув кенгаши таркибидаги ўзгаришлар ва йирик молиялаштириш таклифлари яна эътиборни тортди.

Давактив раҳбарининг ишончли бошқарув шартномаси йўқлиги ҳақидаги баёнотидан кўп ўтмай, эълон қилинган ҳужжатда айнан шундай шартномага ҳавола қилиниши эса вазиятни янада мураккаблаштирди. 

Vaqt.uz бу воқеалар қандай кечгани, UzPost’ни бошқариш ваколати кимда экани ва компаниянинг молиявий истиқболи билан боғлиқ маълумотларни жамлади.

Давактив раҳбари нима деди, ҳужжатда нима ёзилган?

8-октябр куни Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов иштирокидаги матбуот анжуманида «Ўзбекистон почтаси»нинг давлат акциялари пакети ёпиқ қарор билан «WB INT EXPORT» МЧЖга ишончли бошқарувга берилгани ҳақидаги маълумотлар юзасидан савол берилди.

Ўшанда Давактив раҳбари: «Бугунги кунда ишончли бошқарув шартномаси йўқ!» — деб жавоб берди.

Бироқ 11-октябр куни «КорпИнфо» Telegram каналида «Ўзбекистон почтаси» АЖ акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши баённомасидан кўчирма эълон қилинди. Ҳужжат 2026-йил 21-сентябрда ўтказилган йиғилишга тегишли бўлиб, унда 2025-йил 30-декабрдаги 01/3-94-сонли ишончли бошқарув шартномасига бир неча бор ҳавола қилинган.

1

Манба: KorpInfo

Баённомада «WB INT EXPORT» МЧЖ «Ўзбекистон почтаси»нинг давлат акциялари пакетини ишончли бошқарувчи сифатида акциядорнинг барча ҳуқуқларига эга экани қайд этилган. Ҳужжатда бу ваколатлар «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 65-моддаси ҳамда ишончли бошқарув шартномаси билан асосланган.

Шунингдек, баённомада шартноманинг 6.1-бандига мувофиқ, «WB INT EXPORT» МЧЖ томонидан 2026-йил 31-мартдаги хат билан беш номзодни кузатув кенгаши таркибига сайлаш таклиф қилингани кўрсатилган. Давактив томонидан илгари таклиф этилган тўрт нафар кузатув кенгаши аъзосини қайта сайлаш масаласи ҳам баённомада қайд этилган.

Бундан ташқари, ҳужжатда «WB INT EXPORT» МЧЖнинг 2026-йил 11-августдаги ДДУ-8-сон хати тилга олинади. Унда компания акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш ва кун тартибига кузатув кенгашининг янги таркибини сайлаш масаласини киритишни талаб қилган.

Шундай қилиб, эълон қилинган баённомада ишончли бошқарув шартномасининг санаси ва рақами, унинг муайян банди ҳамда шу шартномага асосланган ҳаракатлар аниқ кўрсатилган. Бу маълумотлар Давактив раҳбарининг 8-октябрдаги баёноти билан бир-бирига мос келмайди.

Ҳозирча асосий савол очиқ қолмоқда: агар баённомада 2025-йил 30-декабрдаги ишончли бошқарув шартномаси асосида «WB INT EXPORT» МЧЖга акциядорнинг барча ҳуқуқлари берилгани ёзилган бўлса, Давактив раҳбари нима учун 8-октябр куни бундай шартнома йўқлигини айтган?

Ҳолат юзасидан Vaqt.uz Давактивга расмий сўров юборди. Унда 2025-йил 30-декабрдаги ишончли бошқарув шартномасининг мавжудлиги ва ҳуқуқий мақоми, шунингдек, «WB INT EXPORT» МЧЖга давлат акциялари пакетини бошқариш ваколати қайси асосда берилгани юзасидан изоҳ сўралди.

UzPost кузатув кенгашининг 9 аъзосидан 5 нафари WB билан боғлиқ

«Ўзбекистон почтаси» акциядорлари кузатув кенгашининг янги таркибини уч йил муддатга сайлади. Ягона корпоратив ахборот порталида эълон қилинган маълумотларга кўра, тўққиз кишидан иборат кенгашнинг беш аъзоси «Wildberries & Russ» (RVB) бирлашган компанияси билан боғлиқ корхоналарда ишлайди.

UzPost акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши 2026-йил 21-сентябрда бўлиб ўтган. Йиғилишда кворум 93,69 фоизни ташкил этган. Баённома 30-сентябрда расмийлаштирилган, тегишли маълумот эса 2-октябр куни Ягона корпоратив ахборот порталида эълон қилинган. Йиғилишда кузатув кенгашининг аввалги таркиби ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги қарор барча овоз берган акциядорлар томонидан қўллаб-қувватланган.

Янги кузатув кенгашига «WB INT EXPORT» бош директори Акмал Примқулов, RVB инвестициялар ва назорат департаменти директори Евгений Митин, RVB юридик департаменти директори ўринбосари Эмил Ҳасянов, RVB молиявий директори Павел Логунов ҳамда WB Банкнинг минтақавий ривожланишни бошқариш департаменти директори Александра Хмелева киритилган.

Қолган тўрт ўринни Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос, Ҳисоб палатаси мутахассиси Шаҳзод Ўсаров, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Музаффар Остонақулов ҳамда мустақил аъзо Рожер Крук (Roger Crook) эгаллаган.

Шундай қилиб, янги кузатув кенгашидаги тўққиз ўриндан бештаси RVB билан боғлиқ корхоналарда ишлайдиган вакилларга тегишли.

2

Манба: OpenInfo

100 млрд сўмлик кредит ўрнига 360 млрд сўмлик фоизсиз қарз

«WB INT EXPORT»дан 100 млрд сўм миқдорида қарз жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Таклифга кўра, маблағ Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси — йиллик 14 фоизда жалб қилиниши ва тасдиқланган жадвал асосида қайтарилиши керак эди.

Бироқ акциядорлар мазкур масала бўйича қарор қабул қилмаган. Корпоратив ахборот порталида эълон қилинган маълумотларга кўра, овоз берган акциядорларнинг 100 фоизи бетараф қолган. Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳам 100 млрд сўмлик қарз амалда олингани ҳақидаги хабарларни рад этган. Агентлик изоҳига кўра, фоиз ставкаси, қарз миқдори ва уни қайтариш жадвали бўйича якуний келишувга эришилмагани сабабли 2026-йил 21-сентябрдаги йиғилишда қарз олиш тўғрисида қарор қабул қилинмаган.

Матбуот анжуманида Давактив директори Соҳибжон Муродов UzPost учун «Wildberries» томонидан 360 млрд сўмгача фоизсиз кредит линияси очилиши мумкинлигини маълум қилди. Унинг тушунтиришича, бу компания бирданига 360 млрд сўм қарз олади дегани эмас: маблағ заруратга қараб босқичма-босқич жалб қилиниши ёки умуман ишлатилмаслиги мумкин.

Муродовнинг сўзларига кўра, ҳозирча дастлабки келишувларга эришилган, бироқ расмий келишув имзоланмаган. Жалб қилинадиган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган харидлар ва харажатлар самарадорлиги алоҳида баҳоланиши режалаштирилган.

Тушум камайган, модернизация учун 300 млрд сўмдан ортиқ маблағ керак

Давактив маълумотига кўра, сўнгги уч йилда UzPost’нинг ўртача соф фойдаси 800 млн сўмни, рентабеллик даражаси эса 0,2 фоизни ташкил этган.

2026-йилнинг биринчи ярмида компания тушуми 313,6 млрд сўм бўлган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17 фоиз кам.

Давактив тушум камайишига таъсир қилган омиллардан бири сифатида 2026-йил 16-майдан йўл ҳаракати қоидабузарликлари ҳақидаги қарорларни почта орқали етказиб бериш хизмати тўхтатилганини кўрсатган. Агентлик ҳисоб-китобига кўра, ушбу хизматнинг тўхтатилиши оқибатида компания йил якунигача 1,7 млрд сўм зарар кўриши мумкин. UzPost’нинг банклардан қарздорлиги эса 45,3 млрд сўмни ташкил этади.

Давактив электрон тижоратнинг тез ривожланиши почта инфратузилмасини тубдан модернизация қилишни талаб этаётганини қайд этган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бунинг учун 300 млрд сўмдан ортиқ маблағ зарур.

Ушбу маблағларни юк ва электротранспорт харид қилиш, саралаш марказлари ҳамда IT инфратузилмасини янгилаш, почтоматлар (буюртмаларни сақлаш ва олиш қурилмаси) сонини кўпайтириш ва почта объектларини таъмирлашга йўналтириш режалаштирилмоқда.

UzPost билан боғлиқ муҳокамалар 2025-йилда бошланган

«Ўзбекистон почтаси»нинг давлат улушини сотиш эҳтимоли ҳақидаги хабарлар 2025-йил октябр ойида кенг муҳокама қилинди. Ўша пайтда ОАВда давлат улушининг эҳтимолий харидори сифатида Россиянинг «Wildberries» маркетплейси тилга олинди. Кейинчалик РБК ва бир нечта ўзбек ОАВлари томонидан почтанинг хусусийлаштирилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди, бироқ акциялар «Wildberries»га сотилгани ҳақида расмий тасдиқ берилмади.

Аслида, UzPost акцияларини хусусийлаштириш масаласи бундан олдинроқ кун тартибига чиққанди. Хусусийлаштириш дастури доирасида компания акцияларининг 29,4 фоизини очиқ савдога чиқариш режалаштирилган. 2025-йил давомида эса компаниянинг акциядорлик тузилмаси ва давлат улушини бошқариш билан боғлиқ ўзгаришлар юз берди.

Жумладан, июн ойида UzPost’нинг аффилланган шахслар рўйхати ўзгарди. Ундан «Алоқабанк», Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда унга алоқадор айрим юридик шахслар чиқарилди. Рўйхатга Давлат активларини бошқариш агентлиги, унга тегишли юридик шахслар ва Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси киритилди.

3

Манба: OpenInfo

2025-йилнинг сентябрида эса аввал Миллий инвестиция жамғармасига ўтказилиши режалаштирилган 25 фоизлик улуш Давактив ихтиёрига ўтказилди. Шу билан бирга, Тошкент шаҳридаги 50 та почта алоқаси биноси UzPost балансига ўтказилиб, компаниянинг устав капитали оширилгани ҳақида ҳам хабарлар берилди.

Компаниянинг молиявий натижалари ҳам эътиборга молик. UzPost 2023-йилни 809,7 млн сўм соф фойда билан якунлаган. 2024-йилда тушум 603,5 млрд сўмга, соф фойда эса 843,9 млн сўмга етган.

Хусусийлаштириш ҳақидаги хабарлар фонида UzPost инвесторларни жалб қилиш режалари борлигини ҳам билдирган. Компания электрон тижорат ривожланиши ва анъанавий почта хизматларига талаб камайиши шароитида хизматларни диверсификация қилиш, технологик имкониятларни кенгайтириш зарурлигини қайд этган.

2025-йил 20-октябрда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Давактивдан UzPost’нинг давлат улушига оид эҳтимолий савдоларда очиқлик ва шаффофликни таъминлашни сўраган.

Uzum ҳам UzPost’ни хусусийлаштиришга қизиқиш билдирган

2025-йил октябр ойида «Ўзбекистон почтаси»нинг хусусийлаштирилиши муҳокама қилинаётган пайтда, компанияга Uzum ҳам қизиқиш билдирганди.

13-октябр куни маркетплейс почта операторига сармоя киритишга тайёрлигини маълум қилди. Uzum асосчиси ва бош директори Жасур Жумаевнинг айтишича, компания 2026-йилда мамлакат бўйлаб ҳамкор буюртма топшириш пунктлари сонини 1 000 тадан оширишни, Uzum Market буюртмаларининг 10 фоизигача бўлган қисмини эса почта инфратузилмаси орқали етказишни режалаштирган.

Жумаев, шунингдек, Uzum келгуси 3–4 йил ичида Ўзбекистонга 1,5 млрд доллардан ортиқ сармоя киритишни кўзлаётганини билдирган. Бу режалар доирасида почта оператори билан ҳамкорликда логистика инфратузилмасини ривожлантириш ҳам назарда тутилган.

Орадан бир кун ўтиб, 14-октябрда Uzum «Ўзбекистон почтаси»ни хусусийлаштириш бўйича савдоларда иштирок этиш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига расмий ариза юборганини маълум қилганди.

«Wildberries» атрофидаги можаролар

«Wildberries» сўнгги йилларда Россияда энг кўп муҳокама қилинган хусусий компаниялардан бирига айланди. Компания атрофидаги тортишувлар, ички можаролар ва сиёсий таъсирлар унинг Ўзбекистондаги эҳтимолий фаолияти ҳақида ҳам турли саволларни пайдо қилмоқда. 2024-йилнинг ёзида «Wildberries» мамлакатдаги йирик ташқи реклама оператори «Russ Outdoor» билан бирлашганини эълон қилди.

Маълумотларга кўра, бу қадам маркетинг ва реклама инфратузилмасини бирлаштириш, логистик занжирни кенгайтириш мақсадида қилинган. Аммо бирлашув ортида катта оилавий ва сиёсий драма яширилгани маълум бўлди. «Forbes» нашрининг ёзишича, компания асосчиси Татяна Бакалчук ва унинг турмуш ўртоғи Владислав Бакалчук ўртасидаги келишмовчиликлар жамоатчилик муҳокамасига айланди.

Владислав Бакалчук бирлашув жараёни унинг розилигисиз амалга оширилганини айтди, шундан сўнг Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров вазиятга шахсан аралашиб, оилавий масала ҳақидаги видеомурожаат билан чиқди. Қодиров бу ишга кавказликлар аралашганини таъкидлаб, Татяна Бакалчукни «турмуш ўртоғини четлатганликда» айблади. Шу тариқа корпоратив келишув шахсий можарога айланди. Бирлашув натижасида «Wildberries» компаниясида улушлар шундай тақсимланди:

  • «Wildberries» — 65 фоиз;

  • «Russ Outdoor» — 35 фоиз.

Бу ҳолат кўплаб таҳлилчилар томонидан Russ орқали компанияни босқичма-босқич «назоратга олиш уриниши» деб баҳоланди.

Кейинчалик бир қатор юқори лавозимдаги ходимлар ишдан бўшатилди, уларнинг ўрнига Russ’дан келган шахслар тайинланди. Юридик жиҳатдан эса, агар Бакалчуклар ўртасида никоҳ шартномаси бўлмаган бўлса, «Wildberries» улушлари бўлиниши мумкинлиги айтилди — бу эса компаниянинг мулкдорлик тузилиши ва бошқарув барқарорлигига жиддий хавф солди.

Шу воқеалардан сўнг «Wildberries» Россияда йилнинг энг можароли компанияси сифатида тилга олина бошлади. Айрим экспертлар унинг корпоратив маданияти ва ишчилар билан муносабатларини танқид қилди, айримлари эса компаниянинг рақобатбардош логистика тизими ва фаол инвестиция сиёсатига эътибор қаратди.

Шунинг учун ҳам «Wildberries»нинг Ўзбекистонда UzPost хусусийлаштирилиши жараёнида иштирок этиши тўғрисидаги маълумотлар нафақат иқтисодий, балки сиёсий-ижтимоий баҳсларга сабаб бўляпти

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 215

Барчаси

Мавзуга оид