Ваколати қисқартирилаётган Марказий банк, камайган олтин-валюта зaxиралари ва Ислом Каримов мажмуасини таъмирлашга 3,4 млрд сўм — 8-апрел дайжести

Кеча 23:113 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ваколати қисқартирилаётган Марказий банк, камайган олтин-валюта зaxиралари ва Ислом Каримов мажмуасини таъмирлашга 3,4 млрд сўм — 8-апрел дайжести

Ўзбекистонда «муҳим тўлов ташкилоти» тушунчаси жорий этилмоқда

Ўзбекистонда «муҳим тўлов ташкилоти» тушунчаси жорий этилмоқда. Сенат маъқуллаган қонунга кўра, тўлов ташкилотлари бозордаги улуши, мижозлар сони ва транзакциялар ҳажмига қараб икки тоифага ажратилади. Йирик компаниялар алоҳида «муҳим тўлов ташкилоти» сифатида белгиланиб, уларга нисбатан кучайтирилган назорат ва талаблар қўлланилади.

Бу ёндашув рискка асосланган назоратни жорий этишга қаратилган бўлиб, кичик тўлов ташкилотлари учун бозорга кириш шартлари енгилроқ сақланади. Ҳозирги кунда бозорда 44 та тўлов ташкилоти фаолият юритиб, улар орқали 333 трлн сўмлик операциялар амалга оширилган. Янги қонун орқали йирик иштирокчилар устидан қатъий назорат ўрнатилиб, бозор барқарорлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Марказий банк ваколати қисқартирилади: устав капитали меъёрлари қонун билан белгиланяпти

Ўзбекистонда тўлов ташкилотлари ва тўлов тизими операторлари устав капитали бўйича меъёрлар қонун даражасида белгиланмоқда. Сенат маъқуллаган қонунга кўра, тўлов тизими операторлари учун энг кам устав капитали 50 млрд сўм, тўлов ташкилотлари учун эса 20 млрд сўм этиб белгиланди. Шу билан бирга, ушбу меъёрларни белгилаш бўйича Марказий банк ваколати бекор қилиниб, талаблар тўғридан-тўғри қонунга киритилди.

Қонунга мувофиқ, лицензия олишдан олдин устав капитали тўлиқ шакллантирилиши шарт. Шунингдек, хорижий инвесторлар улуши 50 фоизгача чекланиб, қолган қисми маҳаллий резидентларга тегишли бўлиши белгиланди. Ушбу ўзгаришлар бозорда давлат назоратини кучайтириш ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган.

Ўзбекистон Яқин Шарқдаги сулҳ келишувини олқишлади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Покистон воситачилигида Яқин Шарқда ўт очишни тўхтатиш бўйича эришилган келишувни олқишлади. Баёнотда бу қадам кескинликни юмшатиш ва сиёсий-дипломатик мулоқотни давом эттириш учун муҳим экани таъкидланиб, барча томонлар вазминликка ва конструктив ҳамкорликка чақирилди. Шунингдек, Ўзбекистон можароларни фақат тинч йўл билан ҳал этиш позициясига содиқ экани яна бир бор қайд этилди.

Маълумотларга кўра, АҚШ ва Эрон икки ҳафталик шартли ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришган. У Покистон воситачилигида амалга оширилган бўлиб, Ҳўрмуз бўғозини вақтинча очиш ва музокараларни давом эттиришни назарда тутади. Шу билан бирга, келишув атрофида ноаниқликлар сақланиб қолмоқда, айрим томонлар позицияси ва амалга кириш вақти ҳали аниқ эмас.

Ўзбекистон олтин-валюта зaxиралари кескин қисқарди

2026 йил март ойида Ўзбекистоннинг халқаро олтин-валюта захиралари 10 фоизга қисқариб, 68,99 млрд долларга тушди. Марказий банк маълумотига кўра, бир ой ичида захиралар 8,09 млрд долларга камайган бўлиб, бу асосан жаҳон бозорида олтин нархининг 5174,1 доллардан 4553,95 долларгача пасайиши билан изоҳланади.

Шу билан бирга, олтин захираларининг физик ҳажми ошган: 0,3 млн трой унцияга кўпайиб, 13,4 млн трой унцияга (416,8 тонна) етган. Валюта захиралари эса 1,26 млрд долларга камайиб, 7,57 млрд долларни ташкил қилди, айни пайтда хорижий активлар ва қимматли қоғозлар ҳажмида айрим ўсишлар қайд этилди.

Ислом Каримов мажмуасини таъмирлашга 3,4 млрд сўм ажратилди

Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасини таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари учун 3 млрд 435 млн сўм ажратилди. Қарор 6 апрель куни шаҳар ҳокими томонидан қабул қилинган бўлиб, маблағлар Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади. Лойиҳани амалга ошириш учун буюртмачи сифатида «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси белгиланган.

Қарорга мувофиқ, компания лойиҳалаш ва қурилиш ишлари учун пудратчиларни аниқлайди, ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши назорат қилинади. Мазкур мажмуа 2017 йилда Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, музей, илмий-тадқиқот маркази, кутубхона ва конференция залини ўз ичига олади.

Теглар

Мавзуга оид