add

Хориждан олиб келинадиган «кўз шох пардаси» биопротезларини қўллаш тартиби белгиланди

26.11.2025 | 11:461581 дақиқа

Адлия вазирлиги рўйхатдан ўтказган низомга кўра, хориждан олиб келинган биопротезлар 12 соат ичида давлат тиббиёт муассасаларига етказилиши шарт.

Хориждан олиб келинадиган «кўз шох пардаси» биопротезларини қўллаш тартиби белгиланди

24 ноябрда Адлия вазирлиги хориждан олиб келинадиган «кўз шох пардаси» биопротезларини тиббиёт муассасаларида қўллаш тартибини белгилаш бўйича низомни рўйхатдан ўтказди.

Унга кўра, трансплантация амалиётида фойдаланиладиган «кўз шох пардаси» биопротезлари фақат Вазирлар Маҳкамасининг 333-сон қарорида кўрсатилган давлат тиббиёт муассасаларида қўлланади.

Ушбу биопротезларини ташишда давлат тиббиёт муассасасининг 1 нафар тиббиёт ходими масъул ҳисобланади. Хориждан олиб келинган биопротезлар 12 соат ичида давлат тиббиёт муассасаларига етказилиши шарт.

Биопротезларни ташиш фақат махсус совитиш ускуналарида (контейнерларда) белгиланган ҳароратда амалга оширилади.

Низомга мувофиқ, биопротезлар давлат тиббиёт муассасаларидаги махсус музлаткичларда 14 кундан ошмаган муддатда сақланади.

Маълумот учун, кўз шох пардаси — кўзнинг олд томонидаги шаффоф тўқима бўлиб, кўриш сифати бевосита шу қисмга боғлиқ. У шикастланса, одам кўриши кескин пасаяди ёки умуман йўқолиши мумкин. Шох парда биопротези — шикастланган шох пардани сунъий ёки биологик материаллар билан алмаштириш учун ишлатиладиган махсус имплант. У кўришни тиклаш, тўқиманинг шакли ва шаффофлигини сақлаш ҳамда кўзни ҳимоя қилиш каби вазифаларни бажаради.

Теглар

Мавзуга оид